Спорт | 13:02 / 21.01.2020
12420
3 дақиқада ўқилади

Таржимон-мураббий. Йўқ, Моуриньо эмас

Фото: Tribuna.uz

Таржимон ва мураббий сўзларини бирлаштирганда кўз олдингизга ким келади? Биламан, Моуриньо дедингиз. Ҳа, Жозе сэр Бобби Робсонга тилмочлик қилиб катта футболга кириб келган.

Мураббийларнинг бир вақтнинг ўзида таржимонлик қилганини бугун ўз кўзимиз билан кўрдик. Осиё чемпионати U-23 яримфиналидан ўрин олган Ўзбекистон — Саудия Арабистони жамоалари ўртасидаги ўйиндан аввал ҳар икки жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманга Саудия бош мураббийи Саад ал Шеҳри таржимонсиз келди ва бу вазифани ўзи бажарди. Аввало араб тилида кириш сўзи қилган мураббий кейин сўзларини инглизчада гапирди. Кейин унга саудиялик бўлмаган журналистлар инглизчада савол беришди. Мураббий саволга инглизча жавоб бериб бўлгач, янграган савол ва жавобни араб журналистлари учун арабчага таржима қилди.

Араб журналистлари берган саволга жавоб берган мураббий араб тилини билмайдиганлар учун аввал саволни кейин ўз жавобини инглизчада такрорлади. Тўғриси, саудиялик собиқ футболчи бўлган бу мураббийнинг бир вақтнинг ўзида ҳам таржимон, ҳам мураббий бўлиб саволларга жавоб берганига ҳавас қилдим. Қанийди бизнинг собиқ футболчилар ҳам мана шундай мураббий бўлиб етишса деб ўйладим бир лаҳза.

Саудия миллий жамоасини доим хорижлик мураббий бошқарса ҳам, собиқ футболчилар аста-секин мураббий сифатида етишиб чиқмоқда ва уларнинг аксари инглиз тилида равон гапира олади. Эсимда, Тошкентга ўз жамоаси билан келган собиқ футболчи бўлган мураббий Сами ал Жабр ҳам шу хислати билан ёдда қолганди. У «Бунёдкор»нинг охирги дақиқаларда гол ураётгани ҳақида савол берган ўзбек журналисти келтирган фактни тузатиб ҳам кетганди. Ўшанда Сами ал Жабр рақибни шунчалик яхши ўрганганига қойил қолгандим.

Шу ўринда эртага Ўзбекистонга рақиб бўладиган жамоа мураббийи Саад ал Шеҳри Саудия миллий жамоасини келажакда бошқариши мумкин бўлган номзодлардан эканини айтиш керак. Чунки у ўз шогирдлари билан 2017 йил ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига ҳам чиққанди. Энди эса мураббийнинг жамоаси олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш арафасида турибди. Умид қиламиз, Саад ал Шеҳри жамоаси Токио олимпиадаси йўлланмасини Осиё чемпионатининг 3-ўрин учун кечадиган ўйинида қўлга киритади.

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид