Спорт | 12:25 / 21.11.2019
36847
8 дақиқада ўқилади

«Никоҳ шартномаси». Жозе ва «Тоттенҳэм» ҳақида

Фото: Tottenham Hotspur F.C

Жозе Моуриньо қаёқда-ю, “Тоттенҳэм” қаерда... Бири “довдир”, “совринсиз”, “сокин”, шу билан бирга, хўжайини жуда ҳам қитмир яҳудий бўлган клуб. Иккинчиси совринлар, катта пуллар, харажатлар, кўлам, жанжаллар... Агар икковини йигит ва қиз деб тасаввур қилсак, улар ҳеч қачон учрашмасдилар, учрашганда ҳам, гаплари қовушмасди, бир-бирларини ёқтирмасдилар, ҳеч қачон қайта учрашмасликка келишган бўлардилар. Шу билан романтик фильм бошланмасдан ниҳояланар эди.

Аммо ҳозир шундай пайтки, “Тоттенҳэм” учун Жозедан мақбулроқ вариант йўқ, Моуриньо учун ҳам худди шундай – айни муддао. Баъзида гўёки умуман биргаликда тасаввур қилмайдиганингиз одамлар жуда бахтли оила қурганликларини гувоҳи бўламиз. Футбол бизга яна шундай бир ҳикояни бошламоқчидир, ким билади.

Клуб тарафидан ўйласак, худдики, Жозенинг бутунлай тескариси бўлган Почеттино билан тарихдаги энг яхши натижаларга эришган “Тоттенҳэм” худди шундай яна бир муҳаббат яшашни истар, айтайлик, Эрик Тен Хаг, Нагелсман, Бош каби чекланган ресурслар билан чиройли, ҳужумкор футболни ташкил қила оладиган мураббийни таклиф қилар, деб ўйлашимиз мантиқлироқ. Лекин Жозе?

Демак Леви энди совринлар ҳақида ўйлай бошлади, ҳамманинг уларнинг устидан кулиши жонга тегди. “Тоттенҳэм” ҳар қанча кучли ўйин кўрсатмасин, “Арсенал” ёки “Челси”нинг масштабидан орқада юришни тўхтатмоқчи. Йўқ, Жозе Моуриньонинг келиши энди Леви ҳам катта пуллар сарфлайди, таркибни юлдузлар билан тўлдиради, деган хулосани тақдим этмайди. Ҳар қанча парадокс туюлмасин, Жозе Моуриньо “Тоттенҳэм” учун энг тежамкор-вариантдир.

Сабаби, Жозе билан “Тоттенҳэм” газетанинг бош саҳифаларига чиқади, бутун дунё бўйлаб эътибор қозонади, жамоанинг “Челси” ёки “Юнайтед”, Пеп ёки Клопп билан дуэллари ўзгача, қўшимча чизгилар тақдим этади. Бу ҳам маркетинг, катта пул, ишонаверинг, Почеттино билан янги стадион қуриб ҳам, Чемпионлар Лигасига финалига чиқиб ҳам, бундай эътиборни қозониш мумкин эмасди.

Совринлар масаласида ҳам шу гап. “Тоттенҳэм” ёки “Аякс”, “Боруссия”, “Лион”, “Интер”....бу каби жамоалар ҳозирда айнан мураббийлик лойиҳаси сифатида кучли жамоаларга айланишди, кўпчиликка ёқади, Леви учун ҳам идеал вариант сифатида кўриниши мумкин. Лекин эътибор беринг, соврин ютишга келганда, бу лойиҳалар “Ювентус”, “Бавария”, “ПСЖ” каби катта кучлар билан беллаша олмаяптилар, чиройли ва ҳужумкор ўйин ўз ортидан беқарорликни ҳам олиб келади. Жозе билан эса, оддий ўйинлардаги ғалабаларни автомат режимга қўйиш, топ ўйинларда эса, айнан рақибдан келиб чиқиб ўйнаш нуқтаи назаридан, муваффақиятлироқ бўлиш мумкин. “Манчестер Сити” ва “Ливерпуль”га қарши, фақат мана шундай антивирус (ёки вирус) ёрдамида самарали курашиш мумкин. 

Бундан ташқари, Моуриньо шу пайтгача мавсум ўртасидан ишга киришмаган бўлса-да, бу амплуа учун идеал вариант. Жозенинг қайсарлиги фақат ўзи яратган муаммоларни ечишда халақит беради, четдан келиб эса, вазиятни бемалол тартибга солиб қўйиши мумкин. Шунингдек, мураббийнинг услуби “Тоттенҳэм”нинг бугунги спорт формасига ҳам мос келади.

Почеттино муваффақиятсизлигининг асосий сабаби сифатида мутахассислар мураббийнинг услуби, прессинг ва аксилпрессинг аввалгидек ишламай қолганини айтишаётганди. Жозе эса, прессингдан воз кечиб, қуйи блокда ҳам жуда самарали футбол қуриши мумкин. Жисмоний тайёргарлик бўйича машҳур бўлган нидерландиялик Рейнолд Верхейен айтганди:

“Жозе Моуриньо учун бу услуб эмас, восита. Унинг жамоаси керакли ҳисобга эришгач, вазият ўзгаргунча иқтисод-режимда ҳаракат қилади. Бу эса, жисмоний тайёргарликлардаги камчиликларни ҳам ёпади. Футболчилар ўйиндан эртасига алоҳида тикланишга эҳтиёж сезмайдилар, бемалол, бутун таркибда кейинги ўйинга тайёргарликни бошлашлари мумкин”.

Вазият Жозе Моуриньо тарафидан олганда ҳам идеал. Бу аслида Моуриньога таъсир қилмаса ҳам, босимнинг камроқлиги ҳам “Тоттенҳэм”га қўл келиши табиий. Нима бўлганда ҳам 14-ўриндан пасайиш рўй бермайди. Жозе мавжуд муаммоларга ўз ечимларини келтирганда, камида баъзи йўналишларда ижобий ҳолат юзага келиши аниқ.

Таркиб нуқтаи назаридан қарасак, аслида Жозе Манчестерда 5 та трансфер ойнасини ўтказган бўлса-да, “Тоттенҳэм” таркиби унга мосроқ кўринмоқда. Жамоага Почеттино билан муаммолар, сўнгги ойлардаги натижалар билан эмас, алоҳида қаранг – “Тоттенҳэм” АПЛда таркиб бўйича учинчи жамоадир. Ҳарри Кейн – сўнгги беш йилдаги лигада энг кучли икки ҳужумчидан бири. Ярим ҳимояда Эриксен ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Сон Хон Мин ўтган мавсумда Европанинг энг яхшиларидан бири бўлди. Марказий ҳимоячилар анча йиллардан бери Жозе сотиб олмоқчи бўлган Алдервейрелд ва Вертонген. Шунингдек, Дайер, Ндомбеле, Сиссоко каби айнан Жозе услубига мос бўлган футболчилар бор. Энг муҳими, таркиб яхши тажрибага эга ва шаклланиб бўлганлардан иборат – бу энг муҳими.

“Тоттенҳэм” футболчилари позицион ўйнаш ва тўпни назорат қилиш учун яхши кўникма ва ижрочиларига эга бўлсалар-да, керак бўлганда чуқур ҳимояланиш, яққол иккинчи ролда ўйнаш тажрибасига бегона эмаслар. Айниқса, ўтган мавсумда, Чемпионлар Лигасидаги, масалан “Манчестер Сити” билан ўйинларни эсланг. Баъзиларнинг “Тоттенҳэм” учун ҳимоявий футбол янгилик, деган фикрлари нотўғри эканига амин бўласиз.

Жозеда “МЮ”да бундай таркиб йўқ эди. Тўғри, вазиятни ўзгартиришга етарли вақт бўлган, аммо доим ҳам тўлиқ ихтиёр унда бўлмаган. “Манчестер Юнайтед” каби катта клубларда футболчидан қутулиш осон эмас. Биринчидан, маркетинг нуқтаи назаридан баъзи футболчиларни осонликча сотиб юборишга клуб тизими қарши бўлади. Иккинчидан, катта шартномаларга эга бўлган футболчилар ҳам осонликча кетишни истамайди. Эшли Янг Эриксендан кўпроқ маош олишининг ўзи кўп нарсадан далолат бериб турибди. Шунинг учун Жозе Шоу, Марсиял, Байи, Погба ва бошқа футболчилар билан муаммоларга дуч келса-да, уларнинг ўрнига бошқалардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум эди. Сотиб юбориш қийин, захирада сақлаш муҳитга таъсир қиларди. Шу томондан “Тоттенҳэм” Жозе фаолиятидаги “Реал” ёки “Манчестер Юнайтед”дан кўра, “Интер”га ўхшашини таъкидлаш керак. Агар у яна ўз “банда”сини тузиш нияти бўлса, айнан “Тоттенҳэм”да бу қулайроқ.

Шунингдек, унга тўлиқ “босс” бўлиш шароитини ҳам яратишмоқда, нафақат ўз ёрдамчиларини олиб келди, балки клубга спорт директорини ҳам Моуриньо танламоқда. У “Лилл” спорт директори, дўсти Луис Кампосни Лондонга, худди шу лавозимга олиб келмоқчи, деган хабарлар тарқади. Ҳозирча шу. Қолганини вақт кўрсатганда билиб оламиз.

Дарвоқе, Чемпионлар Лигасида фаворит йўқ энди.

Қаҳрамон Асланов 

Мавзуга оид