Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанддаги ўнлаб чақалоқлар ўлдирилган туғуруқхона бўйича баёнот берди
17 июнь куни интернетда Самарқанд шаҳрида бундан бир ярим йил аввал, яъни 2017 йил бошида сунъий аборт орқали туғилган чақалоқлар савдоси билан шуғулланган Наргиз Ҳамдамовна Санаханова бошқарувидаги хусусий «туғуруқхона» аниқлангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Шифохона ходимлари чақалоқларни сохта ҳужжатлар билан 500 дан 2000 долларгача бўлган нархларда фарзандсиз оилаларга пуллаган. Сотилмай қолган гўдаклар нобуд қилинган. Чақалоқларнинг жонсиз таналари эса тиббий чиқиндиларни ёқишга мўлжалланган муфел печида ёқиб юборилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хусусий тиббиёт муассасаларига акушерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилмагани ҳақида маълум қилди.
«Соғлиқни сақлаш вазирлиги шуни маълум қиладики, хусусий тиббиёт ташкилотлари учун туғуруқни қабул қилиш фаолияти тақиқланган тиббий фаолият тури рўйхатига киритилган. Бу меъёр қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилган. Шу боис, ушбу ихтисослик тури бўйича лицензия ҳам берилмайди. Хусусий тиббиёт ташкилотларининг бундай фаолият билан шуғулланиши эса, ноқонуний фаолият сифатида баҳоланиб, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади», дейилган ахборотда.
«Самарқанд шаҳрида жойлашган Наргиз Санаханова бошқарувидаги «Sam so’zani plus» хусусий тиббиёт муассасаси лицензияда кўрсатилмаган туғуруқни қабул қилиш фаолияти билан шуғуллангани учун лицензиясининг амал қилиши Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан суд тартибида уч марта тугатилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар гал бундай ноқонуний ҳолат аниқланганда, ўтказилган ўрганиш ва текшириш материалларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиб, лицензия талаб ва шартларини қўпол бузган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган қатъий чоралар кўрилишини талаб қилиб келган. Натижада ташкилотнинг масъул шахсларига нисбатан суд томонидан дастлаб маъмурий, сўнгра эса жиноий жазолар қўлланилган», дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Нодавлат ташкилотларининг тиббий фаолиятини лицензиялаш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Раҳимқулов.
Лицензиясининг амал қилиши суд тартибида тугатилгач, ташкилотнинг лицензия олиш учун қилинган мурожаатларига кўра, қонунда кўзда тутилган меъёрларга асосан «Sam so’zani plus» хусусий тиббиёт муассасасига қайта лицензия берилган. Аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу муассасада туғуруқни қабул қилиш билан боғлиқ фаолият қаттиқ назоратга олинганидан сўнг, ташкилот ходимлари чақалоқларни сотиш учун янги усулни — ҳомилани сунъий йўл билан тушириш орқали болани муддатидан олдин туғдириб, гўёки онани хавфли вазиятдан сақлаб қолганлик ниқоби остида ўз ниятларини амалга оширишган. Бироқ уларнинг бу жинояти ҳам фош этилди. 2016 йилнинг охирида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган текширувлар натижасида клиникада ноқонуний ҳолатлар юзага келгани такроран аниқланган.
Маълум бўлишича, аксарият ҳолларда «Sam so’zani plus» хусусий тиббиёт муассасаси бирламчи бўғинда ҳисобда туришдан қочган, ҳеч бир тиббиёт муассасасида назоратда бўлмаган ҳомиладор аёлларни туғдириб, тақиқланган тиббий хизмат фаолияти билан шуғулланиб келган.
Шундан сўнг, «Sam so’zani plus» хусусий тиббиёт муассасасига 2015 йилда берилган 7087-00-рақамли лицензиянинг амал қилиши Самарқанд вилоят хўжалик судининг 2017 йил 19 январдаги ҳал қилув қарори билан тўртинчи бор тугатилади. Текшириш материаллари прокуратурага тақдим этилган. Муассасанинг масъул шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Шундан буён «Sam so’zani plus» МЧЖга тиббий фаолият учун лицензия қайта берилмаган.
«Хусусий тиббиёт муассасаларига акушерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилмаган. Бу чекловлар тегишли қонунчилик ҳужжатларида ўз ифодасини топган. Хусусий тиббиёт муассасалари фақат гинекология тиббий ихтисослиги доирасидагина фаолият олиб бориши мумкин. Соддароқ қилиб айтганда, гинекология – бу фақат аёл киши организмига хос бўлган касалликларни даволайдиган тиббий ихтисослик тури ҳисобланади. Акушерлик эса аёл кишида бўладиган ҳомиладорлик, туғиш жараёни ва туғуруқдан кейинги ҳолатни ўрганувчи ва тиббий ёрдам кўрсатувчи ихтисосликдир. Кўриниб турибдики, ҳомилани тўхтатиш (аборт қилиш) бу акушерлик ихтисослигига тегишли аралашувдир. Шу сабабдан ҳомилани тўхтатишни фақат акушерлик бўйича фаолият юритадиган давлат тиббий муассасаси амалга ошириши лозим», — дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова. —
«Рўй берган ноқонуний ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ушбу йўналишдаги тегишли норматив ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришни, хусусий тиббиёт ташкилоти фаолияти устидан қатъий назорат ўрнатишни, лицензия сўраб мурожаат қилувчи шахсларга қўйиладиган талабларни кучайтириш, айниқса, фаолияти тўхтатилган хусусий клиникага қайта лицензия бериш тартиби ва шартларини қатъийлаштириш кераклигини кўрсатади. Гап инсон саломатлиги ва ҳаёти ҳақида борар экан, бунда ҳар бир масалага чуқур ёндашиш ва қатъий талаблар асосида ишлаш лозим», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024