2017 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг устувор вазифалари белгиланди
2017 йил 14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақида ЎзАда хабар берилди.
Мамлакат Президенти ўз маърузасида мавжуд ҳал бўлмаган муаммолар ва тўлиқ ишлатилмаган захираларни батафсил ва ҳар томонлама муҳокама қилган ҳолда 2017 йилдаги республиканинг иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим стратегик вазифалари ва устувор йўналишлари бўйича таклиф киритди. Устувор вазифалар қаторида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга ошириш доирасида аҳоли билан доимий ва очиқ мулоқотни ривожлантиришга, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини, унинг моддий фаровонлигини оширишга қаратилган ижтимоий сиёсатни фаол давом эттириш масалалари марказий ўринни эгаллади.
Ҳукумат, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари олдига тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантиришдаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, фаол инвестиция сиёсатини давом эттириш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш, ҳудудларни комплекс ва интенсив равишда ривожлантириш, тадбиркорликнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, иқтисодиётни бошқаришдаги давлат ролини босқичма-босқич камайтириш ва унинг органлари ишини тубдан такомиллаштиришга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Шаҳар ва қишлоқ жойларида аҳоли турмуш шароитини яхшилашни таъминловчи арзон уй-жойларни қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизация қилиш борасида қабул қилинган янги мақсадли дастурларни амалга ошириш бўйича муҳим вазифа ва чоралар белгиланди.
Мажлисда кун тартибини муҳокама қилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, қатор вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ҳисоботлари эшитилди.
Йўл қўйилган хатолар ва камчиликлар, ташаббуссизлик учун айрим раҳбарлар уларни бартараф этиш ҳамда республика иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларни янада жадал ривожлантириш бўйича ўз зиммасига юклатилган вазифаларни самарали ижросини таъминлашда шахсан жавобгар эканликлари ҳақида огоҳлантирилдилар.
Ўтказилган мажлис якунлари бўйича мамлакат Президенти томонидан ҳукумат, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликлар раҳбарлари олдига қуйидаги аниқ устувор вазифалар ва талаблар қўйилди:
Биринчи – 2017 йилги иқтисодий ва ижтимоий дастурнинг ўн битта энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
Иккинчи – иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва республика ҳудудларида ишларнинг ҳолатини тизимли танқидий таҳлил қилиш ва шу асосда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари ҳамда устувор вазифаларига тегишли тузатишлар киритиш;
Учинчи – якуний иш натижалари, қаттиқ интизомга риоя қилиш ҳамда тобора ортиб бораётган замонавий талабларга мувофиқ бошқарув тизими самарадорлигини кучайтириш борасида раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини ошириш.
Муҳокама якунлари бўйича республика ҳукумати қарори қабул қилиниб, 2017 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди.
Мавзуга оид
20:57 / 08.11.2024
Хитой иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун триллион доллар ажратди
19:18 / 05.11.2024
Ўзбекистоннинг 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди. Асосий маълумотлар
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
10:20 / 19.10.2024