Жамият | 10:00 / 14.07.2020
14856
5 дақиқада ўқилади

Сариосиё деҳқон бозори бошқаруви можароси: туман ҳокимлиги нега суд қарорларини бажармаяпти?

Сариосиё тумани марказидаги озиқ-овқат, яъни деҳқон бозори таъсисчиларидан таҳририятимизга мурожаат келиб тушди. Улар туман ҳокимлиги суд қарорларини бажармаётганидан норозилик билдиришди.

МЧЖ шаклидаги туман деҳқон (озиқ-овқат) бозори улушининг 49 фоизи 2009 йилдан буён бир оила вакиллари бўлган уч кишига тегишли: Сайдулла Жабборовга — 20 фоиз, Саидовага — 15 фоиз, Маҳкамовага — 14 фоиз, жами — 49 фоиз. 51 фоизига эса Сариосиё туман ҳокимлиги эгалик қилади. Туман ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари бозор кузатув кенгаши раиси ҳисобланади.

Таъсисчилар ўзлари дуч келган муаммони ҳикоя қилиб беришди. Сайдулла Жабборов кўп йиллар бозорга раислик қилиб келган. Айни пайтда унинг раҳбарлик қилишига туман ҳокимлиги томонидан тўсқинлик қилинмоқда. Уларнинг кузатув кенгаши йиғилишида иштирокисиз ва розилигисиз Комил Исоев бозор бошқаруви раислигига тайинланган. Улар бу борада судга даъво аризаси билан мурожаат қилишган ва суд уларнинг даъвосини қаноатлантирган. Суд қарори эса туман ҳокимлиги томонидан ижро этилмаяпти.

Бу орада туман ҳокимлиги деҳқон бозори устав жамғармасига қўшимча ер майдони қўшиб бериши йўли билан таъсисчиларнинг улушини 18 фоизгача пасайтирган. Ҳолбуки улар қўшган 16 сотих ер аввалдан деҳқон бозорига қарашли мол бозори фойдаланувида бўлган. Туман ҳокимлигининг бу қарори ҳам Қизириқ туман маъмурий суд қарори билан бекор қилинган. Бозор маъмурияти иккинчи инстанцияга апелляция тартибида шикоят киритган, бироқ шикоят аризаси Сурхондарё вилоят маъмурий судининг апелляция инстанцияси томонидан қаноатлантирилмасдан, Қизириқ туман маъмурий суди қарори ўз кучида қолдирилган. Яъни, таъсисчиларнинг 18 фоизгача пасайтирилган улуши яна 49 фоизга айланган.

Сайдулла Жабборов бозордаги фойда келтириб турган дўконлар бошқарув раиси Комил Исоев топшириғи билан асоссиз бузиб ташланиб, бозорнинг даромад кўришига салбий таъсир ўтказганини айтиб ўтди.

С.Жабборов ва қариндошлари таъсисчиларнинг умумий йиғилиши МЧЖ уставига зид равишда ўтказилгани юзасидан иқтисодий судга мурожаат қилган. Ҳал қилув қарорига кўра, Комилжон Исоевнинг бозор бошқаруви раисига сайлаш тўғрисидаги 6-банди ҳақиқий эмас, деб топилган.

Бозор таъсисчилари бозор маъмурияти томонидан судга даъво аризалари киритишда МЧЖ ҳисобидан тўлов қилишаётгани, бу билан уларнинг ҳам улушлари ҳисобидан ўзига қарши маблағ ишлатишаётганини айтиб ўтишди.

Суд қарорлари Жабборов ва бошқа таъсисчилар фойдасига қарор чиқарган. Бироқ ҳамон бозор бошқаруви раислиги масаласи очиқ қолмоқда.

Биз бу борада Сариосиё туман ҳокимлиги бош юрист консулти Маъруфжон Шомуродовдан тушунтириш олдик. У ҳаттоки Қашқадарёда бўлиб ўтган иккинчи инстанция суди қароридан ҳам бехабар экан. У суд қарори келиб тушгач, шунга қараб иш кўришини таъкидлаб ўтди.

Деҳқон бозори юристи Хайрулла Салимов эса масалага ўз нуқтайи назарини билдирди.

Бозор юристи ўз сўзида С.Жабборовдан ҳеч қандай ҳужжатлар яширилмаганини, у барча ҳужжатлар қаерда сақланишини билиши, талаб қилиб олиши мумкин бўлганини айтяпти. Лекин таъсисчи, ҳужжатлар унга берилмагани, шу сабабли уни адвокат орқали туман ҳокимлигидан талаб қилиб олганини айтади.

Аввал ҳам бозорда раислик қилган Сайдулла Жабборов ўзи ва қариндошларининг 49 фоиз улуши билан бозор бошқаруви раислигига ўтирмоқчи, шу бозорни обод қилмоқчи. Бозорнинг давлат улуши бўлган 51 фоизи сотувга қўйилган тақдирда уни ҳам сотиб олиб, бозор ҳудудида янгича экобозор қурмоқчи. Бу борада лойиҳалар ҳам қилинган.

Бироқ, умумий овозлар сонининг камида учдан икки қисми (66,6 фоизи) талаб қилингани ҳолда, уларнинг қарши овозини инобатга олмасдан, бозорга ҳокимлик ўзига маъқул номзоднинг тайинланиши мавжуд низомга зидлигини таъкидлашмоқда.

Таъсисчилар туман ҳокимлиги томонидан тайинланган номзод бозорга фойда келтириш ўрнига унинг ривожланиши учун тўсиқ бўлаётганини таъкидлашдан чарчашмайди.

Бозор устав жамғармасининг назорат пакетига эга бўлиб турган Сариосиё туман ҳокимлиги бу чигал масалага жиддий эътибор бериб, барчасини муроса ва адолат йўли билан ҳал қилишларини сўрар эдик. Чунки одил суд қарорлари ҳам таъсисчилар фойдасига чиқарилмоқда. Ҳеч бўлмаса, суд қарорлари ҳурмат қилинсин.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири.
Фахриддин Ҳотамов, тасвирчи.

Мавзуга оид