Хорижда бўлган фуқароларнинг консуллик рўйхатини юритиш бўйича янги йўриқнома тасдиқланди
Ташқи ишлар вазирининг буйруғи билан хорижда бўлган (бўлиб турган) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг консуллик рўйхатини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланди
Йўриқномага кўра, хорижда доимий яшаётган ёки вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар консуллик муассасаларида доимий ёки вақтинча консуллик рўйхатига олиниши лозим.
Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий ёки вақтинча консуллик рўйхатига олиш мазкур фуқаролар турган консуллик округи ҳудудига тегишли бўлган консуллик муассасаси томонидан амалга оширилади.
Хорижда доимий яшовчи ёки вақтинча турувчи Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни консуллик рўйхатига (доимий, вақтинча) қўйиш учун консуллик мансабдор шахси номига ариза бериш интерактив хизматлар веб-портали орқали масофадан туриб ҳам амалга оширилиши мумкин.
Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий консуллик ҳисобига олиш учун консуллик йиғимлари, мазкур консуллик ҳаракатини амалга оширилганлиги билан боғлиқ ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилади. 16 ёшга тўлмаган болаларга эса консуллик йиғимлари ундирилмаган ҳолда алоҳида рўйхатга олиш варақаси (электрон рўйхатга олиш варақаси) тўлдирилади.
16 ёшга тўлмаган болаларнинг биометрик паспорти, нобиометрик паспорти, хорижга чиқиш биометрик паспорти ва ҳаракатланиш ҳужжати бўлмаганда, шунингдек ота-онасининг ёки улардан бирининг нобиометрик паспортига ёзилган ҳолда хорижга чиқиб кетган шахслар бўлганда ҳисобга олиш уларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси асосида амалга оширилади.
Хорижда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар консуллик муассасаси рўйхатига олиниш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
интерактив хизматлар веб-портали орқали мувофиқ шакл бўйича тўлдирилган электрон рўйхатга олиш варақаси (интерактив хизматлар веб-портали орқали электрон рўйхатга олиш варақасини тўлдиришнинг имкони бўлмаганда мувофиқ шакллар бўйича ариза ва рўйхатга олиш варақаси) тўлдирилади;
паспорт (биометрик, нобиометрик намунадаги), хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳаракатланиш ҳужжати (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);
16 ёшга тўлмаган болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасининг (биометрик паспорт, нобиометрик паспорт, хорижга чиқиш биометрик паспорти ва ҳаракатланиш ҳужжати бўлмаганда) асли (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);
ота-онасидан бирининг нобиометрик паспортидаги бола ҳақидаги маълумотлар киритилган саҳифаси нусхаси (бола ҳақидаги маълумотлар ота-онасидан бирининг нобиометрик паспортига киритилган ҳолда хорижга чиққан бўлса);
чиқиб кетиш варақасининг ёки ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан берилган фуқаронинг биометрик паспорти, нобиометрик паспорти ёки ҳаракатланиш ҳужжатига ёпиштирилган “Dоimiy yashashga ketishga ruxsat berildi” ёзувли стикернинг нусхаси;
Ўзбекистон фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижий давлат қонунчилиги талабларига мувофиқ (виза, яшаб туриш ҳужжати, вақтинча яшашга рухсатнома, паспортдаги тегишли қайдлар, маълумотномалар ва шу кабилар) бўлиб туришининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат;
3 х 4 см ўлчамдаги 1 дона фотосурат (электрон рўйхатга олиш варақасини тўлдиришнинг имкони бўлмаганда);
консуллик йиғими ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобига йиғимлар тўлангани тўғрисида квитанция.
Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар консуллик рўйхатига қўйиш учун интерактив хизматлар веб-портали орқали мурожаат қилганда юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг “PDF” форматида сканер қилинган вариантини юборади.
Вақтинча консуллик рўйхати 4 йилгача бўлган муддатга расмийлаштирилади.
Хусусан, хорижда бўлиш мақсадлардан келиб чиққан ҳолда вақтинча консуллик рўйхати қуйидаги муддатларга расмийлаштирилади:
хизмат сафари – хизмат сафари давомийлиги муддатига;
ўқиш – ўқиш муддатига;
даволаниш – тиббий хизматдан фойдаланиш ёки даво муолажалари муддатига;
ишлаш – меҳнат шартномаси муддатига;
ўз оиласи билан бирлашишга – 4 йилгача.
Қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар консуллик рўйхатидан чиқарилиши мумкин:
бошқа консуллик округига доимий яшашга чиқиб кетганда;
хорижда вақтинча бўлиб туриш муддати тугаганда;
Ўзбекистон фуқаролигидан чиққанда (фуқароликни йўқотганда);
вафот этганда.
Мавзуга оид
07:31 / 04.08.2022
Ташқи ишлар вазирлигида янги тайинлов амалга оширилди
08:43 / 30.06.2022
Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида янги бошқарма ташкил этилди
12:37 / 21.06.2022
Хитой элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига ташриф буюрди
12:43 / 04.05.2022