Ўзбекистон | 07:39 / 11.02.2020
7366
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг чет элда жойлашган давлат активларини бошқариш тартиби очиқланди

Ўзбекистон Республикасининг чет элда жойлашган давлат активларини бошқариш тартиби маълум бўлди

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

Давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом;

Ўзбекистоннинг чет элда жойлашган давлат активларини бошқариш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Ўзбекистоннинг чет элда жойлашган давлат активларини бошқариш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ўзбекистон давлат корхоналари ва муассасалари Ўзбекистоннинг қонунларида белгиланган тартибда чет элда мулк эгаси бўлиш ҳуқуқига эга.

Давлат корхоналари ва муассасалари чет элда жойлашган давлат активларига нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келган тақдирда, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан белгиланадиган шаклдаги маълумотларни 10 кун ичида Давлат активларини бошқариш агентлигига тақдим этишлари шарт.

Агентлик чет элда жойлашган давлат активларининг сақланиши юзасидан мониторинг олиб бориш ва самарали бошқарилишини таъминлаш мақсадида, электрон дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда уларнинг реестрини юритади.

Агентлик давлат активларининг баланс сақловчиси билан электрон маълумот алмашиш, шунингдек ваколатли давлат органлари электрон тизимлари билан интеграциялашув бўйича тадбирларни амалга ошириш орқали реестрни тезкор ва доимий равишда янгилаб борилишини таъминлайди.

Чет элда жойлашган давлат активлари реестрига давлат активлари жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилиб белгиланган тақдирда мулк ҳуқуқи вужудга келган давлат активлари тўғрисида маълумотлар киритилади.

Чет элда жойлашган маданий мерос объектларини ҳисобини юритиш ва улардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази томонидан амалга оширилади.

 Чет элда жойлашган давлат активининг балансда сақловчиси Агентликка у томонидан белгиланадиган шаклдаги маълумотларни қуйидаги муддатларда тақдим этади:

чет элда жойлашган давлат активининг моддий ва молиявий кўрсаткичлари ўзгарганлиги тўғрисида – шундай ўзгариш бўлган кундан бошлаб 10 кун ичида;

чет элда жойлашган давлат активи тўғрисида – ҳар йили, ҳисобот йили якуни бўйича кейинги ойнинг 25 санасидан кечиктирмасдан.

Агентлик зарур ҳолларда тегишли чет элдаги муассасадан чет элдаги давлат активи тўғрисида маълумот сўраб олишга ҳақли.

Чет эл муассасалари зарур маълумотларнинг белгиланган муддатда тайёрланиши ва тақдим этилишини таъминлаши шарт.

Чет элдаги давлат активларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек уларни бошқариш мулк жойлашган давлат қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Чет элда жойлашган давлат активларини сақлаш ва оператив бошқариш ушбу мулкнинг балансда сақловчиси томонидан амалга оширилади.

Давлат активининг баланс сақловчилари чет элда жойлашган давлат активларини ишончли бошқарувга, ижарага, бир давлат ташкилоти тасарруфидан бошқа бир давлат ташкилоти тасарруфига бериш, Агентлигининг розилиги билан давлат активи жойлашган давлатнинг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

Чет элда жойлашган давлат активининг мулк ҳуқуқи аниқланмаган ва бирор бир давлат корхонаси ва муассасасига бириктириб берилмаган бўлса, чет элда муассаса хорижий давлатларда Ўзбекистоннинг мулк ҳуқуқини ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт.

Чет элда жойлашган давлат активларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида корхоналарнинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари, шунингдек кўчмас мулк объектлари ва мулкий мажмуаларни сақлаб туришнинг якуний молиявий натижалари ўрганилади ва таҳлил қилинади:

давлат активининг балансда сақловчиси томонидан – доимий равишда;

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан – ушбу Низомнинг 8-бандига мувофиқ давлат активининг балансда сақловчиси томонидан маълумотлар тақдим этилгандан кейин.

Чет элда жойлашган давлат активининг моддий ва молиявий кўрсаткичлари барқарор бўлмаган ҳолларда Агентлик чет элда жойлашган давлат активлари бўйича ушбу активлардан самарали фойдаланиш, шу жумладан сотиш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

Чет элда жойлашган давлат активлари унинг балансда сақловчиси томонидан давлат активлари жойлашган давлат қонунчилигига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларга ижарага берилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Баланс сақловчи томонидан ижарага берилган давлат активлари тўғрисида ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10 кунигача тегишли равишда Молия вазирлиги ҳамда Агентликка маълумот тақдим этади.

Ижарага берилаётган чет элда жойлашган давлат активларини ижарага беришдан тушадиган ижара тўлови маблағлари баланс сақловчининг ҳисоб рақамларига йўналтирилади.

Чет элда жойлашган давлат активларини тасарруф этиш, шу жумладан сотиш тўғрисидаги қарорлар президент томонидан қабул қилинади.

Чет элда жойлашган давлат активини сотиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ушбу жараён ушбу мулк жойлашган давлатнинг қонунчилигига зид бўлмаган ҳолатда, шундай турдаги битимларни амалга оширишнинг халқаро амалиётига мувофиқ амалга оширилади.

Чет элда жойлашган давлат активларни сотишда, уларни сотиш билан боғлиқ барча тадбирлар профессионал ташкилотни жалб этган ҳолда амалга оширилади.

Хизматлар, шу жумладан сотилаётган давлат активини баҳолаш жараёнлари Ўзбекистон мулки жойлашган давлатнинг қонунчилигига зид бўлмаган тақдирда, халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилади.

Агентлик чет элда жойлашган давлат активларини сотиш учун жалб қилинадиган баҳоловчилар, инвестиция воситачилари, маслаҳатчилар ва бошқа, шу жумладан хорижий профессионал ташкилотлар хизматларидан тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан фойдаланилиши мумкин.

Чет элда жойлашган давлат активларини сотишдан тушган маблағларни тақсимлаш (давлат активларини баҳолаш ва сотиш билан боғлиқ харажатлар учун белгиланган тартибда Агентлик тасарруфида қолдириладиган қисмидан ташқари) қуйидаги нисбатларда амалга оширилади:

а) 73 фоизи – республика бюджетига;

б) 24 фоизи – Агентлик ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасига;

в) 3 фоизи – маблағларни мақсадли равишда бозор инфратузилмасини ривожлантириш ва тадбиркорларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, тадбиркорлар учун ташкил этиладиган ўқув курсларини молиялаштиришга йўналтирган ҳолда Савдо-саноат палатасига.

Чет элдаги муассасалар Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шунингдек хорижий давлатларда Ўзбекистоннинг мулк ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлаши керак.

Маълумотларнинг ўз вақтида ва ишончли тақдим этилиши, шунингдек, чет элда жойлашган мол-мулкни самарали бошқариш, сақлаш ва мақсадли ишлатилиши учун жавобгарлик Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ давлат активининг балансда сақловчи ташкилоти раҳбарига юклатилади.

Мавзуга оид