Спорт | 22:56 / 21.01.2019
34541
2 дақиқада ўқилади

Игнатий Нестеров: «Миллий терма жамоадаги фаолиятимни якунлайман»

Фото: KUN.UZ

БААда ўтаётган футбол бўйича Осиё кубогининг нимчорак финалидан ўрин олган Австралия – Ўзбекистон ўйини (0:0, пенальтилар серияси бўйича 4:2) якунлангач, микст зонада Ўзбекистон миллий жамоаси дарвозабони Игнатий Нестеров Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.

— Сиз аввалги интервьюларингизда бу сиз учун сўнгги Осиё кубоги эканлигини таъкидлаб ўтувдингиз. Бизни ЖЧ-2022 саралаш ўйинлари кутмоқда. Терма жамоада ўйнашда давом этасизми?

— Йўқ… Ёшлар ўйнаши керак. Балким Тошкентда ўтадиган навбатдаги айрим ўйинларда майдонга тушарман, шундан сўнг терма жамоадаги фаолиятимни якунлайман. Энди ёшларга ўзини кўрсатишлари учун навбат бериши керак. Мен эса ўз оиламга кўпроқ вақт ажратишга ўтаман.

— Бугунги ўйин ҳақида фикрингиз қандай?

— Фикримча, бизга бирозгина тажриба етишмади. Ўйин олдидан Австралия муносиб қаршилик кўрсатамиз, уларга асло осон бўлмайди, деб ваъда берган эдим. Ўйин ҳам мен айтгандек бўлди.

— Футболчиларимизнинг кўрсатган ўйинидан қониқдингизми?

— Жуда қониқдим. Барчага ташаккур билдираман, йигитларнинг ҳаммасидан розиман. Бизни қўллаб турган яқинларимга, бутун мамлакатимиздан келиб стадионда ва телевизор қаршисида бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга раҳмат айтаман.

Эслатиб ўтамиз, Игнатий Нестеров миллий терма жамоа сафида жами 105 та ўйинда иштирок этиб, 112 та гол ўтказган.

Мавзуга оид