Иқтисодиёт | 17:30
4246
4 дақиқада ўқилади

Рубл курсининг барқарорлашуви. Бунга қайси омиллар таъсир қиляпти?

2025 йилнинг бошидан бери Россия валютаси долларга нисбатан 16,4 фоизга мустаҳкамланди. Бунга асосий сабаб сифатида Россия ва АҚШ ўртасидаги музокараларнинг бошлангани ҳамда хорижий валютага нисбатан талабнинг мавсумий пасайиши каби омиллар келтириляпти. Мутахассислар прогнозларига кўра, йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб яна рубл курсининг заифлашиши бошланади.

Фото: illustrative phto / er.ru

Жорий йил бошидан буён рубл курси сезиларли даражада мустаҳкамланди. Хусусан, январ ойидаги илк савдоларда 1 доллар 102,3 рублни ташкил этган бўлса, 15 март ҳолатига бу кўрсаткич 85,5 рублгача пасайган. Умуман олганда, йил бошидан бери Россия валютаси долларга нисбатан 16,4 фоизга мустаҳкамланди.

Мутахассислар таҳлилларига кўра, бир қанча омиллар рубл курсининг мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этяпти.

Геосиёсий оптимизм. Россия ва АҚШ ўртасидаги музокараларнинг бошланиши, америкаликлар ва Украина расмийлари ўртасидаги можарони ҳал қилиш бўйича алоқалар хорижий инвесторларнинг Россия фонд бозорига капитал киритишини рағбатлантиряпти. Шунингдек, АҚШ Россияга қарши санкцияларни юмшатиш режасини тайёрлаётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.

Россия Марказий банки охирги ҳисоботида ҳам рублнинг мустаҳкамланишига таъсир қилаётган асосий омиллардан бири сифатида геосиёсий кескинликнинг пасайиши бўйича ижобий кутилмалар келтирилган.

Валюта тушумларининг кўпайиши. Феврал ойида Россиянинг энг йирик экспортчиларидан 29 та компаниянинг соф савдоси январ ойига нисбатан 25 фоизга ошган ва 12,4 миллиард долларни ташкил этган. Натижада молия бозорида рубл активларига нисбатан талаб ошган.

Мавсумий талабнинг пасайиши. Market Power лойиҳаси таҳлилчиларининг қайд этишича, биринчи чоракда валютага бўлган талаб ҳам импорт қилувчилар, ҳам аҳоли ўртасида паст бўлади. Бу даврда ташқи қарзни тўлаш учун хорижий валютага бўлган эҳтиёж ҳам йилнинг бошқа даврларига нисбатан камаяди.

Жаҳон бозорида доллар курсининг заифлашиши. Март ойида Америка валютаси нафақат рубл, балки бошқа валюталарга нисбатан ҳам заифлашди. Глобал миқёсида долларга бўлган талаб АҚШ иқтисодиёти истиқболлари ҳақидаги хавотирларнинг кучайиши туфайли пасайган. Бозордаги саросимага Доналд Трампнинг АҚШ иқтисодиётида эҳтимолий пасайиш ҳақида берган баёноти сабаб бўлди. Америка президенти мамлакат «ўтиш даврини» бошдан кечираётганини айтди ва унинг ўзи бошлаб берган тариф урушлари натижасида иқтисодиётда рецессия бошланишини истисно этмади.

Рубль курси бўйича прогнозлар

«Цифра брокера» таҳлилчиси Наталия Пиреванинг фикрича, яқин келажакда рубл қатор мавсумий омиллар таъсирида ўзининг ҳозирги қийматини сақлаб қолиши мумкин.

«Рублнинг мустаҳкамлаш потенциали бир доллар учун 80-85 рубл даражасида тугайди, шундан сўнг курс иккинчи чоракда бир доллар учун 95-100 рубл оралиғида бўлади», дейди у.

Пиреванинг қўшимча қилишича, йилнинг иккинчи ярмида рублнинг заифлашиш тенденцияси қайта тикланади, чунки нефт ва газ сектори даромадлари қисқаради, импортчилар ва аҳоли томонидан валютага бўлган талаб эса ошади.

BCS World of Investments компанияси вакили Дмитрий Бабин ҳам ўрта муддатли истиқболда рубл курси яна заифлаша бошлайди, деб ҳисобламоқда.

Рубл курсининг Ўзбекистонга таъсири

Пул ўтказмаларига таъсири. Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг катта қисми Россиядаги меҳнат муҳожирлари томонидан амалга оширилади. Жумладан, Марказий банк тақдим қилган маълумотларга кўра, 2024 йилда ўтказмаларининг умумий ҳажми 14,8 млрд долларни ташкил қилган. Шундан 77 фоизи Россиядан юборилган ўтказмалар ҳиссасига тўғри келган. Рубл қадрининг долларга нисбатан барқарорлашиши эса асосий даромади хориждан юбориладиган маблағларга боғлиқ бўлган оилаларнинг истеъмол қувватини оширади.

Экспорт тушумларига таъсири. 2024 йил якунларига кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айланмаси 11,6 млрд долларни ташкил этган. Шундан экспорт ҳажми – 3,7 млрд доллар. Россия Ўзбекистоннинг энг катта экспорт бозори ҳисобланади.

Ўзбекистонлик экспортчилар Россияга маҳсулот етказиб бераётганда маҳсулот таннархи Россия бозоридаги нархларга қараб белгиланади. Рублнинг долларга нисбатан мустаҳкамланиши Ўзбекистондан кириб борган маҳсулотларнинг маҳаллий маҳсулотлар билан рақобатбардошлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари миллий валюталарининг мустаҳкамланиши сўм курси барқарорлашишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Мавзуга оид