Спорт | 02:16 / 24.05.2018
13342
2 дақиқада ўқилади

«Бешиктош» қўҳна қитъанинг энг тез ўсаётган клуби, МЮ — энг қимматбаҳоси

Фото: AFP

Истанбулнинг «Бешиктош» клуби Европанинг энг яхши футбол клублари ичра энг катта ўсишга эришган клуб бўлди, деб ёзмоқда Daily Sabah чоршанба куни эълон қилинган KPMG ҳисоботига асосланиб.

Ҳисоботга кўра, «Бешиктон»нинг 2018 йилнинг 1 январ ҳолатидаги баҳоси ўтган 1 йил ичида 52 фоизга ўсган ва 333 миллион еврони ташкил этган.

KPMG турк клуби қийматининг бу тарзда юқорилашини янги «Vodafone» стадионида ўйнай бошлагани, клуб 2016/17 йилга мавсумда Европа лигасининг чоракфиналига қадар етиб боргани билан тушунтирмоқда.

«Биз ҳар бир клубнинг активларини ҳисоблаб чиқамиз. Клубда айтайлик стадион, қимматбаҳо ўйинчилар, шунингдек қимматбаҳо бренд ва реклама шартномалари бўлса, шунингдек, унинг ижтимоий тармоқларда нечоғлик машҳурлиги ҳам ҳисобга олинади», — деган KPMG спорт бўлими маслаҳатчиси Жак Буссуге компаниянинг ҳисоблаш услубини тушунтирар экан.

Бу вақтда «Бешиктош»нинг тўғридан-тўғри рақобатчилари — Истанбулнинг «Галатасарой» ва «Фенербохча» клублари 13 ва 9 фоизга арзонлашган. Шерларнинг қиймати 330 миллион еврога қадар пасайган бўлса, Сариқ канарейкаларники 319 миллион еврони ташкил этмоқда.

Турк клублари Европанинг 32 та энг қиммат клублари рейтингида 23-, 25- ва 27-ўринларни эгаллашган.

Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клуби ушбу рейтингни бошқармоқда. Унинг баҳоси ўтган йилга нисбатан 5 фоизга ошган ва 3,2 миллиард еврони ташкил этмоқда. Испания грандлари «Реал» 2,9 миллиард евро ва «Барселона» 2,8 миллиард евро билан дастлабки учликни якунлаб беришган.

Кўҳна қитъанинг 32 та энг бадавлат клубининг умумий қиймати 32,5 миллиард еврони ташкил этган. Бу 2017 йилдагига нисбатан 9 фоизга кўпдир.

Мавзуга оид