Челак деҳқон бозори муаммолар гирдобида: уни ўз жойида қолдириш керакдир
Элли ер – бозор, элсиз ер – мозор. Элнинг бозорига, мозорига тегинма, деган мақолларни аждодларимиз бекорга айтишмаган. Самарқанднинг Пайариқ туманида жойлашган Челак шаҳри деҳқон бозори ҳам кўпчиликка яхши таниш. Нафақат қўшни туманлар, балки яқин атрофдаги бошқа вилоят туманлари фуқаролари ҳам азалдан шу ерга келиб, бозор-ўчар қилишга одатланишган. Қолаверса, у Ўзбекистоннинг бугунги кунда ҳам фаолият юритиб турган қадимги бозорларидан бири ҳисобланади. Бозор тарихи 300-400 йилдан ошади. Бироқ мазкур бозорни кўчириш билан боғлиқ ишлар ўлда-жўлдалиги, бир неча йилдан бери узил-кесил ҳал қилинмай чўзилиб келаётгани аҳолини қийин аҳволга солиб қўйган.
Kun.Uz сайти ходимлари ушбу бозор билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар тушгани сабабли вазиятни ўрганиш мақсадида Самарқанд вилоятига хизмат сафари уюштириб, ҳолатни ўрганишга ҳаракат қилди. Даставвал, бу ерда савдо қилаётган фуқаролар билан мулоқот қилиш асносида бозордаги умумий санитар-гигиеник вазиятга ҳам эътибор қаратдик.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, эски деҳқон бозори 2015 йилдан бери ёпилган бўлиб, сотувчилар янги бозорга аҳоли бормаслиги туфайли шу ерга келиб савдо қилишга мажбур. “Қолаверса, шаҳар аҳолисининг аксар қисми бозор атрофидаги маҳаллаларда истиқомат қилиши инобатга олинса, ишдан қайтаётганлар учун уйига у-бу нарса харид қилишда эски бозор анча қулай. Бирор кило мева-чева ёки 4та нон олиб уйига қайтадиган одам ҳеч қачон таксига ўтириб янги бозорга бормайди”, - дейди суҳбатдошлар.
Бозорда савдо қилувчиларнинг аксарияти, янги эмас, эски бозорда шароит яхшиланса мақсадга мувофиқ бўлишини, бу ерда савдо қилувчилар ҳам қонуний тартибда фаолият юритишдан манфаатдор эканликларини таъкидлашди. Ҳатто айримлари, оилавий шароити тўғри келмагани боис, Самарқанд шаҳридан нон олиб келиб сотиш билан тирикчилик қилишини, бошқа бирлари ўз томорқасида етиштирган маҳсулотини сотаман, деса туман солиқ ва ички ишлар идоралари ходимларининг кескин чораларидан азият чекаётганликларини айтишди.
Ахир на бузилган, на бузилмаган деҳқон бозорида ички ишлар ва солиқ ходимларидан қочиб, кун кечириш илинжида, минг хавотирда нон, кўкат, бир қутида помидор ёки бодринг сотаётганларга кўзимиз тушди. Улар ҳам ўзимизнинг фуқаролар, улар ҳам ўғирликни ор билиб, ҳалол меҳнат билан уйимга 4-5 сўм пул орттириб бораман, деган умидда бозорга чиқишган эмасми? Агар, бошқа даромад манбаи бўлганида, улар бозорга чиқиб, солиқ ва ички ишлар ходимлари билан асаббузарлик қилишармиди?
Янгисини қурмасдан, эскисини бузма, деган нақл бор. Аммо, бизни ажаблантирган нарса, янги бозор тўлиқ фойдаланишга топширилмасдан, эски бозорнинг усти ёпиқ мева-сабзавот расталари бузилиб, музхона ва мева-сабзавотларни тез музлатиш корхонаси қурилиши учун бериб юборилганидир. Тасвирга олиш гуруҳимиз билан мулоқот қилган фуқаролар ҳам, туман ҳокими ҳам корхонани ишга тушириш пайсалга солинаётганини тасдиқлашди.
Сайёр гуруҳимиз билан ҳали қурилиши тугалланмаган Янги бозорга бордик ва у ерда савдо қилаётган тадбиркорлар билан ҳам суҳбатлашдик. Янги бозордаги тадбиркорлардан бирининг айтишича, унинг бу ерга келиб орттиргани солиқ, ижара ҳақи ва чек тўловларидир. Чунки, ҳафтанинг икки куни, бозор бўладиган чоршанба ва якшанба кунларидан ташқари, харидорлар деярли келмайди. Янги бозорнинг автотураргоҳи асфальт қилинмагани, умуман қурилиш ишларининг тугалланмай қолгани, чалабитган дўконларнинг ахлатхонага айланиб улгурганини қандай изоҳлашни билмадик.
Биз маҳаллий ҳокимият идорасининг Челак деҳқон бозори хусусида изоҳларини олиш мақсадида Пайариқ тумани ҳокимлигига бориб, даставвал ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича муовини Шавкат Тошпўлатовдан изоҳ сўрадик.
Ҳоким муовинига, унинг таъбири билан айтганда “тартибсизликлар келтириб чиқараётган олибсотарлар” муаммоси хусусида сўз юритар эканмиз, шаҳарда (умуман туманда бирор кўзга кўринган завод-фабрика йўқ, пахтани тозалаш заводидан ташқари) ишсизликдан азият чекаётганлар нима қилиши керак, деган савол берамиз. Бироқ бу саволимиз жавобсиз қолди. Эски бозор атрофини гир айлана қурилган 77та дўконда ва мева-сабзавот расталарида бир вақтлар 2000дан ортиқ инсон оила тебратганига нима дейсиз?!
Қурилиш ишлари муовини билан суҳбатдан сўнг, туман ҳокими Абдумўмин Жўраев билан Челак деҳқон бозори реконструкцияси ва янги бозор қурилиши хусусида суҳбатлашдик.
Жўраевнинг маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 2 августдаги 253-сонли “Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2013 йил 28 мартдаги 71-сонли “Самарқанд вилояти Пайариқ туманини 2013-2015 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда Пайариқ ва Челак шаҳарчаларини архитектура талаблари асосида қиёфасини ўзгартириш ва ободонлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги йиғилиш баёни, туман ҳокимининг 2015 йил июндаги 874-Қ сонли қарори асосида Челак шаҳридаги деҳқон бозори янги барпо қилинган савдо комплексига кўчирилган. Усти ёпиқ мева-сабзавот растаси эса, туман ҳокимининг 2015 йил 16 июлдаги 651-Қ сонли қарори билан “Agro Eco Fruits” МЧЖга меваларни тез музлатиш, қуритиш ва қадоқлаш корхонасини қуриш учун ижарага берилган. Бироқ МЧЖ шу вақтгача усти ёпиқ расталар атрофини бетон блоклар билан ўрашдан нарига ўтмаган.
Шу ўринда бир савол туғилади: Атрофи дўконлар билан ўраб олинган эски раста ҳудудида меваларни тез музлатиш, қуритиш ҳамда музхона барпо этиш бу каби иншоотларни қуриш талабларига қанчалик мос келади? У ишга ҳам тушди, дейлик, аммо асосан пахта-буғдойга ихтисослашган туманда ишлаётган бу корхона тўлиқ куч билан ишлаши учун мева-чевани бошқа туманлардан ташиса, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдими?
Биз бозор масаласи бўйича Челак деҳқон бозорида 10та дўкон эгаси, асли ўзбекистонлик, бугунги кунда Канадада истиқомат қилиб, тадбиркорлик соҳасида улкан натижаларга эришган челаклик аёл Шоира Ҳасанова билан интернет орқали мулоқот қилишга муваффақ бўлдик.
Биз туман ҳокимининг 2013 йил 20 мартдаги 231-Қ қарорида таъкидланганидек, “Челак деҳқон бозори” балансидаги автомототранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойи қурилиши тугалланмагани ва фойдаланишга топшириш далолатномаси бўлмагани боис туман ҳокимлиги балансига қайтарилгани юзасидан Шоира опага савол бердик. Унинг бизга маълум қилишича, деҳқон бозорига кираверишдаги автомобиллар тўхташ жойи қурилиши якунланмай қолгани асоссиз иддаодир. У ўз сўзларини исботи сифатида бизга автотураргоҳ суратларини тақдим этди.
Шоира опанинг айтишича, Челак деҳқон бозори бузилмасидан аввал, бир ойда 160 млн сўм чек пули тушган. Агар бозор 22 ойдан бери расман фаолият юритмагани инобатга олинса, буёғи оддий арифметика: чек пулидан бой берилганининг ўзи 3 млрд 520 млн сўмни ташкил этади. Янги бозор қачон тўлиқ фойдаланишга топширилиши номаълум, эскиси пароканда ҳолатдалигидан келиб чиқсак, бу рақам ҳали ўсаверади.
Бундан ташқари, Шоира Ҳасанова деҳқон бозори растаси ҳудудининг тадбиркорга берилганига доир икки хил маълумот борлигини ҳам таъкидлаб, сўзларини исботловчи ҳужжатларни тақдим этди. Шунингдек, мабодо деҳқон бозори эски жойида қолдиришга қарор қилинса, амалий ёрдам беришга доим тайёр эканини алоҳида таъкидлади.
Хуллас, Янги ва Эски бозордаги умумий аҳвол кишини қониқтирмайди. Янги бозорда қурилиш ишлари ўлда-жўлда бўлса, эскисида ўртадаги усти ёпиқ собиқ раста бузилиб, атрофи ўралиб олингани туфайли йўлаклар торайиши оқибатида, қўпол бўлса ҳам айтаман, ит эгасини танимайди. Санитар аҳволни гапирмаса ҳам бўлади. Қўланса ҳид бозорга киришингиз билан то тарк этгунингизча, сизни тарк этмайди.
Таъкидлашни истардикки, бугунги кунги ислоҳотлар давлат раҳбари томонидан эълон қилинган ва бот-бот такрорланаётган "Халқни рози қилиш" шиорига асосан барпо қилинмоқда. Челакнинг тубжой аҳолиси эса, кийим-кечак бозори эмас, балки айнан деҳқон бозори эски жойида қолдирилишини мақсадга мувофиқ бўлар эди, деб ҳисобламоқда. Балки мутасаддилар бу таклифни ҳам ўрганиб таҳлилий равишда, деҳқон бозорининг шаҳар марказидан кўчирилиши масаласини танқидий ўрганиб чиқишар?!
Толиб Раҳматов, KUN.UZ мухбири
Фазлиддин Абдуқодиров, KUN.UZ оператори
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024