Жаҳон | 23:10 / 26.10.2017
47415
6 дақиқада ўқилади

Сомалида одамлар нега ўлмоқда?

Нега охирги пайтда жаҳон нашрларида Сомали Республикасида (Сомалия) аҳолининг ҳалок бўлиши ва экстермистик ҳаракатлар ҳақида кўп хабарлар пайдо бўлмоқда? Парижда икки кишининг вафот этиши бутун дунёга яшин тезлигида шум хабар сифатида етказилса, Сомалияда вафот этаётган юзлаб фуқаролар оддий ҳолдек тасвирланади. Бунинг сабаби нимада?

Сомалияда ижтимоий вазият танг аҳволда қолмоқда

Сомали Республикаси Адан қўлтиғи орқали Яман, шимол-ғарбда Жибути, жануби-ғарбда эса Эфиопия Республикаси билан чегарадош. Шунингдек, Сомалияда Ҳинд океанига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бор. Умумий 637,657 кв.км майдоннинг 3,025 кв.км чизиғи денгиз қирғоғига тўғри келади. Мамлакатда 15 миллион киши истиқомат қилсада, уларнинг бор-йўғи 37 фоизигина урбан (шаҳарлашган) ҳудудларда яшайди. Сомалия халқи асосан сунний мазҳабига эътиқод қилиб, 85 фоиз аҳоли сомали туб-этник гуруҳига мансуб. Банту ва арабларга мансуб аҳоли араб тилида сўзлашади. Шундан келиб чиқиб, мамлакатда иккита тил расман тан олинган.

Демографик кўрсаткич ачинарли даражада инқироз кўчасига кириб қолган. Энг аввало, бундай вазиятни аҳолининг 26 фоизини аёллар ташкил этишида кўриш мумкин. Бошқа Африка мамлакатларида ҳам аҳолининг саводхонлик даражаси дунёнинг айрим ривожланаётган давлатларидан орқада бўлса, Сомалияда бу кўрсаткич Африка бўйича ҳам ёмон натижани беради. Яъни, аҳолининг 37,8 фоизи ўқиш ва ёзишни билади. Шунинг баробарида аёлларнинг 25,8 фоизи саводхонлик даражасига эга. Бугунги кунда мамлакатда юз бераётган хунрезликларнинг қисқа омилларидан бири - аҳолининг саводхонлик даражаси пастлиги, ишсизлик ва бирламчи товарларнинг етишмаслиги деб эътироф этиш мумкин.

Бунинг устига, давлатда турли юқумли, жумладан малария, тифоид шамоллаш, шитосомиазис, протозоал, бактерияли диарея, гепатит А ва Е каби касалликлар кенг тарқалган. БССТ (Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти) ташкилоти маълумотига кўра, 5 ёшдан кичик болаларнинг 37 фоизи номутаносиб вазн шароитида улғаймоқда.

Сомалия уруш кўчасига қандай кириб қолди?

Фото: The Big Picture

Аввало, Сомали Республикасини қандай тасаввур этишни келишиб олиш зарур. У сиз ўйлагандан кўра чигал ҳолатда қолган. 1960 йилгача дунёнинг қудратли давлатлари мустамлакаси бўлиб келган Италия Сомалиси ва Британия Сомалиленд ҳудудлари ягона ва мустақил Сомали Республикасига бирлашди. Унинг биринчи президенти Абдуллоҳ Усмон Даар собиқ Совет иттифоқи билан яқин муносабатларни йўлга қўйиш мақсадида мамлакатда социализм қурилишини эълон қилади. Кейинги мамлакат раҳбари Сияд Барри ҳокимиятни ҳарбий тўнтариш натижасида қўлга киритиб, тез орада қўшни мамлакатга чегара даъвоси билан уруш эълон қилади. Эфиопиянинг Огаден вилоятини босиб олиш режаси советларга ёқмади, бунда Эфиопиянинг СССР билан иттифоқчи бўлгани ҳам қўл келиб, шўролар эфиопиялик ҳарбийларга хайрихоҳлик билдира бошлади.

Огаден муаммоси мамлакатни ҳолдан тойдириб, янги ҳарбий тўнтаришга йўл очиб берди. 1991 йилда юз берган давлат тўнтаришидан Сомалия ҳеч қандай манфаат топмади, зеро мамлакат де-факто ўз вазифаларини бажаришга қодир эмасди. Дала ҳарбий қўмондонлари ўзаро курашга киришиб кетди. Бу орада ягона Сомалиленд ерлари ўзининг барқарорлиги ва мустақиллигини сақлаб қололди.

Асосий майдонда Ислом судлари кенгаши ва муваққат федерал ҳукумат тўқнашуви юз берди. Муваққат федерал ҳукуматни БМТ, Африка кенгаши ҳамда АҚШ қўллаб турди, аммо ИСК пойтахтни эгаллашга эришди. Стратегик аҳамиятга эга Кисмаё порти, Могадишо шаҳри ва жанубий ерларда тинчлик тўлиқ ҳукмронлик қила бошлади. Инфратузилма қайта таъмирланиб, телекоммуникация воситаларининг фаолияти қайта тикланди. Халқ ўз-ўзидан исломий ҳаракат аъзоларини қўллашга ўтган бир даврда, АҚШ кенгашнинг амалдаги раҳбарияти Ал-Қоида халқаро террористик гуруҳнинг таъсирида эканини маълум қилди.

2006 йилда Эфиопия Ҳинд океанига чиқиш имкониятини сақлаб қолиш ва нефть маконларини ўзлаштириш мақсадида Сомалия ички зиддиятларига аралаша бошлади. Пойтахтни қўлга киритган эфиопиялик ҳарбийлар муваққат ҳукумат билан «Тинчлик конференцияси»ни ташкил этиб, мамлакат бошқарувини қўлга олганларини эълон қилишди. 2009 йилда эса Эфиопия Сомали Республикасида ортиқ ҳарбий амалиётларни олиб бора олмаслигини тушуниб етгач, мамлакатни тарк этади, аммо жараёнлар кетма-кетлигида Ислом судлар кенгаши вориси «Аш-Шабоб» пайдо бўлади.

Фото: The Big Picture

Муваққат ҳукумат раҳбари Шайх Шариф Аҳмад «Аш-Шабоб»га қараганда кам ҳудудни бошқарарди. 2010 йили мамлакат Бош вазири этиб, АҚШ фуқаролигига эга Муҳаммад Абдуллоҳи Муҳаммад сайланди. Кейинроқ, Ҳарвард битирувчиси Абдували Муҳаммад Али ушбу лавозимни эгаллади. Шунинг билан мамлакатда ички зиддиятлар ривожланиб кетди. Эндиликда федерал ҳукумат Сомалиянинг 60 фоизга яқин ҳудудини ўз назоратига олган бўлсада, унда бир нечта маҳаллий ҳокимликлар пайдо бўлди.

Мамлакатнинг иқтисодий ҳолати

Название

Бу саволга жавоб бериш мушкул, гарчи фуқаролар урушини бир неча йиллардан бери бошдан кечираётган мамлакат бўлса ҳам, сомалиликлар деҳқончилик, чорвачилик ва анъанавий иқтисодий тармоқларни ривожлантириш билан кун кечириб келди. АҚШ МРБ ҳисоботига кўра, 1994 йилда давлат ЯИМ 3,3, миллиард долларга тенг бўлган. 2009 йилда бу кўрсаткич 5,7 миллиард доллардан ошган. Аҳоли асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини араб давлатларига экспорт қилиш билан шуғулланади. Сомалияда 2004 йилдан буён Кока-кола ва Жэнерал Моторс каби транс-миллий корпорациялар фаолият олиб боради.

Сомалияда гипс, темир, уран кони, нефть-газ ва титан рудаси борлиги аниқланган. Ҳукумат «Аш-Шабоб» гуруҳи билан келишмаслиги, унинг легитимлигини тан олмаслиги аниқ. Шунингдек, шимолда Сомалиленд мустақиллигини тан олиш масаласи очиқ қолган. Бунинг устига, Эфиопиянинг Сомали Республикасидаги сиёсий таъсири камайганича йўқ.

Мавзуга оид