Ўзбекистонлик кинологнинг рекорди Мудофаа вазирлиги жамоасига 3-ўринни тақдим этди
Москва вилоятининг Дмитров шаҳрида Халқаро армия ўйинлари доирасида ўтказилган “Содиқ дўст” мусобақаси ўз ниҳоясига етди. Унда ҳамюртларимиз ишончли ҳаракат қилиб, умумжамоа ҳисобида фахрли 3-ўринни қўлга киритди.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабарига кўра, ушбу мусобақада Ўзбекистон, Россия, Белорусь, Қозоғистон, Жазоир халқ демократик республикаси, Россия федерациясининг аёллар ва ДОСААФ жамоалари биринчилик учун куч синашди.
Мазкур мусобақада вакилларимиз қуроллардан нишонни мўлжалга олиш, 300 метрли тўсиқли йўлакдан ўтиш, Дог биатлон (индивидуал пойга) ва 1600 метр масофага (Дог биатлон) эстафета югуриш шартларида ўз маҳоратларини кўрсатишди.
Эътиборли жиҳати шундаки, 1600 метр масофага (Дог биатлон) эстафета югуриш шартида Ўзбекистон номидан қатнашган шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Содиқ Дилмуродов ўзининг “Клифт” лақабли хизмат ити билан рекорд ўрнатди. Гап шундаки, вакилимиз белгиланган масофани 5 дақиқа-ю 59 сонияда босиб ўтди.
“Содиқ дўст” мусобақаси тарихида ҳали бундай кўрсаткич бўлмаган. Шунингдек, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Элшод Абдуллаев жароҳат олишига қарамай, ўзининг метин иродасини намойиш этиб, жамоамиз ғалабасини таъминлашга катта ҳисса қўшди.
Эслатиб ўтамиз, яна бир кинологимиз катта лейтенант Шодиёр Шомуродов барча нишонларни яксон этиб, 130 баллни қўлга киритиб, энг юқори натижани қайд этган эди.
Якуний натижаларга кўра, “Содиқ дўст” мусобақасида Россия Федерацияси биринчи, Белорусь иккинчи ва Ўзбекистон жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Мавзуга оид
20:57 / 11.11.2024
Германия ТИВ раҳбари мудофаа харажатларини оширишга чақирди
19:02 / 28.10.2024
Ўзбекистон дунёнинг энг кучли армиялари рейтингида 20 таликка кирди
18:22 / 18.08.2024
Тергов Шойгунинг собиқ ўринбосарининг бошқа жиноятларга ҳам алоқадорлигини текширади
18:32 / 13.08.2024