Ўзбекистон | 14:45 / 16.01.2019
32614
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қуёш энергиясини ишлаб чиқаришдан наф борми? 

Энергетик-муҳандис Зафар Сафоев Марказий Осиёда қуёш энергиясини ишлаб чиқариш, ушбу йўналишда иш бошлаш Ўзбекистон учун фойда беришини таъкидламоқда. Унинг айтишича, ишни станция қуриш учун керак бўладиган компонентларни ишлаб чиқаришдан бошлаш зарур. Бу ҳақда мутахассис Kun.uz'га берган интервьюсида маълум қилган.  

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

– Ўзбекистонда қуёш электростанция компонентларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган. 

2013 йил марҳум президент Ислом Каримов қарори билан қуёш электростанцияни қуриш бўйича қадам ташланганди. Соҳада жуда орқада қолгандик. Миш-мишлар пайдо бўлдики, станция қурилиши Самарқандда бўлиши белгиланган. Бу ҳам қурилмади. 

Соҳани ривожлантириш учун коррупцияни йўқ қилиш керак. Соҳада тартибни йўлга қўйиш керак. 

– Ушбу электростанциянинг қурилиш ОАВда ҳам эълон қилинганди. Унинг қурилмай қолганини сиз коррупция билан боғлайсизми?

– Бунинг ортида ётган масала, албатта, бизга қоронғи. Бу соҳада  юқори коррупция мавжудлиги ва [энергетиканинг] юқори қарздорлиги, инфраструктура шароити тўсқинлик қилган, деб ўйлайман.

– Қуёш электростанциясини барпо этиш ишини нимадан бошлаш керак?

– Турли жабҳаларда ишни бошлаш билан. Авваламбор, тармоқлар қуриш керак, бир томондан электростанциялар қуришимиз керак. Юқори вольтли электр узатувчи қурилмаларни яхшилаш керак. Тармоқларда муҳим масала – талаб ва таклиф балансини тутиб турадиган, юқори ва ақлли технологияларни ўрнатиш лозим. Айнан қуёш энергияси бўйича гапирганда, ишлаб чиқаришдан ишни бошлаш зарур бўлади. 

У [қуёш электростанция - таҳр.] тўртта компонентдан ташкил топган. Монтаж қурилмалари, панеллар, қуёшдан келаётган ўзгармас токларни частотали токка айлантириб берадиган инвентор қурилмалари, шунингдек, кабел керак.

Агар компонентларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйсак, биз учун мустаҳкам моддий база пайдо бўлиши мумкин. Марказий Осиёнинг 5та мамлакатида ҳам бу соҳа яхши йўлга қўйилмаган. Ким биринчи бўлса, бу соҳада илгарилайди. 

SkyPower лойиҳаси 1,3 миллиард долларлик молия билан минг мегаВаттга тенг қувватли электростанция қурмоқчи. Бунинг учун 100 минглаб қуёш панелларини ишлаб чиқариш керак. Километрлаб кабел, бир қанча монтаж ускуналарини ишлаб чиқариш лозим. Улар қурилмаларнинг ҳаммасини хориждан олиб келади. 

– Демак, аслида ўша пуллар – чет элдан келадиган техника. Шундайми? 

– Шундай, бу пул – шу қийматдаги техника кўринишида Ўзбекистонга олиб кирилади. Аслида, ҳақиқий инвестиция ана ўша қурилмаларни ишлаб чиқарувчи корхоналарга олиб кирилади. Ишлаб чиқариш заводлари жойлашган давлатлар иқтисодиётига пул кириб боради.

Маълумот учун, Канада генерал-губернатори Жюли Пайетт Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов билан учрашувда Канаданинг  «Sky Power» компанияси  қайта тикланувчи энергетика соҳасига катта миқдордаги инвестиция таклифи билан Ўзбекистон бозорига кириб бораётгани ҳақида гапирган. Унинг фикрича, мазкур лойиҳа «ўзаро манфаатли ва икки томонга ҳам фойдали» ҳисобланади.

«Sky Power» компаниясидан энергия харид қилиш бўйича Ўзбекистон Президентининг қарори 2018 йил 28 апрелда имзоланган. Компания лойиҳани амалга ошириш давомида, шунингдек, унга боғлиқ бошқа корхоналар ҳам, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган янги товарларни олиб киришда бож тўлови озод этилган. Компания бир қанча солиқ имтиёзларига ҳам эга. Аммо лойиҳа бўйича шундан буён бошқа расмий хабар тарқатилмаган.  

Жаҳон тажрибасида Япония сўнгги 10 йил ичида мамлакатда қурилган қуёш энергияси ҳисобига ишловчи электростанция ва генераторлардан олинадиган электр қуввати ҳажмини 23.3 карра оширди. 2005 йилда кўрсаткич 1.23 миллион МВтни ташкил этган бўлса, ўтган йилнинг сўнгига келиб, у 28.6 миллион МВтгача кўтарилди. Бу кўрсаткич эса 5.2 миллионга яқин хусусий уйларни электр қуввати билан таъминлашга етарлидир.

Американинг Forbes журнали 1988 йил 12 декабрда қуёш энергетикаси ва янги технологиялар истиқболлари ҳақида мақола чоп этган эди. Унда бугунги кунда кенг қўллаш бошланган қуёш энергиясидан фойдаланиш ҳақида фикрлар билдирилган.​

Мавзуга оид