Жаҳон | 14:42 / 10.04.2017
15360
2 дақиқада ўқилади

Россия мудофаа вазирлиги террорчилик ташкилотлари қандай пайдо бўлишини тушунтирди

Аксар террорчи ташкилотлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Улар ташқаридан кўрилган чоралар мевасидир, дея баёнот берган Россия мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин. У Хавфсизлик бўйича олтинчи халқаро конференция арафасида RT телеканалига берган интервьюсида шу ҳақда сўз юритган. 

"Барча террорчилик ташкилотлари, аксарияти бўлмаса ҳам катта қисми ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, деган бўлардим. Бу ташқаридан туриб амалга оширилган сиёсий, молиявий, ҳарбий ва ташкилий ишларнинг мевасидир", — деган Фомин.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда шундай халқаро воқеликка гувоҳ бўлиш мумкинки, террорчилик ташкилотлари "кимнингдир сиёсий иродаси"ни ижро этиш учун пайдо бўлмоқда.

"Шубҳасиз, биз бугунги кунда ҳарбий ва сиёсий маънода янги халқаро воқеликка гувоҳ бўлмоқдамиз. Булар инқилобларни бошқа давлатларга четдан ёйиш технологияларидир. Гўёки, нодемократик тузумлардан азият чекаётган мамлакатларда шу йўл билан демократик бошқарувни ўрнатиш илгари сурилмоқда… шундай сиёсат оқибатида айрим давлатлар дунё харитасидан йўқ бўлиб кетди, айримлари йўқ бўлиш остонасида. Булар Сурия ва Яман", — деб қўшимча қилган вазир ўринбосари. 

Хавфсизлик конференцияси 26-27 апрель кунлари бўлиб ўтади, унинг иштирокчилари қатор масалаларни муҳокама қилишади. Анжуманда 78 давлат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Уларнинг орасидан 20дан ортиқ давлатнинг мудофаа вазирлари ҳам бор. 

Мавзуга оид