Жаҳон | 17:25 / 30.11.2024
1350
2 дақиқада ўқилади

Малайзияда сув тошқинлари 120 мингдан ортиқ одамни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилди

Мамлакат бўйлаб қутқарув хизматларининг минглаб ходимлари жабрланганларга ёрдам кўрсатишга жалб қилинган бўлиб, ҳозирда 679 та вақтинчалик бошпана ташкил этилган.

Фото: AFP

Малайзияда кучли ёғингарчилик туфайли юзага келган сув тошқинлари сабаб бутун мамлакат бўйлаб 122 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди. Шунингдек, табиий офат оқибатида уч киши ҳалок бўлди, деб хабар беради BBC.

Қутқарув хизматлари қурбонлар сони ошиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда, чунки кучли ёғингарчилик ва тўфонлар тўғрисидаги огоҳлантириш ҳамон ўз кучида сақланиб турибди.

Қайд этилишича, қутқарув хизматларининг минглаб ходимлари жабрланганларга ёрдам кўрсатишга жалб қилинган бўлиб, ҳозирда 679 та вақтинчалик бошпана ташкил этилган. Интернетда тарқалдан видеолардан кўриш мумкинки, уйлар ва автомобилларни сув босган, маҳаллий аҳоли эса белигача сувга ботиб ҳаракатланишга мажбур бўлмоқда. Айни вақтга қадар эвакуация қилинганлар сони 2014 йили юз берган табиий офатдаги кўрсаткичдан ошмоқда, ўшанда мамлакатдаги энг кучли сув тошқинларидан бири содир бўлганди.

Ҳафта бошида бошланган сув тошқинлари асосан Таиланд билан чегарада жойлашган Келантан штатига зарар етказган. Табиий офатларга қарши курашиш бўйича миллий агентлик маълумотларига кўра, эвакуация қилинганларнинг 63 фоизи мазкур штат ҳисобига тўғри келади.

Мамлакат бош вазири юзага келган инқирозли вазият туфайли ўз кабинети аъзоларига таътилга чиқишни тақиқлаб, уларга бор эътиборини сув тошқинлари оқибатларини бартараф этишга қаратишни буюрди.

Шу билан бирга, қўшни Таиланднинг олтита провинциясида сув тошқинлари туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинган — у ерда 240 мингдан ортиқ уй хўжаликлари табиий офатдан жабр кўргани айтилмоқда. Одамларни қутқариш учун армия бўлинмалари жалб этилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид