Парламент: Молиявий режалаштиришдаги бюрократизм Давлат дастурини бажаришда тўсиқ бўлмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг жорий йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши тўғрисида Ҳукуматнинг ҳисоботини эшитиш масаласи бўйича йиғилишини самарали ўтказиш мақсадида сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарда муҳокамалар ўтказилди.
Уларда депутатлар қаторида Ҳукумат аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари ва бошқа ижро органлари вакиллари иштирок этишди. «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури бандлари ижроси ҳолати ва истиқболлари, унинг алоҳида бандлари бажарилишидаги муаммолар юзасидан мулоҳазали, амалий ва танқидий муҳокамалар бўлиб ўтди.
Маслаҳатлашувлар энг муҳим, бугунги кунда долзарб бўлиб турган муаммоларни парламентнинг қуйи палатаси йиғилишида муҳокама қилиш имконини яратди. Депутатлар Қонунчилик палатаси мажлисининг жонли муҳокамалари чоғида Давлат дастурига киритилган лойиҳаларни ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштиришда учраётган тизимли муаммоларни асосли равишда кўрсатиб ўтиб, ваколатли органлар томонидан молиялаш манбаларини аниқлаш ҳамда мустаҳкам молиялашни таъминлаш масалаларини ҳал этишда расмиятчилик ҳолатлари мавжудлигини қайд этиб ўтдилар.
– Давлат дастурининг амалиётга татбиқ этилишидаги молиявий муаммоларнинг ечимида бюрократизмнинг мавжудлигини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 8-банди мисолида кўрсатиш мумкин, — дейди “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Илҳом Абдуллаев. — “Электрон парламент” тизимини ривожлантириш бўйича чоралар кўриш кўзда тутилган мазкур банднинг ижросини таъминлашда Олий Мажлис палаталари ва Президент Администрацияси қаторида Вазирлар Маҳкамаси ҳам белгиланган. АКТни ривожлантириш жамғармаси дастурда амалга ошириладиган ишларни молиялаш манбаси сифатида кўзда тутилган. Олий Мажлис томонидан Президент Администрацияси билан ҳамкорликда кўрсатиб ўтилган лойиҳаларнинг паспортлари лойиҳалари ишлаб чиқилган, уларнинг техник-иқтисодий параметрлари тавсифлари тайёрланган. Бироқ АКТни ривожлантириш жамғармасига қилинган тегишли мурожаатга жамғармада кўрсатиб ўтилган маблағлар мавжуд эмаслиги ҳақида жавоб берилган. Молиялаштириш масаласини ҳал қилиш ва “Лойиҳа қайси бир бюджет манбаларидан молиялаштирилади?” деган саволга жавоб олиш учун Молия вазирлигига қўшимча мурожаат қилинди. Аммо вазирлик натижасиз расмий жавоб билан чекланди ва лойиҳани амалга ошириш жараёнининг тўхтаб қолишига сабаб бўлди.
Йиғилиш давомида депутат томонидан Давлат дастурининг мазкур банди ижроси масаласини ҳал қилишда Вазирлар Маҳкамасининг режаси ҳақида сўралганида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов “Электрон парламент” масаласи ҳақиқатдан ҳам давлат бошқаруви тизимини демократлаштириш, депутатларнинг халқ олдидаги ҳисобдорлигини таъминлашга қаратилган муҳим лойиҳа, дея жавоб қайтарди. Таъкидландики, парламент ахборот тизими ва ахборот ресурсларини шакллантириш мақсадида айни пайтда умумий қиймати 37 миллиард сўм миқдоридаги ишлар бажарилган. Лойиҳанинг муҳимлигидан келиб чиқиб, вакиллик ҳокимияти органлари АКТ инфратузилмасини келажакда ривожлантиришнинг барча ташкилий-молиявий масалалари ҳал этилади.
Бош вазир ўринбосари молиявий режалаштиришни мувофиқлаштириш ишларнинг самарадорлигини ошириш, тегишли органларнинг Давлат дастури лойиҳаларини тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштирилиши мажбуриятини белгилаш ҳақидаги фикрни қўллаб-қувватлади.
Мавзуга оид
11:40 / 10.11.2024
Олтин ва кумуш арзонлашди, Bitcoin нархи кескин ошди - халқаро молия бозори шарҳи
12:10 / 20.10.2024
Доллар мустаҳкамланди, Bitcoin ва олтин нархи кескин қимматлашди — халқаро молия бозори шарҳи
20:06 / 18.10.2024
Ўзбекистон молия тизими учун қандай хатарлар бор?
13:37 / 06.09.2024