Спорт | 17:00 / 09.05.2019
23775
19 дақиқада ўқилади

Бу қандай содир бўлди? АПЛнинг қайтиши ҳақида мулоҳазалар

Европа Чемпионлар Лигаси финалчилари маълум бўлди, бир рус шарҳловчиси айтганидек, июнь ойининг бошида Англия Премьер-лигасининг 39-тур ўйини бўлиб ўтади. Аслида, агар Европа Лигаси ярим финалларидаги ҳолатдан келиб чиқсак, 40-турга айланиб кетиши ҳам мумкин финал.

Бир пайтлар Ла-Коруньяга 4:1 ҳисобидаги устунлик билан ташриф буюрган Карло Анчелоттининг «Милан»и 0:4 ҳисобида ютқазганида, мураббий илк ўйинда минимал ҳисобда ютсак бўларкан, деганди. Худди шундай ҳолатга миланликлар 2005 йилги финалда ҳам тушишган ва бу сафар Анчелотти индамаган. Бошқалар ўша бир йил олдинги «Депортиво»ни эслашган. Ҳарри Реднапп бошқарувидаги «Тоттенҳэм» биринчи бўлимдаёқ «Манчестер Юнайтед» дарвозасига жавобсиз уч гол уради. Ўйин 3:5 ҳисобида якунлангач, журналистларнинг саволига мураббий «биз учинчи голни урмаслигимиз керак эди», деб жавоб беради. Бир қараганда кулгили кўринган бу асосларда аслида жон бор. Ўйин руҳияти ва сценарийси баъзида ҳар қандай тактика-ю режалардан устун туради.

Ярим финаллардаги жавоб ўйинлардан олдин бўлиб ўтган дастурлардан бирида Хайрулла Ҳамидов «Ливерпуль»нинг вазифаси «Тоттенҳэм»никидан бирмунча осонроқ эканини айтганди. Сабаби, «қизиллар» қаршисида нима бўлгандаям бироз бўшашган, финалга чиққанига ишониб юборган жамоа бўлади, «Аякс» эса, устунликдан қатъи назар, ўз имкониятини пастроқ чамалай олади, бор куч билан ўйнай олади. Қизиғи, худди ўша қопқонга якунда амстердамликлар барибир тушишди -  биринчи бўлимни умумий 3:0 ҳисобидаги устунлик билан тугатган мезбонлар ўзларини финалда кўра бошлагандек бўлишгандир. 45 дақиқа эса, бурилиш ясаш учун жуда кўп вақт.

Биз шу пайтгача «Аякс»нинг иродасига тан бериб келдик. Нидерландияликлар «Ювентус» билан ҳам, «Реал» билан ҳам, умумий ҳисобда ортда қолаётиб, якунда ғалабани илиб кетгандилар.

Аммо ҳақиқий ирода кўпроқ кеча талаб қилинганди. Ҳақиқий босим илк маротаба кеча «Аякс» қаршисида эди. Чунки аввалги ўйинларда ҳеч ким улардан бурилиш ясашни кутмаган, рақиб статуси ҳам, натижа ҳам катта умидни тақозо қилмасди. «Аякс» шунчаки футбол ўйнаш, завқ олиш учун майдонга тушди ва ғалаба қозонди.

Қисқаси, нидерландияликлар аввалги ўйинларда бировники бўлган нарсани тортиб олишга уринишганди. Кеча эса, аксинча, дастлабки ўйиндаги натижа сабабли, энди ўзлариники бўлган нарсани олиб қолиш учун курашиш талаб этиларди. Бунинг босими минг маротаба каттароқ, албатта. Совуққонликни сақлаш осонмас. Тажриба ҳам, руҳият ҳам, характер ҳам кўпроқ шу пайтда керак эдики, ёш жамоа панд еди.

Бўлди. Аслида мақола бу ҳақида эмас, инглиз клубларининг яна Европа майдонларига қайтгани ҳақида. Ўтган йили олдин ЕЧЛ тарихида илк маротаба бир давлатдан беш жамоа иштирок этди ва беш жамоа ҳам нимчорак финалга йўлланма олди. 2012 йилдан бери илк маротаба АПЛ жамоаси финалда ўйнади. Бу мавсумда эса, Англиядан тўрт жамоа чорак финал иштирокчисига айланди. Тарихда иккинчи, 2008 йилдан бери биринчи марта инглизча финал кўрамиз. Бунинг устига, Европа Лигасида ҳам Лондон дербиси бўлиш эҳтимоли юқори. Нима бўляпти, АПЛ гегемонлиги қайтмоқдами? Бу ҳолатга нималарнинг эвазига эришилди?

РАҚИБЛАР

2007-2009 йиллар оралиғида қаторасига уч йил давомида учтадан инглиз жамоаси ЕЧЛ яримфиналидан жой олди. Топ-4 нинг Европадаги ҳақиқий гегемонлик даври Месси ва Гвардиоланинг Каталонияда, Роналдунинг Мадридда пайдо бўлиши билан интиҳо топди. Испания грандлари ўртасидаги ички рақобат планкани у қадар баланд кўтардики, ўйин борасида фақат «Бавария»гина уларга тенглаша олди ва мана шу уч клуб ЕЧЛнинг доимий фаворитлари ва ярим финалчилари бўлиб қолдилар.

Бугунга келиб, бу жамоаларда сезиларли пасайиш рўй бераётганини кўряпмиз. «Бавария»да йилдан-йилга топ-футболчиларнинг ёши ўтиб бормоқда, уларнинг ўрнини тренддаги юлдузлар билан тўлдиришга эса, доим пулларни тежаб ишлатадиган клуб рақобатбардош бўла олмаяпти. Янги мураббий қўл остида мюнхенликлар сўнгги йиллардаги энг беқарор мавсумни ўтказишди. «Реал»нинг муаммолари маълум. Жамоа ўтиш даврида ва ўз йўлини белгилаш бўсағасида турибди. Бир йилда учинчи мураббий ишлаётган клубдан бу йил катта натижаларни кутиш нотўғри бўларди.   

Бир қараганда бенуқсон кўринган «Барселона»да ҳам ҳаммаси беш эмаслигини кўрдик. Бир рус шарҳловчиси ҳақ - дунёнинг энг зўр клуби икки йилда икки марта 3 гол устунлигини қўлдан чиқармайди. «Барселона»нинг муаммолари икки фактор туфайли эътиборсиз қолди. Биринчиси, Мессининг ажойиб ўйинлари. Аргентиналик ҳужумчи бу йили неча марта индивидуал маҳорати туфайли жамоасига очко олиб келиб, ўйинларни қутқариб қолганининг саноғи йўқ. Иккинчиси, Ла Лигадаги рақобат. «Реал»нинг бу ҳолати натижасида, «Барселона»га муносиб қаршилик қиладиган жамоа бўлмади, бу эса, ўз навбатида Вальверде жамоасидаги курашувчанлик ҳиссини пасайтиргани табиий. Ла Лигада 2009 йилдан бери биринчи марта чемпион 90 очкодан кам тўплаяпти. Буни биз испан клубларининг кучайгани билан ҳам изоҳлашимиз мумкин, аммо аслида, айнан чемпионлик пойгасида рақобат йўқлиги «Барселона»нинг бироз бемалол бўлиб қолишига сабаб бўлди.

«Ювентус»нинг камчиликлари ҳақида ҳам ўтган сафар ёзгандик. Бу билан инглиз клубларининг саналган жамоалардан устун, демоқчи эмасман. Шунчаки, Европада яқин йиллардаги каби, мукаммал механизмда ишлайдиган ўта кучли жамоалар қолмаганини айтмоқчиман. Бу ҳам янги мувозанатларни яратди, албатта.  

МУРАББИЙЛАР

Инглиз клублари шу даражага тушиб қолгандиларки, 0:3 ҳисобини ғалабага айлантириш тугул, Европанинг топ клубларига қарши шунчаки, имконият ҳақида ўйлаш ҳам имконсиз бўлиб қолганди. Эсингизда бўлса, худди шу «Ливерпуль» Мадридга иккинчи таркиб билан келган. Брендан Рожерс барибир «Реал»га қарши имконият йўқлигини тан олиб, шу йўлни тутганди. Ёки икки йил олдинги «Тоттенҳэм»ни эсланг. «Шальке» билан ўйиндаги ғалаба уларни плей-оффга олиб чиқишини билса-да, Почеттино баъзи етакчи футболчиларини «Челси»га қарши АПЛ ўйинига асраган. Йўқ, бу ерда гап АПЛга эътибор кучлироқ бўлгани учунгина эмас, ишонч йўқлигида ҳамдир. Англияда пуллар катталашган сари, харажатлар самарали бўлиши ҳақида ҳам ўйлай бошладилар ва ниҳоят энг муҳим фактор - мураббийларга эътибор кучайди. Бу жуда муҳим қадам эди.

Пеп Гвардиола, Юрген Клопп, Жозе Моуриньо, Антонио Конте, Луи ван Гаал, Арсен Венгер, уларнинг орқасидан Маурисио Почеттино, Маурисио Сарри... Дунё миқёсида топ номига муносиб бу мураббийлар айнан Англияда ишлашди ва ишлашмоқда. Бу эса, албатта, мамлакат футболига тубдан таъсир қилиши, инглизлар оддий «югур-теп» услубидан узоқлашишларига сабаб бўлиши табиий.

Яна бир энг муҳим жиҳат шундаки, Англияда мураббийлар нафақат мураббий, балки том маънода менежерга айланади. Фақат жамоани шуғуллантириш ва ўйинларга тайёрлаш эмас, клуб сиёсатини белгилашда, трансферлар амалга оширилишида охирги сўз мураббийларда қолади. Инглиз клублари раҳбарлари аввал, ўз сиёсати ва амбицияларига мос мураббийни танлаб, кейин унинг ортидан эргашиш, маблағ билан таъминлаш, муҳим қарорларда эса, четда туришни маъқул кўради. Шунинг учун ҳам Перес ёки «Бавария» фахрийлари билан боғлиқ машмашаларнинг ўхшаши бу ерда кузатилмайди ҳисоб. Эътибор берсангиз, мураббийни кейинги планга қўйишга ҳаракат қилган ёки баъзи талабларига панжа ортидан қараган клублар - «Челси» ва «Манчестер Юнайтед»да муаммолар кузатилди ва давом этмоқда. Бор ихтиёрни ва ресурсни мураббийнинг ғояларига ишониб топширган «Сити» ва «Ливерпуль»да эса, вазият бошқача.

УСЛУБ

2010 йилларгача бўлган даврда инглизлар ўз услуби ва ўзига хослиги билан Европага қарши турувчи бир куч сифатида мавжуд эди. Ёввойи тезлик, юқори темп, стандарт вазиятлар, бош билан ўйнаш, жисмоний тайёргарлик нисбатан юқори бўлган инглизлар деярли бир хил ўйин кўрсатишар, фақат Венгернинг «Арсенал»и бироз фарқли эди.

«Барселона»нинг урфга кириши, ортидан бутун Европада содир бўлган кичик инқилоб, яъни испанча футболнинг кенг ёйилиши инглиз жамоаларига панд берди. Энди Европа жамоаларига қарши инглизлар қийнала бошладилар, масалан, Бьелса 2012 йилда оддий «Атлетик» билан Англия грандларига дарс берганини эсланг. Қайсарлик билан ўз британча услубига содиқ турган АПЛ жамоалари орада кўп нарса йўқотишди.

Ҳозир вазият ўзгарди. Юқорида айтилганидек, топ-мураббийларнинг келиши Англия футболи услубига ҳам таъсир қилди. Ҳозир ҳам британча ўйин шайдолари ҳақиқий футбол Чемпионшипда деб, норози бўлиб юришлари бор гап, аммо Европа Чемпионлар Лигасининг нуфузи шу қадар ортдики, энди Европа трендлари билан ҳисоблашиш шарт, у ерда кучли бўлмасдан туриб, бутун дунё бўйлаб мухлис орттиришнинг иложи йўқ. Маркетинг.

Эндиликда, нафақат топ-6 жамоалари, балки ўртамиёналарда ҳам Пеллегрини, Сильва, Грасия каби мураббийлар ишлашмоқда ва соф британча футболга содиқ қолган жамоалар аста-секин четга чиқишяпти. Оддий АПЛ ўйинини кўриб, эндиликда Испания ёки Германиядаги ўйинлардан кескин фарқни учратмайсиз.

Шу билан биргаликда, британча футбол устунликлари ҳам сақланиб қолаётганини эътироф этиш керак. Пеп Гвардиола илк мавсумида муваффақиятсизликка учраган ва бунинг сабаби сифатида, «шогирдлари эгасиз тўпларни (подбор) ютишда муаммоларга дуч келаётганини, Англияда бусиз бирор натижага эришиш қийинлигини» айтганди. Барибир ўз услубига содиқ қолишини билдирган Пеп, барибир инглиз футболи билан ҳисоблашишга мажбур бўлди. Жамоа ўйинига британча футбол элементлари ҳам қўшилди. Умуман олганда, Европа футболи характер, тезкорлик, жисмоний тайёргарлик каби инглиз жамоалари фазилатлари билан йўғрилган ҳолда, янада такомиллашди, дейиш мумкин.

Бу ҳам Европа кубокларидаги рақибларга қарши самарали бўлиш, мослашишда аҳамиятлидир. Англияда барчани ер тишлаётган жамоаларнинг «Атлетик», «Вильяреал», «Боруссия», «Наполи» каби жамоаларга қарши ҳам ҳеч нарса қила олмай қолишлари энди кузатилмаяпти. 

ФУТБОЛЧИЛАР

Европа ва инглиз футболи гибридлашганда, табиийки, ижрочиларга эҳтиёж сезилади. Аргентиналик ёки бразилиялик юлдузларда инглизча характерни шакллантиришдан кўра, инглиз футболчисига бразилияча ўйнашни ўргатиш осонроқ, албатта. Жамоаларда кучли мураббийлар ишлаши, бошқарув сиёсатидаги тўғри йўналишлар ўз навбатида, маҳаллий футболчиларнинг етишиб чиқишида муҳим рол ўйнайди.

2010-йиллардан кейин Италия футболи молиявий инқирозга учради. «Интер», «Милан» каби жамоалар юлдузлардан айрилиб, эътиборни арзон ички бозорга қаратишга мажбур бўлишди. Натижада ўша йиллари мамлакатда жуда кўп янги номлар пайдо бўлгани, Антонио Конте Евро-2016 турнирига тайёрланиш пайтида, олтмишдан ортиқ футболчини кўздан кечиргани ёдингизда бўлса керак. Муаммо шунда эдики, бу футболчилар «Милан» ёки «Ювентус» сафида ўйнаб, мамлакат миқёсида юлдуз бўлганликлари билан, агар Европада кучга айланишмаса, том маънода юлдуз бўла олмайдилар, терма жамоа кучаймайди. Ана энди, Италия футболига инвестиция кириб келди, «Интер», «Рома», «Милан» ҳам пул сарфлай бошлади, ички чемпионатда рақобат ошди. Натижада, Италия футболида том маънодаги юлдузлар чиқишни бошлади.

Англияда худди шу жараённинг тескариси бўлган. Аввалига топ-клублар пайдо бўлди ва табиий ҳолатда, уларнинг эътибори арзонроқ бўлган ташқи бозорга қаратилди. Топ-клублар сафида бирорта ҳам инглиз футболчиси бўлмаган, АФА эса, терма жамоа манффатлари учун қандайдир лимитлар жорий қилиш дардида юрганди. Тўғри бошқарув сиёсати туфайли, бу муаммога қисман барҳам берилди. Инглиз футболчилари лимит туфайли эмас, ўша кучли легионерларни рақобатда ютиб чиқа бошладилар. Ҳозирда топ-клубларда тўп сураётган Стерлинг, Уокер, Стоунз, Ҳендерсон, Гомис, Шоу, Лингард, Лофтус Чик, Кейн, Алли, Трипье, Дайер каби футболчилар ўз жамоаларида муҳим ролда. Александр-Арнолд, Фоден, Одойи, Рэшфорд каби ёшлар ҳам кейинги давр юлдузлари бўлишлари ҳозирдан маълум. Ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон ва Европа чемпионатларидаги ғалабалар, асосий терма жамоанинг мундиалда ярим финал иштирокчиси бўлиши ҳам футбол ватанида миллионлар ўйини янги босқичга кўтарилаётганидан дарак.

Тўғри, бир пайтлар Англия терма жамоаси ярим ҳимоясида Лемпард, Жерард, Бекҳэм ва Скоулз, ҳимояда Фердинанд, Терри, Эшли Коул тўп сурган, ўшанда ҳам терма жамоа ҳеч қандай натижа кўрсата олмаган дейиш мумкин. Аммо у пайтларда терма жамоа ўша топ-4 даги инглизлардан тузилар, уларга рақобатбардош жамоалар деярли бўлмаган. Табиийки, терма жамоа мураббийида танлов ниҳоятда кам бўларди. Ҳужумда Уэйн Руни бўлгани билан, унга шерик қилиб Питер Крауч ёки Дефони туширишга мажбур бўлишарди. Ҳимояда Террининг ўринбосари бўлиб захирада ўтирган футболчи ким бўлганини эслай олмаймиз ҳам. Ҳозир эса, ҳар бир чизиқда бир нечталаб кучли футболчилар бор.

ТОП КЛУБЛАР ВА ПУЛ

Албатта, энг муҳим жиҳат молиявий томондан, амбициялар нуқтаи назаридан АПЛ бошқаларни анча ортда қолдириб кетганини айтиш мумкин. Оддий мисол, ҳозирда Италия, Испания ва Германияда ҳам ЕЧЛ ўринлари учун қизғин кураш кечмоқда. Тўрттадан жамоа бир ёки икки йўлланма учун беллашишяпти. Лекин буни АПЛдаги рақобат билан таққослаш керак эмас. Фарқ шундаки, Англия топ-клублари ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритишни минимум вазифа сифатида белгилаб оладилар ва агар бу ҳам бажарилмаса, мураббийлар ишдан кетади, мухлислар саросимага тушишади, мавсум муваффақиятсиз чиққан деб ҳисобланади. «Айнтрахт», «Ҳетафе» ёки «Валенсия», ҳатто «Рома» ёки «Лион»да ҳам ундай эмас. Агар ЕЧЛ йўлланмаси қўлга киритилса, аъло, мабодо бу амалга ошмаса ҳам, жамоа бемалол келаси йили қолган жойдан давом этишлари мумкин. Яъни, Бундеслига ёки Ла Лигада фақат ғолиблар бор, Англияда эса, мағлублар ҳам мавжуд.

Худди шу шаклда, ўртамиёна ёки аутсайдерларнинг даражаси ҳам бошқа лигалардан ҳам молиявий, ҳам таркиб жиҳатидан анча кучли эканини айтиш керак. «Эйбар» ёки «Страсбур» ўйинларда ўзини кўрсатиши, «Реал» ва «ПСЖ» устидан ғалаба қозониши мумкин, аммо уларнинг таркибида ЖЧ финали ассистенти, масалан Шюррле тўп сурмайди. «Эвертон», «Уотфорд», «Вест Ҳэм» ва «Фулҳэм» каби клубларда 40-50 миллион евролик футболчилар тўп суришади. «Кристал Пэлас» ҳимоячиси Бисакка учун топ жамоалар шунча пул беришмоқда, ҳимоячи эса, жамоани тарк этмоқчи эмаслигини айтмоқда. Бошқа лигаларда буни тасаввур қила оласизми?

«Тоттенҳэм» Амстердамда ирода кўрсатди, «Ливерпуль» «Барселона»ни енгди. Бу натижаларга пойдевор тактика ёки трансферлар ёрдами билангина эмас, айнан ички чемпионатдаги ўйинларда қўйилгани аниқ-ку? «Тоттенҳэм» деярли ҳар ҳафта мана шундай ирода кўрсатиши керак бўлган ҳолатга тушади, «Ливерпуль» куни кеча «Ньюкасл»нинг ваҳшиёна қаршилигини синдиришга мажбур бўлганди. Бундай ўйинларда «тарбия кўриб келган» жамоанинг сўнгги дақиқаларгача курашмаслигини ўйлаб кўришнинг ўзи хато.

Юқорида катта пуллар натижасида топ-клубларга топ мураббийлар кела бошлаганини айтгандик. Энди АПЛда кейинги босқичга қадам қўйиб улгурилди. Бу пуллар пастки клубларда ҳам бор ва энди улар ҳам шунчаки, баъзида пешқадамларни жазолайдиган «ёқимтой британ клуби» мақомидан воз кечмоқдалар. Энди улар ҳам Эллардайс, Ҳожсон каби инглиз «амакилар»ни эмас, ёш, ўз амбицияси ва ғояларига эга бўлган мураббийларни қидириб, тайинлашга ҳаракат қилмоқдалар. Юқорида ҳам санаб ўтилган Силва, Грасиа, Рожерс каби ёш мураббийлар ёрдамида энди узоқроққа қараляпти, нима қилиб бўлса ҳам, мавсумни бошлаш ва кейин лигада жон сақлаш учун очко тўплашга ҳаракат қиладиган жамоалар камаймоқда.

«Ливерпуль» ва «Тоттенҳэм» тимсолида аслида бутун АПЛ ўн йиллик камбэкни амалга оширди. Англия клублар футболи бир қатор факторлар, уларнинг биргаликда содир бўлиши натижасида эски даврига қайтмоқда.

Йўқ, АПЛ Европада гегемонлик қилади, деган фикрни айтмоқчимасман. Испан грандлари ҳали ҳам кучли. Бу йили шундай, келаси сафар финалга «Ювентус» ва «Бавария» чиқиши ҳам мумкин. Гап унда эмас, шуниси аниқки, энди инглиз клублари ҳам бу турнирда фаворитлар қаторида бўладилар, сўнгги босқичларгача қоладилар, хуллас энди улар билан ҳисоблашадилар яна.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид