Ўзбекистон | 23:58 / 02.10.2020
74993
7 дақиқада ўқилади

«Ўзавтомоторс» иши бўйича суд бошланди. Даъвогар ишни ёпиқ судда кўришни сўраяпти

2 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий судида «Ўзавтомоторс» АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланди. Бу ҳақда суд мажлисида иштирок этган Kun.uz мухбири хабар берди.

Қўмита махсус комиссияси шу йил 19 август куни «Ўзавтомоторс» АЖ фаолиятига оид қарор қабул қилганди. Айни пайтда унинг ижроси мажбурий бўлиб, иккинчи томон қарордан норози бўлган тақдирда, судга шикоят киритиш ҳуқуқига эга. «Ўзавтомоторс» эса ушбу ҳуқуқдан фойдаланиб, судга шикоят аризасини киритган. 

«Ўзавтомоторс» қонун бузганми?

Ушбу компания ҳукуматнинг тегишли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг позициясига кўра, қонунан монопол бўлган «Ўзавтомоторс» нархларни шакллантириш жараёнида қонун ва тегишли қонун бандларига амал қилиши лозим, компания ўз-ўзидан нархни белгилаши ноқонуний ҳисобланади. Монопол ташкилот хўжалик субъектлари томонидан нархни белгилаш тартиби бузилганда, ваколатли давлат органи буни текширишга ҳақли. Махсус комиссия қарори эса ана шундай текширувлардан биридан сўнг қабул қилинган.

2 октябрь куни бошланган ушбу маъмурий иш судья Ғ.Давлатов раислигида, Тошкент шаҳар прокурори катта ёрдамчиси Бабаян ҳамда томонларнинг иштирокида кўрилмоқда.

Очиқни судни «ёпмоқчи» бўлган даъвогарнинг илтимосномаси

Дастлаб, суд мажлисида тарафларнинг шахси аниқланиб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилди. Шунингдек, аризачи - «Ўзавтомоторс» вакили томонидан судга суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома киритди.

«Маъмурий ишларни юритиш тўғрисидаги кодекснинг 13-моддасига («суд муҳокамасининг ошкоралиги») биноан, мазкур ишни ёпиқ суд тартибида кўриб чиқишингизни сўраймиз», деди аризачи.

«Ўзавтомоторс» позициясига кўра, махсус комиссия қарори асоссиз чиқарилганини исботлаб бериш учун турли даражадаги махфий ҳужжатлардан маълумот келтириш керак, шунингдек, хизмат доирасида фойдаланиш учун чиқарилган ҳужжатлар муҳокама этилиши шарт. Бундан ташқари, масала марказида автомобиль нархи ва компаниянинг тижорий ишлари турар экан, буларнинг барчаси тижорат сири ҳисобланади. Шу каби важлар билан судда жамоатчилик иштирок этиши, унда аудио-видео фиксация ишлатилишини тақиқлаш сўралди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси юристи Шерзод Шодмонқуловнинг фикрича, махсус комиссия қарори очиқ мажлисда қабул қилинган ва унда махфий ҳужжатлар ҳақида сўз юритилмаган. Айни пайтда суд ишининг асосий объекти махсус комиссия қарори экан, суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказишга ҳожат йўқ, деб ҳисоблайди у. 

Прокурор Бабаян эса суд мажлисида махфий ҳужжатлар номи тилга олингани билан, ундаги маълумот ҳозирча муҳокама этилмаётгани туфайли ушбу илтимосномани очиқ қолдиришни, кейинчалик махфий ҳужжатлар муҳокамага чиққанда ишни қисман ёпиқ кўриб чиқиш таклифини билдирди. 

Мазкур илтимоснома юзасидан тарафлар фикри сўралганидан сўнг, суд ўз ўрнида ажрим қилиб, мазкур илтимоснома ишни кўриш жараёнида тарафлар томонидан давлат сири билан боғлиқ махфийлаштирилиши лозим бўлган ҳужжатлар суд муҳокамасида кўрилиши учун тақдим этилганидан сўнггина муҳокама қилиниши учун очиқ қолдирилди ва суд ишни мазмунан кўриб чиқишни бошлади.

«Илк сўзни жавобгарга берайлик». Даъвогар суд тартибини ўзгартиришни таклиф қилди

Суд ишида даъвогар бўлмиш «Ўзавтомоторс» вакиллари илк сўзни қўмита вакилларига беришни таклиф этди. Вакил уларнинг сўзларидан келиб чиқиб, ҳимоя позицияси билан савол ва эътирозларини билдиришни айтди. Аммо қарордан норози бўлган томон судда ўз важларини биринчи келтириши зарурлигини айтган прокурор ва жавобгарнинг муносабатидан сўнг, компания вакиллари сўз бошлади. 

«Ўзавтомоторс» АЖ вакили жавобгар — Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўтказилган текшириш жараёнида Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сонли қарори нотўғри татбиқ этилганини айтиб сўз бошлади. У «Ўзавтомоторс» АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган товарларга нархлар шакллантирилишида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сонли қарори татбиқ этилиши лозимлигини билдирди. Судда жамият томонидан ишлаб чиқариладиган товарларнинг нархини келишиш жамиятнинг Кузатув кенгаши ваколатига кириши тўғрисидаги важлар билдириб ўтилди. 

Шунингдек, аризачи вакили томонидан Монополияга қарши курашиш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан «Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 18-банди талаблари бузилган ҳолда қарор қабул қилингани, чунки Махсус комиссия йиғилишини ўтказишни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимоснома киритилган бўлсада, «Ўзавтомоторс» АЖга ёзма фикр ва далилларни тақдим этиш ҳуқуқи чекланганини билдирди.

Жавобгар томон вакили мазкур важларга қўшилмаслигини билдирди. Негаки, Монополияга қарши курашиш қўмитаси юритувидаги алоҳида реестрга киритилган «Ўзавтомоторс» компанияси товар ва хизматлар учун нархни мустақил белгиласа-да, ҳукуматнинг тегишли қарори билан нарх шакллантиришда риоя этилиши зарур бўлган тартибга бўйсунмаган. 

Шунингдек, компания вакиллари махсус комиссия ишни кўриб чиқиши давомида узрсиз сабаблар билан ёхуд қасддан комиссия мажлисида иштирок этмаган. Масалан, 19 август куни соат 11:00да комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ўтказилишидан хабардор бўла туриб, уни қолдириш ҳақидаги илтимоснома соат 11:00дан кейин юборилган. Шу туфайли, комиссиянинг сўнгги йиғилиши компания вакиллари иштирокисиз ҳам давом этган.

Судья ишни батафсил ўрганиш, қўшимча ҳужжатлар билан танишиб чиқиш учун суд мажлисида 2020 йил 9 октябрь куни соат 11:00га қадар танаффус эълон қилди.

Алишер Рўзиохунов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Асад Алланазаров

Мавзуга оид