Ўзбекистон | 10:35 / 13.09.2019
4141
4 дақиқада ўқилади

Метрология соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари миллий қонунчилик талабларига мослаштирилди

Фото: 123RF

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 22 июлдаги мажлисида бир қатор муҳим қонун лойиҳалари қаторида “Метрология тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлари томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Қутлимурот Бабашевнинг ёзишича, мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда ишчи гуруҳ томонидан муайян ишлар амалга оширилди. 

Хусусан, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Қонунчилик палатасининг юридик бошқармаси тавсияларига асосан ҳамда халқаро нормалардан келиб чиққан ҳолда, лойиҳанинг 3-моддасига метрология соҳасидаги фаолият доирасини ҳам қамраб олиш мақсадида “метрологияга оид фаолият” тушунчаси киритилди. Шунингдек, “давлат эталони” сўзи метрология бўйича халқаро қоидалари билан мувофиқлаштириш мақсадида “миллий эталон” сўзига алмаштирилди.

Муҳокамаларда иштирок этган депутатлар қонун лойиҳасидаги айрим тушунчалар тегишли моддаларда ўз аксини топгани боис, уларни чиқариб ташлаш таклифини билдиришди ҳамда ушбу таклифлар ишчи гуруҳи томонидан атрофлича кўриб чиқилгандан сўнг, олиб ташланди. Шунингдек, лойиҳа матнини лўнда, тушунарли ҳамда юридик техника қоидаларига мослаштириш учун айрим таҳририй ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам киритилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳининг жорий йил 5 сентябрь куни ўтказилган навбатдаги йиғилишида депутатлар ва мутахассислар асосий эътиборни метрология фаолиятининг асосий вазифалари ҳамда принципларига қаратдилар.

Баҳс-мунозаралар натижасида қонун лойиҳасининг 4-моддасида келтирилган метрология фаолиятининг асосий вазифаларига “ўлчашлар бирлигини таъминлаш”, “объектив, ишончли ва солиштириладиган ўлчаш натижаларига бўлган эҳтиёжларини таъминлаш”, “ишончсиз ўлчаш натижаларининг олдини олиш”, “ўлчаш натижаларининг миллий ва (ёки) халқаро эталонларгача кузатувчанлигини таъминлаш” масалалари ҳам киритилди.

Метрология соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қонунчилик техникаси ҳамда миллий қонунчилик талабларига мослаштирилди. Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг айрим бобларидаги баъзи нормаларнинг бир-бирига ўхшашлиги ва такрорлангани сабабли, улар бирлаштириб юборилиши мақсадга мувофиқ, деб топилди.

Қонуннинг амалиётда тўғридан-тўғри ишлашини таъминлаш мақсадида “Ўлчаш воситалари ва синов воситалари” номли 16-моддага техник воситаларни ўлчаш воситалари ҳамда синаш воситалари жумласига киритишни белгиловчи мезонлар қонуности ҳужжатларидан қонун талаби даражасига чиқарилмоқда.

Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнидаги яна бир муҳим жиҳати, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқиб, метрологик хизматларни кўрсатишда давлат-хусусий шериклик асосида лабораторияларни ташкил этишнинг қонуний негизи яратилмоқда. Шу мақсадда “Ўлчаш воситаларини калибрлаш” номли 26-моддага ўлчаш воситаларини калибрлаш бўйича давлат-хусусий шериклик асосида метрология хизматлари ташкил этилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Мавзуга оид