Жамият | 19:08 / 24.01.2017
95380
7 дақиқада ўқилади

Очиқ хат: Аҳолини айбламанг, амалдорлар

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ходими Улуғбек Авазов ва Қашқадарё вилояти энергия сотиш департаманти мутахассиси Шавкат Холовларга ОЧИҚ ХАТ.

Ҳурматли Улуғбек ва Шавкатбек. Сизларнинг “kun.uz” сайти мухбирининг вилоятдаги электр таъминотидаги нуқсонлар ҳақида берган саволларига 2017 йил 14 январь куни берган жавобларингизни ўқиб ҳайратдан ёқа ушладим. “Қашқадарё вилоятининг электр таъминотидан қарзи 460 миллиард сўмни ташкил этади. Вилоятнинг электр энергияси бўйича кунлик сарф-харажати 3 миллиард сўмдан иборат. Шундан 1,3 миллиарди аҳоли эҳтиёжига сарфланади. Аммо аҳоли томонидан қиш мавсумида электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ошиб кетиши сабаб, бу қиймат янада кўтарилади. Энг ачинарлиси аҳоли ўз қарздорлигини ёпишни истамайди,”- деб барча айбни аҳоли зиммасига юклабсизлар.

Мен Қашқадарё халқини ориятли, меҳнаткаш инсонлар, деган тасаввурда эдим. Сизларнинг жавобингиз менинг қашқадарёликлар ҳақидаги тасаввуримни ўзгартириб юборди. Ахир истеъмол қилган электр энергияси учун ҳақ тўламайдиган халқни нима деб аташ мумкин?! Аммо аҳолини айблашдан олдин сизлар рўкач қилган рақамларни мушоҳада қилиб кўрайлик. Вилоятнинг электр таъминотидан 460 миллиард сўмлик қарзи қандай юзага келди?

Электр энергияси истеъмолчилари ва ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида НИЗОМнинг 10-моддасида: “Истеъмолчилар истеъмол қилинган электр энергияси (қуввати) учун тўлиқ ҳисоб-китобни ҳар ойда, электр таъминоти шартномасига мувофиқ, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ёки истеъмолчининг ўзи ёзадиган тўлов ҳужжатлари бўйича амалга оширадилар.

Истеъмол қилинган электр энергияси (қуввати) учун тўлов электр таъминоти шартномасида белгиланган миқдорларда ва муддатларда амалга оширилмаган тақдирда ҳудудий электр тармоқлари корхонаси истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатади”, - дейилган. Ҳудудий электр тармоғи корхонаси мутасаддилари Ҳукумат томонидан қўйилган ана шу талабни изчил бажариб боришганида, шу даражадаги қарздорлик юзага келармиди?! Албатта, йўқ! Шу низомда тўлов тартиблари аниқ ва мукаммал белгилаб берилган. Бажариш шарт бўлган кўрсатмалар бажарилганида, 460 миллиард сўм қарз пайдо бўлармиди? Албатта, йўқ!

Ўзбекистон Президенти Ш.М. Мирзиёев 2017 йил 14 январдаги йиғилишда: “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятида 67 минг киши, жумладан, қўштирноқ ичидаги «пул йиғувчи»лар мавжуд бўлса-да, нима сабабдан улкан дебитор қарздорликнинг тагига етиб бўлмайди?”, деган саволни ўртага ташлади.

Шавкатбек, Сизнинг жавобингизда ҳар бир хонадон учун кунига 2 киловатт соатдан электр энергияси ажратилгани баён қилинган. Аҳоли бу маълумотдан хабардор қилинганми? Агар назоратчи мен билан учрашиб: “Бир ойга хонадонингиз учун 60 кв.соат электр энергияси ажратилган. Бу меъёрни 10 кунда ёқсангиз, 20 кун чироқсиз ўтирасиз”, деган талабни қўйса, шубҳасиз мен кунига 2 кв. соатдан ортиқ электр энергиясини сарфламаган (ток билан уйни иситмаган, овқат пиширмаган, энергияни кам сарфлайдиган лампочкалардан фойдаланган бўлар эдим). Ишончим комилки, шахсан бизлар ҳам, шаҳрисабзликлар ҳам шундай қилишган бўлар эди. Бунинг учун қарздор мансабдордан қўрқмайдиган мард, бойваччанинг сарқитига умид қилмайдиган пок назоратчи ва ишбилармон, талабчан, одил раҳбар керак.

Ҳукуматнинг меъёрий хужжатларида ўз муддатида тўланмаган коммунал тўловларни суд орқали ундириб олиш кераклиги кўрсатилган. 2016 йил давомида нечта қарздордан неча сўм қарз суд орқали ундириб олинди? Сизларнинг жавобларингиздан бу саволга жавоб топа олмадим. Қарзларни суд орқали ундириб олиш учун қарз тегишли ҳуқуқий хужжатлар асосида расмийлаштирилган бўлмоғи керак. Қонун талаби асосида расмийлаштирилмаган қарзни суд орқали ундириб бўлмайди. Қайси соҳада бўлмасин тартибсизлик бор экан, унинг тагида нопок манфаатдорлик ётади. Ҳамма тўловларни меъёрий хужжатларда белгиланган тартиб асосида олиб борса, “пул ундирувчи”га ойлик маошидан бошқа даромад келмайди. Электр энергиясидан ғайриқонуний фойдаланган шахсларгина давлат ҳисобига 500 000 сўм тўлаш ўрнига “пул ундирувчи” га 100 000 сўм тўлаб қутилишади. Бошқа тартиббузарлар ҳам 100 000 сўм жарима тўлаш ўрнига 20 000 сўмни “пул ундирувчи”нинг кафтига босиш билан қутилади. Агар бу тартиббузар ҳисоблагич бўйича ҳақ тўлаганида давлат ғазнасига 400 000 сўм тўлаши керак эди.  Тома-тома кўл бўлур, дейилади. “Электр ва газ таъминотида ишловчиларнинг ит ялоғи олтиндан бўлиб кетган”, деган миш-мишлар қулоққа чалиниб туради. Қаердадир бир “тадбиркор”нинг: “Газ ва электр ҳақини қонуний тартибда тўлайдиган бўлсам, фойда кўрмайман”, деганини эшитган эдим. Бу гапга унчалик ишонмай эътибор бермаган эканман, шу сатрларни ёзаётганимда ёдимга келди.

Нонини еяётган мутасадди мансабдорга юқоридагидек “қистир-қистир”лардан қисм бериб турган бўлса керак-ки, кўзи жиноий ҳолатларни кўрмай, қулоғи эшитмай келаётгандир.

Шавкатбек, энергия ҳақидан қарзи бўлмаган истеъмолчининг чироғи ўчмайдими, дейилган саволга: “Ўчади! Негаки, бунга ён-атрофдаги қарздор қўшнилар, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланётган одамлар сабаб, сиз ҳам чироқсиз қоласиз. Бунинг учун маҳалла оқсоқоли, маҳалла фаоллари билан қарздор ёки ҳисоблагич ўрнатмаган ҳолда электр энергиясидан фойдаланётган хонадонларни айланиб чиқиб, уларга тушунтириш ишлари олиб бориши керак”, деб жавоб берибсиз. Халқимизда: “бола йиғламаса она кўкрак тутмайди”, деган нақл бор. Бунинг учун маҳаллага бириктирилган назоратчи МФЙ раисига учраб, ёрдам сўраши ёки раҳбарият расмий сўровнома чиқариши керак. Ваколатингиз бор экан, текшириб кўринг, бирорта МФЙга шундай сўров келиб тушганмикан. Менинг шахсий фикрим, бундай сўровнома келиб тушмаган. Маҳаллада тартиб ўрнатилса, пул йиғувчининг чўнтаги қаппаймай қолади. Тепага ҳам узата олмайди.
Электр энергияси ёки табиий газ танқислиги ва сунъий қарздорликлардан таъблари тирриқ бўлиб турган аҳолини айбламанг, амалдорлар.

Абдураҳим НАЗАРОВ,
Андижон вилояти, Балиқчи тумани, Қумтепа МФЙ.

Мавзуга оид