Жаҳон | 19:16 / 17.04.2025
14151
5 дақиқада ўқилади

«Менга бу медал ва қоғозларнинг кераги йўқ» – Washington Post Сумига ракета зарбаси кунидаги тақдирлашда қатнашган ҳарбийлар билан гаплашди

Yehor Kryvoruchko / Kordon.Media / Global Images Ukraine / Getty Images

The Washington Post журналистлари 13 апрел куни Суми шаҳрида ҳарбий хизматчиларни тақдирлаш маросимида иштирок этган украиналик ҳарбий, 38 ёшли Олександр билан гаплашди. Ушбу маросим чоғида Россия қўшини шаҳар бўйлаб ракета зарбаси йўллаганди. Олександрнинг сўзларига кўра, маросим Суми университети биноси ертўласида ўтказилган. Сўнгги маълумотларга кўра, ракета зарбаси оқибатида 35 киши ҳалок бўлиб, қарийб 130 киши жароҳатланган. 

Маросимда Олександр хизматни ўтаётган 117-бригада ҳарбийлари ҳам иштирок этган. Россия зарбаси вақтида ҳарбийлар ер остида хавфсизликда бўлишган. Олександрнинг айтишича, ичкаридагилардан ҳеч ким жабрланмаган. Зарба вақтида Олександрнинг рафиқаси ва фарзандлари кўчада бўлган. Унинг олти ёшли ўгай қизининг ўпка қисмига осколка келиб теккан.  

Журналистлар билан мулоқот чоғида Олександр бундай маросим ўтказилишини масъулиятсизлик ва кераксиз ҳаракат деб атаган — Россия чегарасидан 30 километр масофада жойлашган шаҳар кучли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига эга эмас ва мунтазам равишда ҳужумларга дучор бўлади. Украиналик аскар Белгород областидаги жангларда қатнашгани ва уни тақдирлаш маросими учун Сумига чақириб олишганини айтган. Олександрнинг айтишича, бу унинг ғазабини қўзитган. 

«Бу медаллар ва қоғозлар менга керак эмас. Мен барча рус аскарларини ўлдириб, тинч ҳаётга қайтмоқчиман», – дейди у The Washington Post газетасига қизи даволанаётган шифохонада берган интервюсида. Олександр тинч аҳолининг ўлими учун Суми области ҳарбий маъмурияти раҳбари Володимир Артюхни «100 фоиз жавобгар» деб ҳисоблайди.

The Washington Post нашри ёзишича, зарба куни Суми шаҳрининг маданият маркази ва давлат университети жойлашган марказий қисми одамлар билан гавжум бўлган, чунки бу «дастлабки чинакамига баҳорий дам олиш куни» ва Пасхадан олдинги охирги якшанба эди. Ҳарбийларни тақдирлаш маросими университет ертўласида эрталаб соат 10 да бошланган. Кўп ўтмай шаҳар марказига Россиянинг иккита ракетаси учиб келган. Украина президенти Володимир Зеленский берган маълумотга кўра, улардан биринчиси университет биноларидан бирига тушган, иккинчиси кўча устида портлаган.

Украина расмийлари Суми шаҳрида ҳарбийларни тақдирлаш маросими ўтказилганини расман тасдиқламади. Аммо украиналик айрим сиёсатчилар зарбадан кейинги дастлабки соатлардаёқ бу ҳақда эълон қилишганди. Хусусан, Суми областининг Конотоп шаҳри мэри Артем Семенихин россиялик ҳарбийлар Володимир Артюх билан келишилган ва ташкил этилган 117-ҳудудий мудофаа бригадаси ҳарбийларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтаётган пайтда Сумини ўққа тутганини айтди. Кейинроқ Артюхнинг ўзи Суми шаҳри марказига ракета ҳужуми уюштирилган куни шаҳарда украиналик ҳарбийларни тақдирлаш режалаштирилган бўлганини тан олди. «Бунда менинг ташаббусим йўқ эди. Мени таклиф қилишганди», – деди у. 15 апрел куни Украина ҳукумати Артюхни Суми области ҳарбий маъмурияти раҳбари лавозимидан бўшатишга розилик бергани маълум бўлди. Бироқ ҳозирча Украина президентининг тегишли фармони эълон қилинмади.

14 апрел куни Россия мудофаа вазирлиги ўз қўшини Суми шаҳри бўйлаб «Искандер-М» русумли икки ракета билан зарба йўллаганини тасдиқлади. Россия ҳарбий идорасига кўра, зарба нишони Украина қуролли кучларининг «Северск» оператив-тактик гуруҳининг қўмондонлик таркиби йиғилиш ўтказаётган жой бўлган. Вазирлик зарба натижасида 60 дан ортиқ украиналик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини билдирди. Хабарда шунингдек «Киев режими ҳарбий объектларни аҳоли зич жойлашган шаҳар ичида жойлаштириб, шаҳар марказида ҳарбий хизматчилар иштирокида маросимлар ўтказган ҳолда Украина аҳолисидан жонли қалқон сифатида фойдаланиш»да давом этаётгани айтилган.

The Washington Post Россия мудофаа вазирлигининг украин ҳарбийлари орасидаги қурбонлар ҳақидаги маълумоти тасдиқланмагани, Сумидаги шифохоналар тинч аҳоли вакиллари билан тўлгани, қабристонларда эса фақат тинч аҳоли вакилларининг дафн маросимлари ўтказилаётганини қайд этган.

Мавзуга оид