Жаҳон | 17:47 / 10.12.2024
2959
2 дақиқада ўқилади

Россиядан чиқариб юбориладиган мигрантлар қаерда экани ҳақида яқинларига хабар берилади

Мигрантнинг манзили тўғрисида унинг иш ёки ўқиш жойидаги маъмуриятга, шунингдек, унинг адвокатига, ватанининг дипломатик ваколатхонасига ёки консуллик муассасасига ҳам хабар берилиши мумкин.

Россияда депортациядан олдин махсус муассасаларга жойлаштирилган мигрантларнинг қариндошлари уларнинг қаерда экани ҳақида хабардор қилинади. Бу билан Россия Ички ишлар вазирлиги шуғулланади, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида ҳукуматнинг тегишли қарори эълон қилинди.

Мигрантнинг манзили тўғрисида унинг иш ёки ўқиш жойидаги маъмуриятга, шунингдек, унинг адвокатига, ватанининг дипломатик ваколатхонасига ёки консуллик муассасасига ҳам хабар берилиши мумкин. Чет эл фуқаросининг жойлашган жойи тўғрисидаги маълумотларни қариндошларига билдириш учун махсус муассаса раҳбарига ва унинг ўринбосарига ариза билан мурожаат қилиш керак.

Ҳужжатга кўра, агар чет эл фуқароси Россиядаги боланинг ёки муомалага лаёқатсиз шахснинг ягона қонуний вакили бўлса, Ички ишлар вазирлиги васийлик ва ҳомийлик органларини мигрантнинг манзили тўғрисида хабардор қилади. Агар махсус муассасага жойлаштирилган чет эл фуқароси вояга етмаган бўлса, унинг манзили тўғрисида ота-онаси ёки қонуний вакиллари хабардор қилиниши керак.

Ҳукуматнинг тегишли қарори 2025 йил 5 февралдан кучга киради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид