Ўзбекистон | 18:26 / 20.04.2018
16341
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда қўшни Тожикистоннинг Сўғд вилояти делегацияси қизғин кутиб олинди

Самарқандда вилоят ҳокимлиги ва қўшни Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти ҳамкорлигида Бизнес форум иш бошламоқда.

22 апрелга қадар давом этувчи ушбу форум мобайнида Самарқанд ва Сўғд вилоятлари халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарувчиларининг кўргазма-ярмаркаси фаолият кўрсатади. Registon Plaza меҳмонхонасида бизнес-форум ўтказилади. Сўнгра эришилган келишувлар ва меморандумларни имзолаш маросими бўлиб ўтади.

Ушбу анжуманда қатнашиш учун Тожикистондан оммавий ахборот воситалари ходимлари, маданият соҳаси вакиллари, спортчилар ва ишбилармонлар етиб келишди.

Кеча «Юқори нуқта» йўл патрул хизмати масканида сўғдлик ишбилармонлар ва «Хўжанд» футбол клубини вилоят ҳокими ўринбосари Р. Қобилов кутиб олган эди.

Бугун «Жартепа – Саразм» чегара назорат пунктида Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода бошлиқ делегация аъзоларини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев иштирок этди.

Меҳмонлар чегарада нон-туз билан кутиб олингач, Қуръон тиловат қилинди, самарқандлик санъаткорлар иштирокида қисқача чиқиш қилинди.

Меҳмонлар бугун концерт дастури ҳамда «Динамо» ва «Хўжанд» футбол жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувини томоша қилишади. Тадбирнинг асосий воқеалари 21 ва 22 апрель кунлари бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид