Ўзбекистон | 21:01 / 06.02.2020
19428
2 дақиқада ўқилади

Вазир ўринбосари айрим кластерлар фермерларга тўлов қилолмаётгани сабабини тушунтирди

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Баҳодир Холиқов янги ташкил қилинган кластерларнинг фермерлардан олган маҳсулотлари учун тўловни амалга ошира олмаётгани ҳақида гапирди.

Халқаро пресс-клубнинг 5 февралдаги сессиясида қишлоқ хўжалиги соҳаси муҳокама қилинди.

Сессияда қишлоқ хўжалиги кластерларининг фермер хўжаликларидан олган маҳсулотлари учун тўлов қилолмаслиги билан боғлиқ ҳолатларга изоҳ сўралди. Саволга Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Баҳодир Холиқов жавоб берди.

«Мен ҳали бундай ҳолатга гувоҳ бўлмадим. Кластерлар ва фермер хўжаликлари ўртасида фючерс шартномаси тузилган. Балки кластерларда олинган маҳсулотни қайта ишлаш, реализация қилиш, айланма маблағлар масаласида озгина чеклов бўлгандир.

Айланма маблағларнинг пайдо бўлмаётгани эса кластерлар ташкил топганига ҳали икки йил бўлгани билан боғлиқдир. Уларда ишлаб чиқариш ҳолатлари ҳали тўла ривожланмаган. Уларда тузилма энди шаклланяпти.

Масалан, пахтачилик кластерларида тола олиш, чигитдан мой олиш, тайёр, ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнлари тўла шакллангандан кейин маҳсулот сотилади. Ўша маблағдан ишлаб чиқаришга кетган маблағларнинг ўрни қопланади ва айланма маблағ шаклланади.

Сиз айтган ҳолат ҳам битта-яримта бўлиши мумкин. Лекин аксарият фермерларда бундай муаммо йўқ», дея вазир ўринбосари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосаридан сўнгги вақтларда айнан қайси ҳудудлардаги майдонлар пахта ва ғалла етиштиришдан озод қилингани ҳақида ҳам сўралди.

 

Баҳодир Холиқов

«Мен иккала экин турини экмаётган туманни айнан мисол келтира олмайман. Лекин пахта экмайдиган туман бор, ғалла экмайдиган туман бор. Пахта экмаётган туманлар сифатида Андижоннинг Асака ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманларини мисол келтиришим мумкин», деди у.

Вазир ўринбосари пахтачиликдан яқин йилларда чиқарилган туман сифатида Тошкент вилоятининг Зангиота туманини келтирди. Аммо, бу туман мустақиллик йилларида умуман пахта экилмаган туманлардан бири ҳисобланади.

Мавзуга оид