Ўзбекистон | 07:41 / 20.02.2020
31415
4 дақиқада ўқилади

Профилактика инспекторларига юклатилган 13 турдаги вазифа ва функциялар қисқартирилди

Профилактика инспекторларига юклатилган, бошқа органлар ваколатларини такрорловчи, ортиқча 13 турдаги вазифа ва функциялар қисқартирилди

Фото: uznews.uz

Президент “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжатга кўра, профилактика инспекторларига юклатилган 13 турдаги вазифа ва функциялар қисқартирилди.

Профилактика (катта) инспекторларига юклатилган, бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатларини такрорловчи, ортиқча ва хос бўлмаган қисқартирилаётган вазифа ҳамда функциялар рўйхати:

1. Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларини хатловдан ўтказиш, уларда йил давомида экиладиган экин турлари ва етиштириладиган маҳсулот ҳажмларини аниқлаш, шу масалалар бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш.

2. Туман ҳокимининг қарорига мувофиқ ташкил этилган томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳда иштирок этиш ва белгиланган вазифаларни бажариш.

3. “Ҳаж” тадбирига боришга номзодларни маҳалла фуқаролар йиғини миқёсида саралаб олиш учун тузилган ишчи гуруҳ таркибида фаолият юритиш ҳамда фуқаронинг “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларига бориш учун навбатини белгиланган тартибда бекор қилишда иштирок этиш.

4. Фуқароларнинг мажбурий техник кўрикка тақдим этилмаган автомототранспорт воситалари инвентаризацияси жараёни бўйича тузилган ишчи гуруҳга раҳбарлик қилиш.

5. Ҳуқуқбузарликлар оқибатида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ихтисослаштирилган муассасалар тузиш.

6. Идоравий қўриқлаш бўлинмаларининг назорат текширувида иштирок этиш.

7. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотишни расмийлаштириш масалалари юзасидан шахснинг турган жойи ҳақида маълумот бўлмаган тақдирда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки унинг яқин қариндошларини хабардор қилиш чораларини кўриш.

8. Фуқаролар томонидан ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топширилиши ва уларни қабул қилиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларни амалга ошириш.

9. Фуқаролар йиғинларининг экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссиялар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.

10. Тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш ва аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашга йўналтирилган чораларни амалга ошириш.

11. Қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассаса ҳудудидан четга чиққан маъмурий қамоққа олинган шахсларни назорат қилиш.

12. Отиш зонасида жойлашган аҳолини, ташкилотлар ва бошқа объектларнинг масъул вакилларини ҳайвонларни отиб ташлаш тадбирлари ўтказилиши тўғрисида хабардор қилиш, ҳайвонларни отиб ташлашга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш, белгиланган хавфли зоналарга фуқаролар ва транспорт воситаларини киритмаслик чораларини кўриш.

13. Отиб ташлаш ишлари бошланишидан олдин бригада бошлиғи билан биргаликда мажбурий тартибда бригада аъзолари соғлиғининг ҳолатини, қуролларнинг рухсат берувчи ҳужжатлари мавжудлигини, ўқотар ов қуролининг ва унга ўқ-дориларнинг техник ҳолатини текшириш ишларини олиб бориш, шунингдек, бригада аъзоларининг аниқ вазифаларини белгилаш.

Бундан олдин, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг 46та вазифа ва функциялари қисқартирилгани хабар берилганди.

Мавзуга оид