Жаҳон | 14:30 / 01.01.2025
1675
3 дақиқада ўқилади

Сербияда талабаларнинг норозилик намойишлари бўлиб ўтди

Минглаб намойишчилар Белград ва Сербиянинг яна икки шаҳрида Нови-Сад вокзалида том қулаши ортидан айбдорлар жазоланишини талаб қилиб, намойишга чиқди.

Фото: Djordje Kojadinovic/REUTERS

Минглаб талабалар Белград ва Сербиянинг яна икки шаҳрида Нови-Саддаги темирйўл вокзалида том қулашидан жабр кўрганлар учун адолат талаби билан намойишга чиқди. Dpa ва AFP агентликларининг 1 январ, чоршанба куни хабар беришича, янги йил кечасида қурбонлар хотирасига ўн беш дақиқалик сукут сақлаш акцияси ташкил этилди.

Ташкилотчилар асосан талабалар эди.

Белградда университет талабалари маҳаллий ҳокимият органлари мусиқа ва театр дастурлари билан байрам тадбирлари ташкил этган марказ бўйлаб юриб ўтди. Намойишлар бошланишидан олдин тарқатилган хабарда: «Байрам қиладиган ҳеч нарса йўқ», дейилади.

Мамлакат жануби-шарқидаги Ниш шаҳридаги талабалар ҳам янги йил концертларини тўхтатиш учун юриш қилди. Нови-Садда талабалар намойиши бўлиб ўтди. Талабалар шаҳар ҳокимияти биносига қора лента боғлаб қўйди.

Белградда Нови-Саддаги фожиа туфайли оммавий намойишлар ўтказилди

Сербия пойтахти Белградда 22 декабр куни ўн минглаб одамлар Нови-Сад шаҳридаги темирйўл вокзалида 15 кишининг ўлимига сабаб бўлган томнинг қулаши учун жавобгарлар жазосиз қолаётганидан норозилик билдириш учун намойишга чиқди. 

Талабалар томонидан фожиа қурбонлари хотирасига бағишланган акция Славия майдони, гавжум айланма чорраҳа ҳудудида бўлиб ўтди. 15 дақиқалик сукутдан сўнг йиғилганлар ҳуштак чала бошлади.

Полиция ҳисоб-китобларига кўра, тадбирда 29 минг киши, жумладан, фермерлар, таниқли актёрлар ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан келган аҳоли иштирок этган.

Сербияда темирйўл вокзалида том қулаши оқибатида 15 киши ҳалок бўлди

Сербияда Нови-Сад шаҳридаги темирйўл вокзалида бетон том ёпгичнинг қулаши натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 15 киши ҳалок бўлди, яна 30 киши яраланди, деб хабар берди Сербия Ички ишлар вазирлиги.

Аввалроқ Сербия ички ишлар вазири Ивица Дачич вайроналар остидан саккиз кишининг жасади топилганини маълум қилганди. 

Ҳодиса сабабларига ойдинлик киритилмоқда. Станция ёпиқ. Сербия бош вазири Милош Вучич бу воқеа «Нови-Саднинг урушдан кейинги тарихидаги энг оғир кунлардан бири» эканини айтди. У қулаш сабаблари ўрганилиб, айбдорлар жазоланишига ваъда берганди. Терговга Сербия Бош прокуратураси раҳбарлик қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид