Жамият | 19:03 / 01.05.2017
5673
2 дақиқада ўқилади

ҚВП мудирлари маҳалла олдида ҳисобот бермоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2017 йил 24 февралдаги қарори билан аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, шунингдек ушбу соҳада қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этишни мувофиқлаштириш бўйича комиссия тузилган эди. Мазкур Қарорнинг самарали ижро этилишини таъминлаш мақсадида комиссия томонидан муайян ишлар олиб борилмоқда, деб хабар бермоқда Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Хўжаева 1 май куни Фарғона вилояти Бешариқ ва Фурқат туманларидаги Товул ва Бешкапа маҳалла фуқаролар йиғинининг қўшма йиғилишида иштирок этди. Кун тартибида Товул оилавий поликлиникаси мудираси З. Алиқулованинг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги ҳисоботи эшитилди. Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган ҳисобот йиғилишида аҳоли соғлиғини сақлаш, дори воситалари билан таъминлаш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, патранаж хизмати ва профилактик кўриклар таҳлили атрофлича муҳокама этилди. Шунингдек, қишлоқ аҳолисининг касалланиш кўрсаткичлари, айниқса, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар – ОИТС, сил, онкологик ва бошқа касалликларнинг қайд этилиш статистикаси таҳлил этилди. Фуқароларнинг соҳага даҳлдор саволларига мутахассислар томонидан жавоблар берилди.

Худди шундай йиғилишлар Фурқат туманидаги Бегобод ҚВПда ҳам бўлиб ўтди. Унда вилоят Кенгаши депутати, туман ҳокими ўринбосари З. Алихўжаева, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О. Саидаҳмедовлар қатнашдилар. Йиғилишларда  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М. Хўжаева соғлиқни сақлаш соҳасида қабул қилинган Президент қарор ва фармонлари мазмун-моҳияти ҳамда уларнинг ижроси юзасидан Республикада олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил тушунча берди.

Мавзуга оид