Жаҳон | 09:09 / 18.07.2020
5306
2 дақиқада ўқилади

ОАВда Twitter тармоғига ким киберҳужум уюштирганига доир маълумотлар пайдо бўлди

Twitter Inc ижтимоий тармоғи бошқаруви шу ҳафта амалга оширилган киберхуруж оқибатида 130га яқин шахсий саҳифа бузилганини маълум қилди. Аввал хабар берилганидек, ушбу саҳифаларнинг барчаси энг машҳур компаниялар ва таниқли инсонларга тегишлидир. 

Фото: Reuters

Хакерлар Twitter тармоғининг ички тизимларига кириб, АҚШ президентлигига номзод Жо Байден, ТВ юлдузи Ким Кардашян, собиқ президент Барак Обама, миллиардерлар Илон Маск ва Билл Гейтс ва ҳакозоларнинг саҳифаларига кириш имконига эга бўлишганди. Улар мазкур саҳифаларда кўрсатилган ҳисобга биткоин ўтказган кишига ярим соат ичида икки баравар қилиб қайтарилишига доир хабар жойлашганди. 

Айни чоғда, айрим ОАВ ўз суриштирувлари чоғида Twitter саҳифаларини бузиш ортида кимлар турганлигини аниқлашга муваффақ бўлган

АҚШ ва Буюк Британияда истиқомат қилиб келувчи ёшлар айни ишни амалга оширган бўлиши мумкин. Улар ўзаро Discord мессенжерида мулоқот қилишган, уларнинг гуруҳини Kirk лақабли хакер бошқарган. У Twitter ижтимоий тармоғида ишлашини таъкидлаб, фойдаланувчилар саҳифаларига кира олишини билдирган, деб ёзмоқда The New York Times. Нашр бузишда иштирок этган хакерларга таянган ҳолда уларнинг мессенжердаги ёзишмаларининг скриншотларини эълон қилган.

NYT газетасининг ёзишича, нашр ушбу хакерлик хуружининг 4 нафар иштирокчиси билан боғланишга муваффақ бўлган. Улар орасида lol ва ever so anxious лақабли фойдаланувчилар ҳам бор. 

Шундай қилиб, воқеа иштирокчиларига кўра, барча режа марказида Kirk турган ва айнан у махсус ҳисоб рақамга ўтказилган биткоинларни ҳамёндан чиқариб олган. Фойдаланувчи lol эса, Kirk ўзининг Twitter компаниясида ишлашини таъкидлаган ёзишма суратини ҳам тақдим этган. 

Таъкидланишича, фойдаланувчи Kirk ушбу хуружга қадар хакерлар доирасида маълум бўлмаган. Унинг Discord мессенжеридаги саҳифасида 7 июлдагина очилган. У билан ишлаган бошқа хакерлар ҳам унинг кимлигини аниқлай олмаган. 

Мавзуга оид