Ўзбекистон | 16:06 / 03.12.2024
2564
2 дақиқада ўқилади

«Маҳалла еттилигига» ижтимоий профилактика билан шуғулланиш юклатилди

Ҳуқуқбузарлик содир этиш ва ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатилади.

Ҳукуматнинг «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, ҳуқуқбузарлик содир этиш ва ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш (ижтимоий-профилактика тадбирлари) бўйича давлат органлари ва ташкилотлари билан электрон ахборот алмашиш тизими йўлга қўйилади.

Ижтимоий-профилактика тадбирлари «маҳалла еттилиги» — маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика инспектори, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори томонидан амалга оширилади.

Уларга бу борада меҳнат органи ходими, тиббиёт ходими, мактаб директори, психологи, инспектор-психолог, шунингдек, ижтимоий профилактика тадбирлари амалга оширилувчи субъектларнинг мурожаатига асосан туман (шаҳар) даражасидаги тегишли давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари кўмаклашади.

Ижтимоий-профилактика тадбирлари қуйидаги шахсларга нисбатан амалга оширилади:

- ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли бўлган шахслар:

- банд бўлмаган, даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз шахслар;

- спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларга қарам бўлиб қолган шахслар;

- қимор ва бошқа таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларга ружу қўйган шахслар

- ғайриижтимоий хулқ-атворли шахслар;

- қаровсиз ва назоратсиз қолган вояга етмаганлар;

- ишсиз ёшлар ва мактаб битирувчилари;

- ажралиш ёқасига келиб қолган ва низоли оилалар;

- ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар;

- мунтазам тазйиқ ва зўравонликка учраб келаётган аёллар;

- тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган шахслар.

Шу билан бирга, ҳуқуқбузарликдан жабрланиш эҳтимоли мумкин бўлган шахслар, яъни парваришга муҳтож ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган ва оғир касалликка чалинган шахсларга нисбатан ҳам ижтимоий-профилактика тадбирлари амалга оширилади.

Мавзуга оид