Иқтисодиёт | 00:48 / 17.04.2020
30718
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЕОИИ билан кенг кўламли интеграцияга тайёрми? Ҳукумат парламентга ҳисобот берди

Ўзбекистонда ҳали ривожланиб улгурмаган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш сегментлари ЕОИИнинг бошқа аъзо давлатлари корхоналари томонидан эгаллаб олиниши хавфи сақланиб қолади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз ЕОИИ билан кенг кўламли интеграцияга тайёр эмас.

Бу ҳақда 16 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида видеоконференц алоқа шаклида ташкил этилган парламент эшитувида сўз борди. Унда Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан интеграциялашувининг ташқи савдо, божхона-тариф тизимини тартибга солиш, бюджет, банк ва молия соҳаси, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари ривожланиши борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида бир қатор вазирликларнинг ахбороти тингланди.

Парламент эшитувида масофавий тарзда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодиёт ва саноат вазири Жамшид Қўчқоров ўз ахборотида ЕОИИ билан ҳамкорлик барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаши, пировард натижада мавжуд иқтисодий ва ижтимоий номутаносибликларни бартараф этишга хизмат қилиши, бундан ташқари, ушбу ҳамкорлик мамлакатимизда барча соҳаларда ривожланиш жараёнларини жадаллаштириш ва глобаллашув талабларига тезроқ мослашиш имконини яратишини қайд этиб ўтди.

“ЕОИИ билан интеграциянинг миллий иқтисодиётга, жумладан, ялпи ички маҳсулотга тўғридан-тўғри таъсири бўйича баҳолаш ишлари олиб борилган. Мазкур ҳисоб-китоблар иқтисодиёт тармоқларидаги устунлик ва хавфларни, яъни “йўқотиш” ва “ютуқлар”ни инобатга олган ҳолда баҳоланган. Бунда, товарлар ва хизматлар ташқи савдоси, хорижий инвестициялар, бандлик ва миграция жараёнлари, солиқ тушумлари ва аҳоли даромадлари каби йўналишларга алоҳида эътибор берилган”, дейилади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизматининг хабарида.

Эшитувда сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари томонидан айрим мулоҳазалар, саволлар ўртага ташланган. Чунончи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг қайд этишича, ЕОИИ асосий мақсадларидан бири бу — кооперацион алоқаларни ривожлантириш эвазига иттифоқ иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш. Лекин ЕОИИда кечаётган жараёнларда асосан товарлар олди-бердисидан у ёғига ўтилаётгани йўқ. Бундай вазиятда саноати суст ривожланган аъзо давлатга қўйиладиган стантдарт талабларининг юқорилиги рақобатга бардошли бўлмаган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг банкрот бўлишига олиб келиши тайин.

Ўзбекистонда ҳали ривожланиб улгурмаган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш сегментлари ЕОИИнинг бошқа аъзо давлатлари корхоналари томонидан эгаллаб олиниши хавфи ҳам сақланиб қолади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз ЕОИИ билан кенг кўламли интеграцияга тайёрми, деган ҳақли савол туғилади. Етарли даражада тайёргарлик кўришимиз учун қанча вақт керак, қандай ишларни амалга оширишимиз керак?

Берилган ахборотга кўра, ЕОИИ билан интеграция жараёнларида саноат корхоналари рақобатбардошлигини таъминлаш ишларини амалга ошириш учун зарур бўладиган муддатлар борасидаги “Йўл харитаси”га мувофиқ, саноатнинг 13 та етакчи тармоқлари бўйича муайян чора-тадбирлар амалга оширилиши талаб этилади. Ушбу саноат тармоқларига интеграция жараёнларига тайёргарлик кўриш учун тегишли муддатлар зарур. Мисол учун, қисқа муддатли давр (2022 йилга қадар) — қора металлургия, нефть ва газ, кўмир, фармацевтика, ёғ-мой, озиқ-овқат саноати корхоналари учун, ўрта муддатли давр (2024 йилга қадар) — тўқимачилик ва тикув-трикотаж, чарм-пойабзал, электротехника, кимё, электр энергетика саноати корхоналари учун, узоқ муддатли давр эса (2028 йилга қадар) — автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари учун зарур бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши озиқ-овқат хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришда қандай ўрин тутиши масаласи хусусида ҳам қизғин фикр алмашилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида ЕОИИга қўшилиши натижасида салбий имкониятлардан кўра, ижобий имкониятлар кенгроқ.

ЕОИИ аъзо мамлакатларининг баъзилари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нетто-импортёрлари эканлигини инобатга олиб, Ўзбекистон ушбу соҳада бошқа мамлакатларга нисбатан қиёсий устунликка эга. Жумладан, сабзавотлар бўйича ЕОИИ мамлакатлари ва Ўзбекистон маҳсулотлари нархлари орасидаги фарқ 60 фоизгача, мевалар бўйича 48 фоизгача, дуккаклилар бўйича 33,3 фоизгача етади.

Шу билан бирга, ЕОИИга аъзо бўлиш Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 152 фоизга ошириш имконини беради, импорт 120 фоизга ошиши ҳисоб-китоб қилинмоқда.

Парламент эшитувида ҳамкорлик натижасида электроэнергетика соҳасида кутилаётган йўқотишлар ўрнини қоплаш учун қандай чоралар кўриш кераклигига оид яна бир қатор саволлар ўртага ташланди.

“Интеграция ахборот хавфсизлигини таъминлашда қийинчиликларга олиб келиши мумкин”

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ЕОИИ билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида қатор муаммо ва қийинчиликларни юзага келтириши, давлатлар ўртасидаги электрон ҳужжатлар алмашинувида ягона шифрлаш тизимидан фойдаланилиши ахборот хавфсизлигини таъминлашда қийинчиликларга олиб келиши мумкинлигини маълум қилди.

Қайд этилганидек, ЕОИИ шартномасига мувофиқ, барча соҳаларда ахборотлаштириш жараёнларнинг интеграциясини таъминлаш мақсадида ахборот-коммуникация технологиялари ва трансчегаравий ишонч маконидан кенг фойдаланган ҳолда ахборот алмашинувида самарали ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда ва рўёбга чиқарилмоқда. ЕОИИга аъзо давлатлар томонидан ўзаро электрон ҳужжат алмашинуви бўйича лойиҳа амалга оширилаётгани бунга яққол мисол бўла олади.

Мазкур лойиҳада Иттифоқ ва аъзо давлатлар ўртасида электрон ҳужжат алмашинуви, ўзаро хизмат хатлари алмашинувини таъминлаш бўйича ахборот-технологиялари ечимларини жорий этиш ва ишончли учинчи тараф сервислари орқали электрон рақамли имзоларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш кўзда тутилган. Унинг ижобий таъсири — мазкур интеграциялашган ахборот тизимларининг жорий этилиши электрон рақамли имзодан фойдаланадиган ҳолда давлатлараро ҳужжат алмашинуви, халқаро электрон савдо, ҳужжатларни электрон равишда тасдиқлаш ва халқаро банк операцияларини янада ривожлантириш имкониятларини кенгайтиради.

Иккинчи томондан эса республикада электрон рақамли имзога оид қонунчилик ҳужжатлари ва бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш, мавжуд электрон рақамли имзо тизимларини ЕОИИ талабларига мослаштириш маълум вақт ва маблағларни талаб этади. Ушбу йўналишларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқишда аъзо давлатларнинг ягона ёндашувидан келиб чиқиб ҳужжатлар алмашинувида ягона шифрлаш тизимидан фойдаланилиши ахборот хавфсизлигини таъминлашда қийинчиликларга олиб келиши мумкин.

Парламент эшитувида мазкур йўналишда Ўзбекистон учун яқин ва узоқ муддатдаги сиёсий таваккалга оид таҳлиллар маълум қилинди

“ЕОИИга аъзолик сиёсий ва иқтисодий характердаги салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин”

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасида яқин алоқалар ўрнатишни ёқловчи жиҳатлар билан бир қаторда, мамлакатимизнинг мазкур ташкилот аъзосига айланган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган сиёсий ва иқтисодий характердаги салбий оқибатларни чуқур таҳлил қилишни талаб этувчи омиллар ҳам мавжудлигини таъкидлаган.

Вазир тақдим этган ахборотда бугунги кунда дунёда 300 дан ортиқ интеграцион ташкилотлар фаолият кўрсатиб келаётгани, буларнинг ҳар бирида ўзига яраша қонун-қоидаларга амал қилиш асосида ҳамкорлик қилиниши, ҳозир Ўзбекистон учта интеграцион ташкилот, яъни Европа Иттифоқи, Жаҳон савдо ташкилоти ва Евросиё иттифоқи билан музокаралар олиб бораётгани айтиб ўтилган.

Энг муҳими, Ўзбекистон бу интеграцион ташкилот билан ҳамкорликда фақат иқтисодий манфаатлардан келиб чиқади ва Ўзбекистон иштирокини сиёсатлаштиришга йўл қўймайди. Бу жиҳат Ўзбекистон ташқи сиёсат концепциясида тўлиқ акс эттирилган.

Шу каби омилларни инобатга олган ҳолда, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ЕОИИ билан ҳамкорликдан келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни камайтириш мақсадида тегишли “йўл харитаси” ишлаб чиқилган.

Мавзуга оид