Ўзбекистон | 17:53 / 07.12.2020
10300
2 дақиқада ўқилади

Пандемия туфайли Ўзбекистонда 1 миллиондан зиёд бола камбағаллашиши мумкин – ЮНИСЕФ

Пандемия оқибатида мамлакатда 900 мингдан кўпроқ одам камбағаллик ёқасида турибди.

Фото: REUTERS/Ina Fassbender

ЮНИСЕФ Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига коронавирус пандемиясининг таъсири бўйича таҳлилларини маълум қилди. Унга кўра, пандемия оқибатида мамлакатда 300 мингдан 1,2 млн нафаргача бола камбағалликка тушиб қолиши мумкин, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Парламент аъзолари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган «Замонавий дунё муаммоларига қарши тура оладиган ижтимоий ҳимоя тизими» давра суҳбатида билдирилишича, пандемия даврида камбағаллик даражасининг ошиши, 900 мингдан зиёд киши камбағаллик ёқасига келиб қолиши қайд этилди.

«Пандемия оқибатида мамлакатда ишсизлик кўрсаткичи ўтган йилнинг август ойидаги 9,1 фоиздан 13,2 фоизга ошди. Миграциянинг қисқариши ҳисобига пул ўтказмалари ҳажми 20–25 фоизга камайган.

Шу билан бирга, иқтисодий ўсишнинг секинлашиши оқибатида ижтимоий ҳимоя учун маблағ ажратиш ҳажми қисқариши мумкин.

Норасмий секторда банд бўлган аҳолининг 60 фоизида даромаднинг пасайиши кузатилган. Кам даромадли оилаларнинг қарийб 40 фоизи учун болалар нафақаси ягона даромад манбайи бўлиб қолган», – деди ЮНИСЕФнинг ижтимоий сиёсат бўйича дастури раҳбари Тинатин Баум.

Мавзуга оид