Спорт | 08:00 / 19.12.2018
17415
2 дақиқада ўқилади

Бугун «МЮ»га янги бош мураббий тайинланади. У – клубнинг собиқ ҳужумчиси

Фото: Manchester United

«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ҳужумчиси Оле-Гуннар Сульшер пайшанба куни жамоа бош мураббийи этиб тайинланади. Бу ҳақда The Guardian хабар бермоқда.

45 ёшли Сульшер ҳозирда Норвегиянинг «Мольде» клубини бошқармоқда. Манбага кўра, у «МЮ»га мавсум охирига қадар устозлик қилади, шундан сўнг раҳбарият «Тоттенҳэм» бош мураббийи Маурисио Почеттинони жамоага таклиф этади. Аввалроқ аргентиналик мутахассис Лондонни тарк этишга қарши эмаслиги ҳақида хабарлар тарқалган.

Маълумот учун, Оле-Гуннар Сульшер 1996-2007 йилларда «МЮ» шарафини ҳимоя қилган ва 6 карра Англия чемпиони бўлиб, бир марта ЕЧЛда ғолиб чиққан. У мураббийлик фаолиятини «МЮ» захира жамоасини шуғуллантиришдан бошлаган.

Норвегиялик мураббийга 56 ёшли Майк Фелан ассистент сифатида тайинланиши кутиляпти. Ушбу мутахассис Алекс Фергюсон даврида 14 йил мобайнида ушбу лавозимда ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 декабрь куни «қизил иблислар»ни икки йилдан ошиқроқ вақт давомида бошқариб келган Жозе Моуриньо истеъфога чиқарилган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид