Жаҳон | 20:30 / 17.11.2018
18846
19 дақиқада ўқилади

«Иқтисодий қамчи» – санкциялар киритиш тарихидан

Фото:epa/vostock-photo

Деярли кунора қайсидир давлатнинг юридик ёки жисмоний шахсларига нисбатан санкциялар киритилгани ҳақидаги хабарга кўзимиз тушади. Баъзан бу санкциялардан наф борми, деган хаёлга ҳам боради киши. Санкциялар киритиш одати қачондан ва қаерда бошланган, санкция киритиш бўйича ким етакчи?

Узоқ ўтмиш мероси

Бошқа давлатларга қарши санкция жорий этиш юзлаб йиллардан буён мавжуд. Тарихдаги дастлабки иқтисодий санкция киритиш ҳолати Қадимги Юнонистонда қайд этилган. Эрамиздан аввалги 423 йилда Афина ҳукмдорлари Мегара вилояти савдогарларига Афина портлари ва бозорларига киришни тақиқлашган. Бу қонли Пелопоннес уруши бошланишига олиб келган.

Хитой билан алоқа қиладиган давлатлар вақти-вақти билан унинг иқтисодиётини издан чиқариш ва таъсирини камайтириш мақсадида ипак матодан тайёрланган либос кийишни тақиқлашган.

12 асрда Рим папаси Александр III католикларга мусулмонлар, даҳрийлар, яҳудийлар ва моховлар билан савдо-сотиқ қилишни тақиқлаган.

Буюк Британия билан кураш олиб бораётган император Наполеон Бонапарт Франция босиб олган давлатларга Британия маҳсулотларини сотиб олишни тақиқлаган. Иқтисодий қамал 8 йил давом этган ва Британия, Нидерландия ҳамда Италия иқтисодиётига катта зарар етказган.

Уруш сабабларидан бири

Дўст бўлмаган давлатларга нисбатан савдо санкцияларини қўллаш стратегияси илк бор XVIII аср охирида Британия империяси томонидан ишлаб чиқилган ва амалда фойдаланилган. 1888 йилда Буюк Британия аҳолиси ер шари аҳолисининг атиги 2 фоизини ташкил этар, аммо дунёда айланадиган барча саноат маҳсулотларининг 54 фоизи ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келарди. Бу рекорд кўрсаткич шу кунгача бошқа ҳеч қайси давлат томонидан қайд этилмаган.

Савдо санкциялари бошқа давлатларга босим ўтказиш учун Буюк Британия тез-тез қўллайдиган қурол эди. Британиялик файласуф Томас Ҳаксли 1890 йилда барча савдо урушларининг мафкуравий асосига айланган қуйидаги фикрларни ёзганди: «Бизнинг халқимиз – харидорлар. Харидорлар яхши нархга яхши маҳсулот сотиб олишни исташади. Бошқа давлатлар аҳолиси ҳам худди шундай. Агарда уларнинг ҳукмдорлари маҳсулотларимизни уларга сотишга тўсқинлик қиладиган бўлса, тез орада 5-6 миллион англиялик оч қолади. Шунинг учун биз дўконларимизни ана шундай давлатлар маҳсулотларидан ҳимоя қилишимиз ва бу ҳукмдорларга таъсир ўтказишга уринишимиз даркор».

Аммо Биринчи жаҳон уруши изоляционизм руҳини пайдо қилди. Америкалик тадқиқотчи Жон Смитнинг ёзишича, Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларининг сабабларидан бири бой ва қудратли давлатлар ўртасидаги доимий савдо низолари бўлган.

Масалан, 1914 йилда Буюк Британия ва Франциянинг Германияга қарши урушга кириши ўша давр сиёсатчилари томонидан «миллий савдо манфаатларини Германия босқинидан ҳимоя қилиш» дея асосланган.

1920 ва 1930 йиллардаги жаҳон иқтисодий тушкунлик даври кўп давлатларнинг божхона тарифларини оширишига ва импортни чеклашига олиб келди. Бу Иккинчи жаҳон уруши бошланишининг сабабларидан бири бўлди. Мисол учун, Европа давлатлари билан савдо низолари Япониянинг урушга қўшилишига олиб келган.

Япония уруш ҳаракатларини бошлагач, урушда иштирок этмаётган АҚШ Японияга нефть маҳсулотлари етказиб беришга санкция киритди. Нефть манбаларидан мосуво бўлган Япония буни иқтисодий тажовуз деб баҳолади ва 1941 йилда улар СССРга эмас, АҚШга ҳужум қилишди.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Ғарб давлатлари кооперация жаҳон иқтисодиётининг барча иштирокчиларига ёрдам беради деган қарорга келди – изоляционизм сиёсатини олиб бораётган СССР уларнинг асосий душманига айланди. 1940-1950 йиллар охирларида халқаро савдо ўса бошлади, савдо муносабатларини тартибга солиб турувчи ва изоляционизмга қарши курашувчи халқаро тузилмалар ташкил этилди. Бу жаҳон иқтисодиётини тубдан ўзгартириб юборди. 

Аммо иқтисодий санкциялар тизими йўқолиб кетмади. Баъзан улар улкан зарар ҳам келтирди.

Масалан, 1973 йил 20 октябрда нефть экспорт қилувчи араб давлатлари АҚШга нефть маҳсулотлари етказиб беришга эмбарго киритди. Бу Американинг Исроилни қўллаб-қувватлашига жавобан амалга оширилди. Натижада, жаҳон бозорида нефть нархи бир неча баробарга кўтарилиб кетди. 1974 -1975 йилларда Шимолий Америка ва Ғарбий Европа давлатлари чуқур иқтисодий инқирозга тушиб қолди. Стратегик истиқболда эса араб давлатларининг ўзи бундан энг кўп жабр кўрди.

«Нефть ҳужуми»дан сўнг Ғарб ўзининг энергетик сиёсатини буткул ўзгартирди: автомашиналар янада тежамлироқ қилиб ишлаб чиқарила бошланди, нефть ўрнига муқобил манбалар қидирила бошланди, унинг ўрнини босувчи энергия манбаларини топиш учун катта пул ажратилди. 

Санкциялар сабаби

Санкциялар одатда фаол глобал ташқи сиёсат олиб бораётган  давлатлар томонидан киритилади. Петерсон жаҳон иқтисодиёти институтининг санкциялар бўйича мутахассиси Гэри Ҳафбауэр давлатлар қуйидаги омиллар сабабли санкция жорий этади деб ҳисоблайди:

ўз қатъийлигини намойиш этиш, бу айниқса АҚШ томонидан кўп кузатилади. Ҳаттоки, санкциядан сезиларли натижага эришиш жуда кам бўлса ҳам, АҚШ сиёсий тизими президентларни бошқа мамлакатларнинг ҳаракатларига нисбатан муносабатни кескинлаштиришга мажбур қилади. Бошқача айтганда, ҳаракатсизликдан кўра санкция киритган яхши, чунки ҳаракатсизлик мамлакат ичида ҳам, дунёда ҳам АҚШнинг кучига бўлган ишончни сусайтиради;

давлатнинг муаммо пайдо қилиши мумкин бўлган келгусидаги ҳаракатларининг олдини олиш;

Санкциялардан мақсад

Фото: panthermedia/vostock-photo

Ҳафбауэрнинг ёзишича, санкциялар бешта мақсаддан бирига эришиш, баъзида барчасига эришиш учун киритилади:

санкция қўлланилаётган давлатнинг маълум бир соҳадаги сиёсатини ўзгартириш, масалан, инсон ҳуқуқлари, матбуот ва сўз эркинлиги, диний эркинлик тамойиллари бузилганида;

санкция қўлланилаётган давлат режимини алмаштириш орқали унинг сиёсатини ўзгартириш;  

ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш: Бангладеш мустақиллиги учун уруш вақтида АҚШ Ҳиндистон ва Покистонга нисбатан санкциялар киритиш орқали бунга эриша олган;

мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини парчалаш;

санкция қўлланилаётган давлат сиёсатининг бошқа муҳим йўналишларини ўзгартириш.

Қайд этилишича, санкциялар дўст ёки нейтрал давлатларга нисбатан киритилганида анча самарали бўлади: дўст мамлакатларга қарши жорий этилганида қарийб 50 фоиз, нейтрал мамлакатларга нисбатан 33 фоиз ва душман мамлакатларга нисбатан киритилганида 19 фоиз муваффақият келтиради.  

Американинг санкциялар «қамчиси»

Фото: Reuters

Санкциялар АҚШ ташқи сиёсатининг энг асосий қуролларидан бири ҳисобланади. Узоқ 1919 йилда АҚШ президенти Вудро Вильсон шундай деганди: «Бойкотга дуч келган мамлакат таслим бўлишга яқин бўлади. Иқтисодий, тинч, ҳалокатли чораларни кўринг ва куч ишлатишга ҳожат қолмайди. Бу даҳшатли доридир. Ундан бойкот қилинаётган давлат ташқарисида ҳеч ким ўлмайди, аммо у бирорта ҳам давлат дош бера олмайдиган босимни пайдо қилади».

Халқаро инвестиция ташкилотининг тадқиқотига кўра, ҳаттоки АҚШ маҳаллий органлари ҳам санкция киритиш жараёнига қўшилган. АҚШнинг 25 шаҳри бошқа давлатларга нисбатан санкция киритган. Бундай санкциялар бемаъниликдек кўринса-да, айрим экспертлар Нью-Йорк ва Лос-Анжелес каби йирик мегаполисларнинг Швейцария молия тузилмаларига қарши санкциялар киритиш таҳдиди швейцариялик банкирларни нацистларнинг омонат жамғармалари ҳақидаги маълумотларни беришга мажбур қилган деган фикрга келишган. 

Қўшма Штатлар «совуқ уруш» тугаганидан кейин санкциялар жорий этишни кўпайтирган. 1918 йилдан 1992 йилгача (84 йил) 64 марта санкция жорий этган бўлса, 1993 йилдан 2002 йилгача (9 йил) бу қуролдан 61 марта фойдаланган.

1997 йилги статистикага кўра, дунё аҳолисининг 42 фоизи АҚШ томонидан турли кўринишдаги санкциялар киритилган давлатларда истиқомат қилган. 

АҚШ турли даврларда қуйидаги давлатларга нисбатан санкциялар жорий этган:

Беларусь
Америка Беларусга қарши 2004 йил октябрда, «Беларусдаги демократия тўғрисидаги акт» орқали санкциялар киритган. 2006 йилда АҚШ Конгресси «Беларусдаги демократия тўғрисида аниқлаштирувчи акт»ни қабул қилди ва аввалги санкцияларни яна икки йилга узайтирди.

2011 йилда «Беларусдаги демократия ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги акт» қабул қилинди. Ҳужжат билан қора рўйхатдаги амалдорлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари доираси кенгайтирилди, АҚШ халқаро хоккей федерациясини хоккей бўйича Минскда бўлиб ўтадиган 2014 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарликни тўхтатишга чақирди.

2012 йил бошида президент Лукашенко, унинг икки ўғли ва амалдорларга – жами 157 кишига АҚШга кириш тақиқланди. 2013 ва 2014 йилларда санкциялар муддати яна бир йилга узайтирилди. 

Ироқ
Эрон-Ироқ уруши тугаганидан сўнг (1980-1988) АҚШ Ироққа ҳарбий мақсадларда фойдаланилиши мумкин бўлган жиҳозларни экспорт қилишни тақиқлади.

1990 йилда терроризмни қўллаб-қувватловчи давлат сифатида Ироққа қарши савдо санкциялари жорий этилди. 

1992 йилда Ироққа  қурол етказиб бериш тақиқланган қонун қабул қилинди. 

2003 йилда АҚШ президенти Жорж Буш Ироққа нисбатан 1990 йилда жорий этилган санкцияларни бекор қилди.

Куба
Кубанинг АҚШ томонидан иқтисодий қамал қилиниши қарийб 60 йилдан буён давом этиб келмоқда. Куба савдо қамалига расман 1962 йилда Жон Кеннеди томонидан қабул қилинган декрет асосида маҳкум этилган бўлса-да, амалда бу қамал 1959 йил 1 январда Куба инқилоби ғалаба қозонганидан кейиноқ бошланган.

Кубага нисбатан 1917 йил 6 октябрда қабул қилинган, АҚШ фуқаролари ва компанияларига Қўшма Штатлар билан уруш ҳолатида бўлган давлатлар билан савдо операциялари олиб боришни тақиқловчи «Душман билан савдо тўғрисидаги қонун» амал қилади. Бу қонуннинг амал қилиши ҳар йили узайтирилади. 

1996 йилда АҚШ Конгресси Куба билан савдо қилувчи хориж компанияларига қарши санкциялар тўғрисидаги «Хелмс-Бертон қонуни»ни қабул қилди.  

КХДР
1948 йилда Кореянинг иккига бўлиниши ва 1950 йилда Корея уруши бошланганидан сўнг АҚШ КХДР билан экспорт, савдо муносабатларини тақиқловчи қатор қонунларни қабул қилди. Қонунларга мувофиқ, КХДРга Американинг ҳар қандай маҳсулоти ва техник хизматларини давлат департаменти рухсатисиз ҳаттоки учинчи давлатлар орқали ҳам экспорт қилиш мумкин эмасди. КХДР фуқароларининг АҚШдаги маблағлари музлатиб қўйилди.

2005 йил октябрда АҚШ оммавий қирғин қуроли технологияси тарқалишига қарши кураш иддаоси билан Шимолий Кореянинг саккизта компаниясига қарши санкция киритди.

2013 йил февралда КХДР ядро синовини ўтказганидан сўнг АҚШ Шимолий Кореяга нисбатан яна қатор санкцияларни жорий этди.

2016 йил мартда Шимолий Корея Sony Pictures компанияси сайтига кибер ҳужумларни ташкил этишда айбланди ва унга қарши янги санкциялар киритилди.  

Ливия
2011 йил 26 февралда АҚШ президенти Барак Обама Ливия раҳбари Муаммар Қаззофий, унинг ҳукумати ва оила аъзоларига нисбатан бир томонлама молиявий санкциялар жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолади.

Санкциялар Қаззофий режимига қарши тўққиз ойга яқин давом этган қуролли исён ортидан қабул қилинди. 2011 йил октябрда Қаззофий ўлдирилди.

Ўша йил декабрида Ливияга нисбатан аксарият санкциялар бекор қилинди. 

Мьянма
Мьянмага қарши санкциялар 1997 йилда киритилган. Америка компанияларига Мьянма иқтисодиётига инвестиция киритиш тақиқланган. 2003 йилда санкциялар кучайтирилган. Мьянмадан импорт қилиш бутунлай тақиқланган, ҳукуматнинг АҚШдаги маблағлари музлатилган, халқаро молия муассасаларида АҚШ вакиллари бу давлатга кредит ажратишга қарши овоз беришлари буюрилган.

2008 йилда президент Бушнинг фармонига мувофиқ Мьянма давлат компанияларининг АҚШ банк тизимидаги маблағлари музлатилади. Ўша йилнинг июлида савдо санкцияларини янада кескинлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси имзоланади. 

2013 йилда Мьянманинг КХДР билан қурол-яроғ ва ҳарбий техника савдосида гумонланган учта саноат компанияси ва икки офицерига нисбатан санкциялар жорий этилди. 

2016 йилда бу давлатга нисбатан санкциялар режими муддати узайтирилди. Қора рўйхатдаги компания ва шахслар номи кўпайди. 

Ракхайн штатида инсон ҳуқуқлари поймол қилиниши сабабли (роҳингялар геноциди) 2018 йилда Вашингтон Мьянмага нисбатан янги санкциялар киритди.

Сурия
2004 йил 11 майда АҚШ президенти Жорж Буш «Суриянинг жавобгарлиги тўғрисидаги» қонунга мувофиқ, Сурияга қарши қатор иқтисодий санкцияларни киритди. Буш Сурия раҳбариятини терроризмни қўллаб-қувватлашда, Ливанни босиб олишда, оммавий қирғин қуролини яратиш дастурини амалга оширишда, халқаро ҳамжамиятнинг Ироқда барқарорлик ўрнатиш бўйича ҳаракатларини йўққа чиқаришда айблади.

2006 йил апрель-майда АҚШнинг Сурияга қарши санкциялари кенгайтирилди. 

2008 ва 2011 йилларда Суриянинг юқори лавозимли амалдорларига ҳамда президент Башар Асадга нисбатан санкциялар жорий этилди.

2012 йил апрель ва июль ойларида санкциялар рўйхати кенгайтирилди.

2014 йил майда Барак Обама Сурияга қарши санкцияларнинг амал қилиш муддаи узайтирилишини маълум қилган бўлса, ўша йил октябрида санкциялар рўйхати янада кенгайтирилди.

Хитой
АҚШ Хитойга қарши 1989 йил 3-4 июнда Пекиндаги Тяньаньмэнь майдонида талабалар намойиши куч билан бостирилганидан сўнг халқаро санкцияларни киритган.

Хитойни тўлиқ яккалаб қўйиш мақсадида Вашингтон туркум чораларни қабул қилган. Улар Хитой билан юқори даражадаги барча мулоқотлар вақтинчалик тўхтатилиши, ҳарбий соҳадаги алмашувлар бас қилиниши, ХХРга ҳар қандай қурол ва ҳарбий техника етказиб беришга нисбатан мораторий эълон қилинишини ўз ичига олганди. АҚШ Конгресси Хитойга нисбатан иқтисодий санкциялар дастурини маъқуллади. Шу билан бирга президент Жорж Буш Американинг халқаро молия ташкилотларидаги вакилларига Хитойга кредит ажратишни тўхтатиб туришга эришишлари кераклигини айтди.

1993 йилдан АҚШ Хитой билан низолашиш сиёсатидан воз кечди ва муносабатларни яхшилашга киришди.

Эрон
АҚШ 1979 йилда Теҳрондаги элчихонаси босиб олинишига жавобан Эроннинг Америкадаги банкларда бўлган барча маблағларини музлатиб қўйган. 1980 йилда АҚШдан Эронга ҳар қандай маҳсулотни экспорт қилиш тақиқланган.

Сўнгра Эрондан АҚШга ҳар қандай маҳсулот импорти, америкаликларнинг Эронга боришлари тақиқланди.

1984 йилда халқаро молия ташкилотларининг Эронга кредит бериши тақиқланди. 1987 йилда АҚШ ва Эрон ўртасида товар айирбошлаш бутунлай тўхтатилди.

1996 йилда АҚШ Конгресси янги санкциялар ҳақидаги қонунни тасдиқлади, унга кўра, Эрон энергетикасига 20 миллион доллардан ортиқ инвестиция киритган ҳар қандай давлатга нисбатан санкциялар жорий этиларди.

2005 йилда атом ва қурол саноати билан боғлиқ бўлган Эрон банклари, компаниялари ва жисмоний шахсларига нисбатан санкциялар киритилди.

2014 йил декабрда Эрон ҳукумати билан алоқадор жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар киритилди.

2017 йил апрелда Дональд Трамп маъмурияти инсон ҳуқуқларини бузишда айблаб Теҳрон қамоқхоналар ташкилотини санкциялар рўйхатига киритди, май ва июлда эса «Эроннинг баллистик ракета дастурини, ҳарбий харидларини ёки «ислом инқилоби қўриқчилари» корпусини қўллаб-қувватлаган» қатор юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан санкцияларни кенгайтирди.

Ўша йил августда Эроннинг баллистик ракеталарни ишлаб чиқиш дастурига алоқадор шахсларга нисбатан чекловлар жорий этилди.

13 октябрда АҚШ молия вазирлиги Эроннинг учта ташкилотига нисбатан санкция жорий этди ҳамда «ислом инқилоби қўриқчилари» корпусини «терроризмни қўллаб-қувватловчи» ташкилотлар рўйхатига киритди.

16 ноябрь куни Трамп Эрон нефти ва нефть маҳсулотларига нисбатан жорий этилган эмбаргонинг амал қилиш муддатини узайтирди.

Жорий йилнинг 4 январида АҚШ молия вазирлиги Эроннинг баллистик ракеталар ишлаб чиқариш дастурига алоқадор бешта ташкилот ва Вашингтон фикрига кўра террорчи гуруҳлар билан алоқадор уч нафар жисмоний шахсга нисбатан санкциялар жорий этди. 12 январь куни эса инсон ҳуқуқларини бузишга ва Теҳрон ракета дастурига алоқадор яна беш нафар жисмоний шахс ҳамда тўққиз ташкилотга қарши санкциялар киритилди.

10 май куни АҚШ молия вазирлиги «ислом инқилоби қўриқчилари» корпусининг олти вакили ҳамда унга алоқадор учта компанияга нисбатан санкциялар киритилганини маълум қилди.

2018 йилнинг 5 ноябрида эса санкцияларнинг иккинчи босқичи кучга кирди.

Яман
2014 йил ноябрда АҚШ ҳукумати «Ямандаги тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солувчи ҳаракатларда» иштирок этган Яманнинг собиқ президенти Али Абдулло Солиҳ ҳамда ҳусийчилар етакчилари Абдулло Яҳё ал Ҳаким ва Абд ал Холид ал Ҳусийларга нисбатан санкциялар жорий этди. Уларнинг АҚШдаги эҳтимолий активлари музлатилди, уларга Қўшма Штатлар ҳудудига кириш тақиқланди. Бундан ташқари, АҚШдаги компаниялар ва жисмоний шахсларга улар билан ҳар қандай ҳамкорлик қилиш ман этилди.

Россия
2012 йил 14 декабрда АҚШда «Магнитский акти» тўғрисидаги қонун имзоланган бўлиб, унда Россиядаги инсон ҳуқуқларини бузишга алоқадор бўлган шахсларга нисбатан виза санкцияларини киритиш кўзда тутилганди.

2013 йил апрелда АҚШ молия вазирлиги Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органларининг 18 нафар вакилига АҚШга кириш тақиқлангани, уларнинг активлари музлатилганини эълон қилди. 2014 йил майида рўйхат кенгайтирилди ва инсон ҳуқуқларини бузишда айбланган яна 12 нафар россияликка нисбатан санкция жорий этилди.

2014 йилда Россиянинг Украина инқирозидаги ҳаракатларидан норози бўлган АҚШ Россия сиёсатчиларига нисбатан санкциялар киритди. 20 март куни қора рўйхатга яна 19 нафар амалдор, парламент аъзолари ва тадбиркорлар киритилди. 

11 апрелда Қримдаги «Черноморнефтегаз» компанияси ва Қрим амалдорларига нисбатан санкциялар жорий этилди. Ёз ва кузда Россиядаги қатор мудофаа ва хомашё компаниялари, банклар санкциялар рўйхатига киритилди.

АҚШ Россияга қарши 19та санкциялар пакети киритган. Улардан айримлари Қрим учун, яна қайси бирлари Донбасс, Минск келишувларининг бузилиши, Сольсбери воқеаси учун киритилган.

Шунингдек, Қўшма Штатлар турли йилларда Бурунди, Венесуэла, Зимбабве, Конго, Кот-д`Ивуар, Либерия, Ливан, Марказий Африка Республикаси,  Молдова, Сербия, Сомали, Судан, Черногория давлатларига қарши ҳам санкциялар жорий этган.

Санкцияларни бекор қилиш осонми?

Фото: shutterstock/vostock-photo

СССРга қарши санкциялар кўзда тутилган Жексон-Вэник тузатиши 1974 йилда киритилган бўлиб, 2012 йилда, совет иттифоқи йўқ бўлиб кетганидан 20 йил ўтгач бекор қилинган.

Бу эса АҚШ Россияга нисбатан киритган санкциялар узоқ йиллар давом этишини билдиради.

Санкциялар киритиш мураккаб жараён, уларни бекор қилиш эса ундан-да мураккаб.

Агарда мўъжиза содир бўлиб, санкциялар жорий этилишига сабаб бўлган омиллар бир кунда йўқолиб кетса ҳам, санкциялар бир кунда бекор бўлмайди.

Дилшод Асқаров тайёрлади

Мавзуга оид