Жаҳон | 13:45 / 23.03.2025
7875
11 дақиқада ўқилади

Трамп учун дуо қилган Путин, Россия чегарасига борган инглиз шаҳзодаси – ҳафта дайжести

Ассалому алайкум. Бугун 23 март, якшанба. Куни кеча барчамиз Наврўз байрамини нишонладик. Бу халқимизнинг энг кўҳна байрамларидан бири. Наврўз табиатнинг деҳқонларга барча экинларни экишлари учун «расмий рухсати» десак ҳам бўлади. Тўғри, уста деҳқонлар февралдаёқ эҳтиётини қилиб экин экишни бошлаб, ҳадемай бозорга янги сабзавотларни чиқаришади. Лекин айнан Наврўздан кейин экилган экин безарар ҳосилга кириши эҳтимоли юқори, азалдан шундай бўлган.

Иқлимчимиз Эркин Абдулаҳадов бир неча кун аввал иссиқ кунлар ортидан ўлкамизга ғарбдан катта намлик кириб келаётганини айтиб, деҳқонларни эҳтиёткорликка чорлаганди. Чиндан ҳозир видеони ёзаётган вақтимизда Самарқанд осмонини булут қоплашни бошлади. Об-ҳавонинг авзойига қараганда табиат «бир тўполон кўтарадиганга ўхшайди». Бироқ ҳеч қандай ҳаво сиз азиз томошабинлар билан бирга ҳафта давомида дунёда содир бўлган энг муҳим воқеаларни эслашга халақит беролмайди. Бир неча дақиқа вақтингизни аямасангиз, ҳафта давомида нотинч дунёмизда нималар бўлганини ёдга оламиз.

Илтимос, YouTube-каналимизда жойланган видеога like босинг, изоҳларда фикрингизни қолдиринг. Шу тариқа видеони имкон қадар кўпроқ одам кўришига ёрдам берган бўласиз.

Гаплашишди

Ҳафтанинг энг муҳим воқеаси АҚШ президенти Трамп ва Россия президенти Путиннинг телефонда гаплашгани бўлди. Афсуски, мана шундай бечора замонда яшаяпмиз. Икки сиёсатчи чолнинг телефон орқали гаплашиб, ҳоккей ўйини ўтказишга келишганини бутун бошли 7 куннинг энг муҳим воқеаси деб қарашга мажбурмиз. Ахир сайёрамизда охирги 80 йилликда кузатилаётган энг қонли қирғинбаротни тугатиш мана шу икки чолнинг қўлидан келади холос.

Трамп ва Путин айтарли ҳеч нарсани келишишмади. Масалан, Путин Россия 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш режимини қабул қилмаслигини «чиройли қилиб тушунтирди». Эвазига шунчаки энергообъектларга зарба бермаслик «зарбдор ойлиги ўтказишни» таклиф қилди. Трамп Эрон Исроилни янчиб ташлайдиган кучга эга бўлмаслиги керак, деди.

Ва суҳбат охирида бири 72, бири 78 га кирган икки президент ёшликни эслашди. О, қандай даврлар эди, ҳоккей, олимпиада, СССР, Америка, дейишди-да, америкалик ва россиялик ҳоккейчилар ўртасида ўртоқлик ўйини ташкил қилишга келишишди. Русчасига айтганда «для приличия» Киев ва Москва 175 нафардан асир алмашишини эълон қилди. Бўлди, бошқа ҳеч қандай келишув бўлмади. Ваҳоланки дунё улардан урушни тугатишни кутаётганди.

Исроил янги уруш бошлади

Уруш ҳаётининг мазмунига айланган яна бир одам Халқаро жиноят суди геноцидда айблаб ҳибсга олишга ордер берган Бинямин Нетаняҳу Ғазода янги уруш бошлади. Айтарли ҳеч қандай сабабсиз, шунчаки, ўзи ва атрофидаги мулозимлари шундай қилиш тўғри деб ҳисоблагани учун. Ҳозир Ғазодаги мусулмонлар учун муқаддас ой экани ҳам, ўзининг исроилликлари урушга қарши намойишга чиққани ҳам Нетаняҳуни тўхтата олмади.

Исроилнинг иддао қилишича, асирларни қайтариш бўйича иккинчи босқичга ўтиш учун Ғазо бўлғасини тўлиқ қуролсизлантириш керак. Шу ўринда тинч аҳоли ўлаётганда қаерда жон сақлаганини ҳеч ким билмайдиган ҲАМАС жангчилари асирларни озод қилиш жараёнида ҳарбий парадлар ўтказгани эсга келади. Афтидан, бунчалик кўп ҲАМАС жангчилари қуролланган ҳолатда юришидан Исроил ҳам ҳайратда қолиб, катта эҳтимол шуни баҳона қилиб яна уруш бошлаган.

Сулҳнинг биринчи босқичи доирасида ҲАМАС Исроилга 25 асир ва 8 асирнинг жасадини қайтарди. Эвазига Исроил қамоқхоналаридан 1800 фаластинлик қўйиб юборилди. Ҳозир ҲАМАСнинг қўлида яна 58 исроиллик асир бор. Исроил уларнинг 34 нафари ўлган деб ҳисоблайди. ҲАМАС маълумотига кўра, Исроил ҳужумининг биринчи кунларидаёқ 500 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Истанбул мэри қамалиши

Ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаларидан бири Истанбул мэри Акром Имомўғлининг қамалиши бўлди. 19 март куни Имомўғли коррупция ва террорчилар билан алоқа қилишда айбланиб қамоққа олинди. Уч соат давомида сўроқ берган Истанбул мэри барча айбловларни рад этди.

Бу қўлга олиш нимаси билан аҳамиятли экани тушунарли. Имомўғли кейинги президентлик сайловида амалдаги президент Эрдўғаннинг асосий рақиби ҳисобланади. У Жумҳурият халқ партиясининг ягона номзоди эди.

Туркияда Истанбул мэри бош вазир ёки президентлик учун энг асосий номзодлардан ҳисобланади, ўз вақтида Эрдўған ҳам шундай йўлни босиб ўтган. Чунки Истанбул мэрлиги учун сайловни ютиш президентлик сайловини ютишдан осон эмас.

Эрдўған Имомўғлининг қамоққа олинишини сиёсийлаштирмасликка чақирди. Туркияда Истанбул мэри қўлга олиниши фонида норозилик намойишлари бошланди. Мамлакатда ижтимоий тармоқларга кириш чекланди, интернет секинлаштирилди, турк лираси курси рекорд даражада қулади.

АҚШ Яманга ҳужум қилди

Ҳафта бошида АҚШ Ямандаги ҳусийчилар позицияларига зарбалар йўллади. Ҳусийчилар ахборотига кўра, Америка зарбалари сабаб 53 киши ҳалок бўлган. Шиалар гуруҳи жавоб зарбалари берилишини маълум қилди. Табиийки, уларнинг ракеталари Америкагача учиб бормайди, ҳусийчилар денгизда жуда қулай жойлашгани учун қизил денгиздаги Америка кемаларига ҳужум қилишди. Хусусан, «Ҳарри Труман» авиаташувчисига 18 та дрон билан ҳужум қилинганини айтишди.

Доналд Трампнинг айтишича, Ямандаги ҳусийчиларга қарши зарбалар давомий бўлади. Оқ уй Трамп ҳусийчилар объектларига зарбаларни онлайн кузатиб тургани акс этган сурат эълон қилди.

Британия шаҳзодаси Россия чегарасида

Ушбу ҳафтада Британия қироллик оиласи валиаҳди, Уэлс шаҳзодаси Уилям Эстониядаги НАТО ҳарбий базасига борди. У ердаги Британия армияси ҳарбийлари билан учрашган Уилям инглизларнинг «Challenger-2» танкини ҳайдаб, Россия чегарасига 120 км яқингача борди.

Британия қироллик оиласи аъзолари доим ҳам сиёсий воқеаларга аралашмайди. Бу гал вазият бутунлай бошқача. Шаҳзода Уилям Эстонияни Россия ҳужумидан ҳимоя қилиш бўйича ҳарбий тайёргарлик машғулотида қатнашган британияликлар билан учрашди. У либосига НАТО рамзи туширилган шеврон ёпиштириб олди.

Шаҳзода Уилям Эстониядаги украин қочқин болалар мактабига ҳам борди. У болаларга украин матонатидан қойил қолганини айтган. Таҳлилчилар бир вақтлар СССР ҳарбий базаси бўлган ерга Британия қироллик оиласи вакилининг танкда бориши жиддий сигнал деб ҳисобламоқда. Биласиз, Британияда анчадан буён Украинадага тинчликпарвар кучларни юбориш муҳокама қилинади. Reuters эса яқинда россиялик мулозимларга таяниб Москва эндиликда ўзининг асосий душмани сифатида АҚШни эмас, айнан Британияни кўраётгани ҳақида ёзганди.

«Озодлик ҳайкалини қайтаринг»

Доналд Трампнинг иккинчи президентлик муддатида қилаётган ишлари сабаб европаликлар АҚШ ҳамон демократия ва эркинлик тарафдоримикин деб ўйлаб қолишди. Европарламентнинг франциялик аъзоси Рафаэл Глюксман АҚШ расмийларидан Озодлик ҳайкалини Францияга қайтариб беришни талаб қилди.

АҚШ рамзига айланган ҳайкални Қўшма Штатлардаги инқилобий урушнинг 100 йиллиги муносабати билан Франция Америкага совға қилган. Француз ҳайкалтароши Огюст Бартолди ясаган 46 метрли мис ҳайкал 1886 йил Ню Йоркдаги Озодлик оролига ўрнатилган.

Путин Трамп учун дуо қилган

22 март куни Такер Карлсон АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф билан интервю эълон қилди. Унда Трампнинг миллиардер дўсти бир қатор қизиқ гапларни айтган. Хусусан, 13 март куни Путин билан учрашувда нималар бўлганини. Уиткоффга кўра, Путин Трамп Пенсилванияда отилган куни черковга бориб унинг ҳаққига дуо қилганини айтиб берган. Тармоқда Уиткоффнинг бу гаплари демократ Камала Ҳаррис теледебатда Трампга «Дунёдаги диктаторлар сизнинг президент бўлишингизни сўраб дуо қиляпти» деган гапи билан бирга тарқатилмоқда.

Уиткофф интервю давомида Киев президентлик сайлови ўтказишга рози бўлганини айтган. Шунингдек, Украинадаги Россия босиб олган ерларда руслар яшаши, улар ўтказилган референдумда Россия таркибига киришга рози бўлганини айтган. Ваҳоланки, Донбассдаги уруш вақтида ўтказилган референдумларни фақат Россия тан олган.

Гўш, сут ва тухум нархи тушмайди

АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги дунёдаги озиқ-овқат нархлари бўйича прогнозларни янгилади. Унда айтилишича, йил давомида мол гўшти ва сут маҳсулотлари нархи ошади, тухум нархи ҳам баландлигича қолади.

Вазирлик баёнотида айтилишича, қорамоллар сонининг камайиши ва озуқанинг қимматлиги мол гўшти нархи ошиши учун асосий омил бўлади. Аввалроқ дунёдаги икки йирик мол гўшти етиштирадиган давлатлар Бразилия ва Янги Зеландия ишлаб чиқаришни камайтириши маълум бўлганди.

Парранда гўшти ва тухум етиштирувчилар учун ҳам муаммолар етарли. Бутун дунёда қушлар орасида касалликлар кўпайгани, фермерлар биохавфсизликни таъминлаш учун кўп пул сарфлашга мажбур бўлаётгани, тухум қўядиган товуқлар сони камлиги тухум нархи ошишига сабаб бўлмоқда.

Шу ўринда АҚШдаги тухум нархлари ҳақида икки оғиз. Президент Трамп ишга киришганининг биринчи кунида тухум нархини туширишга сўз берганди. Лекин худди Америкадаги макиён товуқлар Трамп билан ўйнашгандек ўшандан бери тухум нархи кўтарилиб кетди. Америка тухум импорт қилишни сўраб Европа давлатларига, хусусан, Данияга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Лекин Трамп Данияга уруш очаман деб турибди, бундан ташқари логистика билан боғлиқ муаммо бор. Қўшнилардан оламан деса, Американинг ўзи иккита қўшниси бор ва Трамп уларнинг иккисига ҳам уруш очиб бўлган.

Даниядагилар АҚШга душманлик билан жавоб бермай, бу сўровни ўрганиб чиқишлари, лекин парранда гриппи сабаб Европада ҳам ортиқча тухум йўқлигини айтишган. Вазият шунчаликка бордики, Америка тухумни Туркия ва Жанубий Кореядан импорт қилишга мажбур бўлмоқда.

Дунё бўйлаб тухум нархининг ошишига энг асосий сабаблардан бири гўшт қимматлашгани учун тухум истеъмолининг ортгани бўлиши мумкин.

Бизда ҳозирча шулар. Бу сизларга етказмоқчи бўлган хабарларимизнинг охиргиси эди. Кўрсатув охирида барчангизнинг хонадонингизда тухум ҳам, гўшт ҳам, сут ҳам сероб бўлишини тилаймиз. Буёғи баҳор, пишиқчилик бошланмоқда. Меҳнаткаш халқимизнинг дастурхони доим тўкин-сочин бўлсин, деҳқонларимизга куч-қувват берсин. Ҳафталик дайжест кўрсатуви билан келаси якшанбада кўришгунча.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид