Жаҳон | 01:20 / 10.07.2020
7866
2 дақиқада ўқилади

Бразилиялик журналистлар улар олдида ниқобини ечган президентни судга беришди 

Бразилия журналистлари уюшмаси мамлакат президенти Жаир Болсонару коронавирусга чалинганини эълон қилгандан кейин матбуот вакиллари олдида ниқобини ечгани учун унинг устидан олий судга шикоят қилди.

Фото: Youtube /AFP

Журналистлар шикоят аризасида президентни камида иккита жиноятни содир этишда айблашган: бошқа инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириш ва юқумли касаллик тарқалиши олдини ололмаслик. Уюшма ўз шикоятида жиноий иш бўйича тергов олиб боришга асос бор-йўқлиги бўйича бош прокурор девонхонаси қарор чиқариши учун уни девонхонага топширишни сўраган.

Коронавирусни рад этиб келган Болсонару ўзида коронавирус аломатларини сеза бошлагач унга таҳлил топширган ва таҳлил натижаси мусбат чиққанини эълон қилган. Президент бу ҳақида маълум қилиш учун журналистлар олдига шахсан ўзи чиққан. Матбуот вакиллари билан суҳбат вақтида президентнинг юзида дастлаб ниқоб бўлган, бироқ у ўзини яхши ҳис қилаётганини кўрсатиш учун орқага икки қадам ташлаб юзидаги ниқобини ечган.    

Айни вақтда Бразилия коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони бўйича дунёда АҚШдан кейин 2-ўринни эгалламоқда. Мамлакатда вирусга чалинганлар сони 1,7 млндан, унинг қурбонлари сони 68 мингдан ошиб кетган.

 

Мавзуга оид