Рақобат қўмитаси лицензиясиз турфирмалар фаолиятини реклама қилиш тақиқланганини эслатди
Рақобат қўмитаси «нотўғри, ишончсиз ва шубҳали рекламалар кузатилса ёки бундан зарар кўрганлар бўлса» мурожаат қилиши мумкинлигини билдирди. Қўмитанинг маълум қилишича, «умрачи» турфирмалар орасида “Panorama Airways” ва “Gulbakhor Airways" фуқароларга энг кўп – 25 млрд сўм зарар етказган.
Рақобат қўмитаси интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали Умра зиёратига юбориш учун тегишли лицензия ва рухсатномаси мавжуд бўлмаган туроператорлар арзон нархда «турпакетлар» сотиш таклифи асосида рекламалар бераётганини маълум қилди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси қуйидаги фирмалар фуқароларга зарар етказганини маълум қилган:
- Умра зиёратчиларига энг катта миқдорда, яъни 25 млрд сўмлик зарарни “Panorama Airways” ва “Gulbakhor Airways" фирмалари етказган бўлиб, алданиб қолган жабрланувчилар сони 2 558 нафарни ташкил этади;
- Сурхондарё вилояти «Bilolbek travel» МЧЖ Жарқўрғон тумани филиали ходими тегишли рухсатномасиз «Умра» зиёратига юборишни ваъда қилиб, фуқаро М.А.нинг 14 млн 900 минг сўм миқдоридаги пулини олган;
- шунингдек, мазкур МЧЖнинг Бойсун туман филиали мутахассиси ҳам зиёрат учун фуқаро Х.М.нинг ишончига кириб, 2 200 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Юқоридаги ҳолатларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан фуқароларнинг алдов йўли билан ишончига кириб, пулларини ўзлаштираётган, ўзларини эса хорижда сарсон бўлишига сабабчи бўлаётган сайёҳлик фирмалари ва туроператорларига тегишли чоралар кўрилган.
2024 йил октябр ойидаги ҳукумат қарорига кўра, Ўзбекистонда «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатишга доир фаолият лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди. Ҳозирги кунда Умра зиёратига олиб бориш учун 12 та туроператорлар ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасига рухсат берилган.
Шунингдек, Рақобат қўмитасининг эслатишича, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунда тақиқланган товарларни, шунингдек, ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилиш тақиқланган.
Шу сабабли, қўмита «нотўғри, ишончсиз ва шубҳали реклама ахборотлари берилган ҳолатлар кузатилса ёки бундай ахборот туфайли зарар кўрган тақдирда Рақобат қўмитасининг ягона ишонч (1159) рақамига мурожаат қилишни» сўраган.
Мавзуга оид

14:42 / 11.04.2025
Рақобат қўмитаси қурилишни вақтида тугалламаган қурилиш компаниясига нисбатан иш қўзғатди

10:42 / 02.04.2025
«Uzum Tezkor» устун мавқега эга рақамли платформа деб топилди

23:18 / 27.03.2025
“Марҳамат, биз очиқмиз” – вазирлик юридик йўналишда лицензия ололмаётган олийгоҳлар билан мулоқотга тайёрлигини билдирди

21:05 / 27.03.2025