Ўзбекистон | 17:10 / 24.05.2019
26503
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева матбуот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қарор лойиҳаси эълон қилинганини маълум қилди

Фото: Facebook/Saida Mirziyoyeva

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёеванинг Facebook’даги саҳифасида хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотларнинг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлигини тубдан такомиллаштириш ҳамда матбуот хизматлари фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

“Аввал хабар қилганимдек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигимизда давлат органлари матбуот хизматлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган зарур таклифлар ҳамда комплексли норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш бўйича махсус гуруҳ тузилган.

Бугунга келиб муайян натижаларга эришилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотларнинг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлигини тубдан такомиллаштириш ҳамда матбуот хизматлари фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўймоқчиман.

Ушбу ҳужжат аввал тилга олинган кўплаб муаммоларни ҳал қилиш, яъни матбуот хизматларини давлат органлари ва жамият ўртасидаги ҳақиқий ишончли кўприкка айлантириш, уларнинг мамлакатимиз ахборот маконида самарали фаолиятини таъминлаш, матбуот котиби мавқеини ошириш, ушбу хизматлар кадрлар салоҳияти ва моддий-техника таъминотини кучайтириш ва ҳоказоларга қаратилган.

Мазкур қарор лойиҳаси бўйича давлат томонидан социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни ҳам мамлакатимиз, ҳам хорижда янада самарали ёритилиши мақсадида давлат тузилмалари матбуот хизматлари ишини яхшилаш имконини берадиган ҳар қандай таклиф ва фикрларингизни билдирсангиз мамнун бўламиз. Шуни ишонтириб айтаманки, уларнинг барчаси ҳужжат лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида ўрганилади ва эътиборга олинади. Тавсия ва таклифларингиз учун аввалдан миннатдорлик билдираман”, - дея таъкидлаб ўтди у.

Қарор лойиҳаси билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.

Мавзуга оид