Туркия Ўзбекистонга тиббий анжомлардан иборат навбатдаги мурувват ёрдамини юборди
31 июль, Қурбон ҳайити куни эрта тонгда И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига Туркиянинг мурувват ёрдами ортилган самолёти қўнди.
Унда Ўзбекистон тиббиёт ходимлари қўллаши учун махсус ҳимояловчи тиббиёт воситалари, ниқоблар ва бошқа анжомлар, шунингдек, дори-дармонлар ҳам бор, деб хабар қилмоқда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ахборот хизмати.
50 000та N-95 ниқоби, 200 000 жарроҳлик ниқоби, 40 000 дона комбинезон, 5 000 дона юзни тўлиқ тўсувчи ниқоб ва Covid-19ни даволашда қўлланиладиган дори воситаларидан иборат қарийб 12,5 тонна инсонпарварлик ёрдамини Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Туркия элчихонаси вакиллари кутиб олган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мурувват ёрдами учун Туркия ва турк халқига миннатдорлик изҳор қилган.
Қайд этиш жоиз, Туркия Ўзбекистонга шу йил май ойида ҳам инсонпарварлик ёрдами жўнатган эди. Унда 50 дона сунъий нафас олдириш жиҳозлари юборилганди.
Таъкидлаш ўринлики, Kun.uz ихтиёрига келиб тушган инсонпарварлик ёрдами рўйхатида ҳозирча баҳсли бўлиб турган гидроксихлорохин таблеткалари ҳам бор. Ушбу доридан 10 минг дона келтирилгани, жами оғирлиги 225 кг.ни ташкил этганини кўриш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, гидроксихлорохин Ўзбекистонда коронавирусдан уйда даволанаётган беморларга бепул тарқатиладиган дорилар тўпламига қўшилган. Аммо таъкидлаш жоиз, препарат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг коронавирусни даволаш бўйича амалдаги протоколидан чиқарилган. Дорининг COVID-19 терапиясидаги самараси кенг миқёсдаги клиник тадқиқотларда исботланмаган.
Маълумот учун, ўтган ҳафта Ўзбекистонга туркиялик мутахассислар гуруҳи коронавирусга қарши курашда маслаҳатчи сифатида келган эди.
Мавзуга оид
11:14 / 04.07.2024
Ўзбекистон Қирғизистоннинг селдан зарар кўрган ҳудудига инсонпарварлик ёрдами юборди
20:50 / 02.04.2024
Ғазода ғарблик кўнгиллилар Исроил авиазарбаси қурбонига айланди. ЦАҲАЛ «фожиали ҳодиса»ни текширмоқда
09:04 / 17.03.2024
Ғазога денгиз орқали инсонпарварлик ёрдамининг илк партияси етказилди
16:29 / 19.10.2023