Жаҳон | 05:20 / 11.04.2025
5204
8 дақиқада ўқилади

Путин президент экан ҳарбий жиноятлар учун сиртдан суд қилинмайди — Euronews

Ғарб давлатлари Украинага қарши босқинчилик ҳаракатларини тергов қилиш учун ташкил этишни режалаштираётган Махсус трибунал Ҳаагага жойлаштирилади. Аммо суд Владимир Путин Россия президенти лавозимида экан, уни сиртдан суд қилмайди.

Фото: Sputnik

Ғарб давлатлари Украинага қарши босқинчилик ҳаракати учун жавобгарликка тортиш мақсадида ташкил этишни режалаштираётган Махсус трибунал Владимир Путин Россия президенти лавозимида экан уни сиртдан суд қилмайди. Euronews билан суҳбатда бўлган икки нафар европалик манбанинг маълум қилишича, ушбу қоида Россия бош вазири Михаил Мишустин ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга ҳам тааллуқли.

Юқори лавозимли мазкур шахсларга нисбатан судлов фақат улар суд залида шахсан иштирок этгандагина амалга оширилиши мумкин — бунинг эса эҳтимоли жуда кам, чунки Россия Украинага нисбатан босқинини жиноят деб тан олмайди ва Ғарб билан ҳамкорлик қилишга қаттиқ қаршилик кўрсатади.

Вариантлардан бирига кўра, Путин президентлик лавозимидан кетгандан кейингина уни сиртдан суд қилиш мумкин.

Бундай шартлар Страсбургда жойлашган Европа Кенгаши доирасида Махсус трибунални яратиш учун ҳуқуқий асос бўладиган келишув лойиҳасида акс этган. Ушбу ташкилот Европа Иттифоқи таркибига кирмайди, аммо блок бу жараёнда фаол иштирок этмоқда.

Техник ишлар март охирида Страсбургда бўлиб ўтган «Асосий гуруҳ» учрашувида якунланган ва учта алоҳида ҳужжат лойиҳаси тайёрланган:

  • Украина ва Европа Кенгаши ўртасидаги икки томонлама келишув,
  • Махсус трибунал устави,
  • ва Махсус трибунални бошқариш тартибини белгилайдиган келишув.

Имзолаш жараёни 9 май куни Киевда бўлиб ўтиши керак, ушбу санада Европа куни нишонланади, бироқ аниқ муддатлар сиёсий келишувларга боғлиқ.

ЕИ вакилига кўра, сиртдан суд қилишга қўйилган чекловлар айрим давлатлар орасидаги муросага асосланган. Бир неча ойлик муҳокамалардан сўнг бу банд «аниқ ҳал этилган масала» сифатида қабул қилинган ва уни ўзгартириш эҳтимоли жуда кам.

«Ахир гап сиёсат ва музокаралар ҳақида кетмоқда», — дейди манба.

Киев келишувни имзолагандан сўнг, у 46 мамлакат вакилларини ўзида жамлаган Европа Кенгаши Парламент ассамблеясида овозга қўйилади. Россия уруш бошланганидан кўп ўтмай ушбу ташкилотдан чиқариб юборилган.

Келишувни ратификация қилиш учун овоз берувчиларнинг учдан икки қисми уни ёқлаши керак, бу эса ташаббус кенг қўллаб-қувватланаётгани туфайли деярли кафолатланган.

Россияга нисбатан илиқ муносабатда бўлган баъзи давлатлар, масалан, Венгрия ва Сербия — бетараф қолиши ёки қарши овоз бериши мумкин, аммо индивидуал вето қўлланилмайди.

Канада, Австралия, Янги Зеландия ва Япония каби демократияга асосланган, лекин Европадан ташқарида жойлашган давлатлар ташаббусга қўшилиши кутилмоқда — бу эса унинг легитимлигини оширади.

Россия билан яқинлашувни бошлаган АҚШ мазкур трибуналда иштирок этмаслиги мумкин. Жо Байден маъмурияти даврида АҚШ Украинада адолатни таъминлашни қўллаб-қувватлаган, аммо Дональд Трамп инаугурациясидан сўнг мамлакатнинг йўналиши ўзгарган.

АҚШ март охирида бўлиб ўтган «Асосий гуруҳ» учрашувида иштирок этмаган. Трампнинг тинчлик келишувига интилиши суд жараёнларига қандай таъсир кўрсатиши ҳозирча номаълум.

«38 дан ортиқ давлат ва Европа Иттифоқи трибунал ташкил этиш ташаббусини сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлади», — деди Европа Кенгаши вакили Euronews нашрига.

Расмийлар сўзларига кўра, келишувлар ратификация қилинганидан сўнг, трибунал Ҳаагада (Нидерландия) жойлашади. Бу шаҳар халқаро ҳуқуқ анъаналарига эга бўлиб, у ерда бугунги кунда Халқаро суд ва Халқаро жиноят суди (ХЖС) фаолият юритмоқда.

Халқаро жиноят суди айни пайтда Путинга нисбатан украин болаларини ноқонуний равишда Россияга олиб ўтиш билан боғлиқ айблов бўйича ҳибсга олиш ордерини берган.

Адолат излаб

Украинага қарши босқинчилик жинояти бўйича Махсус трибунал яратиш ғояси президент Володимир Зеленский томонидан қўллаб-қувватланган. Бу Путин бошлаган тўлақонли уруш учун жавобгарликни таъминлаш мақсадида қилинмоқда.

Ҳарбий жиноятлар, инсониятга қарши жиноятлар ва геноцид – бу жиноятлар фуқаролар ёки ҳарбийлар томонидан содир этилади, лекин босқинчилик жинояти давлат раҳбариятига дахлдор. У давлатни бошқарадиган ёки унинг ҳарбий-сиёсий ҳаракатларини назорат қилувчи шахс томонидан содир этилади.

Босқинчилик деганда бевосита бостириб кириш, оккупация, аннексия, портларни ўраб олиш ёки бошқа қуролли ҳужум каби ҳаракатлар тушунилади.

Халқаро жиноид суд таърифига кўра, босқинчилик жинояти — «бир давлатнинг юқори лавозимдаги шахси томонидан БМТ низомига зид равишда режалаштирилган, тайёрланган, бошланган ёки амалга оширилган акт бўлиб, у ўзининг хусусияти, жиддийлиги ва кўлами билан очиқ-ойдин низомни бузиш ҳисобланади».

Бу эса Владимир Путинни келажакдаги суд жараёнида катта эҳтимол билан айбланувчига айлантиради.

ХЖС босқинчилик жинояти юзасидан юрисдикцияни белгилаган бўлса-да, бу фақат Рим статутига қўшилган мамлакатларга ва уларнинг фуқароларига тааллуқли. Россия, АҚШ ва Хитой ушбу ҳужжатни имзоламаган. Айнан шу сабабли Ғарб давлатлари Россиянинг Украинага қарши уруши бўйича суд ишларини юритиш ваколатига эга бўлган Махсус трибунални ташкил этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

«Босқинчилик жинояти бўлмаганида, ҳарбий жиноятлар ҳам бўлмас эди. Шу сабабли, босқинчилик учун ҳам жавобгарлик бўлиши жуда муҳим. Россиядаги бирор шахс ва унинг раҳбариятидан бўлган бирор кимса дахлсиз эмас», — дейди Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас феврал ойи бошида.

«Жиноятларнинг жазосиз қолиши кейинги босқинчилик ҳаракатларини рағбатлантиришга олиб келади», — дейди у. Шунингдек, Каллас трибунал «уруш тугагунга қадар» ташкил этилиши кераклигини қўшимча қилган.

Муҳокамалар бошланиши биланоқ сиртдан суд жараёнини ўтказиш эҳтимоли жуда юқори эди.

Кремл ўзининг юқори лавозимли амалдорларини топширишдан бош тортгани туфайли, ушбу моделни қўллаб-қувватловчилар — бу минимал адолатни таъминлашнинг ягона реал йўли деб ҳисобламоқда. Бошқа тарафдан эса танқидчилар бундай суд жараёнини қонуний кучга эга бўлмаган сохта ҳаракат деб баҳолаяпти.

«Менимча, ушбу трибунал фақат рамзий эмас. У юридик ва сиёсий аҳамиятга ҳам эга, деб ўйлайман. У ташкил этилиши ва босқинчилик жинояти учун мавжуд бўлган ҳуқуқий бўшлиқни ёпиши керак. Мен шахсан ишонаманки, бу Ҳаагада ҳеч қандай таъсир доирасига эга бўлмаган ва сохта институт эмас, балки узоқ йиллар давомида хизмат қиладиган ва тарих томонидан ижобий баҳоланадиган трибунал бўлади», — дейди ЕИ вакили.

Давлат раҳбарлари, ҳукумат бошлиқлари ва ташқи ишлар вазирлари эгаллайдиган дахлсизлик (иммунитет) юзма-юз суд жараёнини амалга оширишда қўшимча ва жиддий тўсиқ ҳисобланади.

«Бироқ, халқаро ҳуқуқ ривожланмоқда ва шахсий иммунитет жазодан қутулиш учун чексиз карт-бланш эмас. Европа Кенгаши ушбу масала бўйича Махсус трибунал учун топилган формула жавобгарликни таъминлаш ва жазосизликка қарши курашиш учун етарли, деб ҳисоблайди», – дейди Европа Кенгаши матбуот котиби.

Босқинчилик жинояти учун сўнгги марта айблов Иккинчи жаҳон урушида, Нюрнберг суд жараёнида қўлланилган. Ўшанда Германия нацистлари «тинчликка қарши жиноятлар» содир этганликда айбланган.

Мавзуга оид