Ўзбекистон | 13:49 / 11.07.2018
59021
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан иш вақти қандай тартибда белгиланган?

Фото: pixabay

KUN.UZ таҳририяти келаётган таклиф ва саволларга асосланган ҳолда қонунчиликка оид энг кўп бериладиган саволларга тўхталиб ўтади.

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодекси 115-моддасига асосан ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Шу билан биргаликда олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим. 

Иш вақтининг қисқартилиши бир қанча тоифадаги шахсларга нисбатан амал қилади. Улар қуйидагича белгиланган:

•  ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимлар;
•  I ва II гуруҳ ногирони бўлган ходимлар;
•  ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар;
•  алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги ходимлар;
• уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёллар.

Байрам (ишланмайдиган) кунлари арафасида кундалик иш (смена) муддати барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади.

Алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги ходимлар учун иш вақтининг қисқартирилган муддати қандай?

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодекси 118-моддасида келтирилишича, юқори даражадаги ҳис-ҳаяжон, ақлий зўриқиш, асаб танглиги билан боғлиқ, яъни алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги айрим тоифадаги ходимлар учун (тиббиёт ходимлари, педагоглар ва бошқалар) иш вақтининг муддати ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қилиб белгиланган.

Тунги вақтдаги ишнинг муддати қандай?

Соат 22-00 дан то соат 6-00 гача бўлган вақт тунги вақт, деб ҳисобланади.

Агар ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатининг камида ярми тунги вақтга тўғри келса, тунги иш вақти муддати бир соатга, иш ҳафтаси муддати ҳам шунга мувофиқ равишда қисқартирилади.

Мавзуга оид