Ўзбекистон | 21:38 / 23.06.2017
15325
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистонда ҳалок бўлган фуқароларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти 22 июнь куни Қозоғистоннинг Оқтўба вилояти ҳудудида рўй берган йўл транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ сайтида хабар берилган.

22 июнь куни соат 10:20да Қозоғистон Республикаси Оқтўба вилоятининг Айтекеби туманидаги Қорабутак посёлкасидан 20 километр масофада Самара – Чимкент автомобил йўлининг 946-километрида Волгоград (Россия) – Чимкент (Қозоғистон) йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган икки қаватли «Мерседес» русумли йўловчи автобуси (давлат рақами Н 011 LMM) ағдарилиб кетган. Автобусда жами 52 киши – 50 нафар Ўзбекистон фуқароси ва 2 нафар Қозоғистон фуқароси бўлган.

Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 9 киши (барчаси Ўзбекистон фуқароси) ҳалок бўлган, 18 киши жароҳат олган (17 нафари Ўзбекистон фуқароси, уларнинг 5 нафари Оқтўба вилоятининг Айтекеби тумани марказий шифохонасига ётқизилган).

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жабрланганларнинг аҳволи ва ушбу ҳодиса билан боғлиқ бошқа масалалар ҳақида маълумот олиш учун бевосита телефон алоқаси ташкил қилди. 

Ҳалок бўлганларнинг жасадини Ўзбекистон Республикасига олиб келиш учун Оқтўба шаҳрига махсус самолёт юборилган.

Мавзуга оид