Жамият | 11:44 / 03.07.2020
10831
3 дақиқада ўқилади

Хайрия: эндигина навқирон ёшга кирган йигит даволанишга муҳтож

Kun.uz таҳририяти ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига ташкил этган меҳнат сафари якунида Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидан бўлган мурожаатни ҳам эътиборсиз қолдирмади. Сабаби бу мурожаат бошқаларидан тубдан фарқ қилиб, унда ижро ҳокимияти билан эмас, балки эндигина ўн гулидан бир гули очилаётган навқирон йигитнинг саломатлиги билан боғлиқ масала диққат марказида эди. 

Биз йўл-йўлакай, сўраб-сўраб, Пахтачи тумани, Дўнг маҳалласи, 84-хонадонда истиқомат қилувчи Ўрол ака оиласига етиб келдик. 

Ҳол-аҳвол сўрагач, 2006 йил май ойида дунёга келган Эшниёзов Авазбекнинг онаси Нуримова Ойдин опа билан сўзлашамиз. 

“Янги туғилган чақалоқ вақтида 2 ой шифохонада даволанганмиз. Яқинда, Самарқанд болалар шифохонасида ётиб даволаниб чиқдик. Шифокорларнинг айтишича, ўша вақтда даволанган хасталик асорати бўлиши ҳам мумкин. Авазбек ё йиқилганида ёки туғилганидаги нотўғри муолажа оқибатида чап оёғининг сон суяги тосга нотўғри жойлашган. Оқибатда у йиллар давомида емирилиб келган”, - дейди Ойдин опа. 

Гапнинг қисқаси, бола соғлом, айни кучга тўлиб бораётган норғул йигит, аммо маблағ йўқлиги боис, ота-она уни мутахассисларга кўрсата олмаяпти. Ота устачилик билан шуғулланса-да, карантин даврида ёлланма иш топишнинг ўзи бир муаммо бўлганидан даволатишга имкон топа олмаяпти. Онда-сонда чиқиб турган устачилик учун иш ҳақи оиладан ортмайди, болам тезроқ оёққа туриб, ўйнаб-кулиб юрса”, - дея ёзғиради онаизор. 

Азиз ватандошлар! Карантин чоғида кўпчиликка осон бўлмаяпти. Аммо, орамизда дуоси қабуллар бор, шу навқирон ёш йигит ҳақига дуо қилсалар, Аллоҳ комил шифо берса, моддий имконияти етадиган, хайр-саховатни ҳаётининг шиорига айлантирганлар бор, улар маблағдан қарашиб юборсалар, Яратганнинг инояти билан бу йигит ҳам ватанимиз равнақига ҳисса қўшадиган ватандошларимиз сафига қўшилса! Ўйлаймизки, бизнинг ушбу хайрия акциямизга кўпчилик “лаббай” деб жавоб қайтаради. 

Саховатпеша ватандошлар, келинг, фарзандини даволатиш учун маблағга муҳтож бўлиб қолган оилага ёрдам қўлини чўзайлик! Аллоҳ қилаётган хайрли ишларингизни охиратга захира қилсин, бу дунёда ҳам мол-мулкингизни кўпайтириб берсин! 

+99897891 2077 Ўрол ака (отаси)

Банк карточкаси: 8600 0417 2108 9556 (Агробанк) 
Нуримова Ойдин (онаси) номида

Ҳисоб рақам:  2261 8000 4646 5380 8500

МФО:  00297

Мавзуга оид