Ўзбекистон | 12:29 / 11.12.2020
5216
5 дақиқада ўқилади

Ҳазорасп тумани ҳокимлиги мақолага муносабат билдирди. Аммо асосий савол жавобсиз қолган

Туман ҳокимлиги мақолада кўтарилган асосий масала - собиқ ҳоким Равшан Жаббаров томонидан имзоланган, бир хил сана ва рақамга эга, аммо мазмунан турлича бўлган қарорлар қаердан келди, деган саволни жавобсиз қолдирмоқда.

Ҳазорасп тумани ҳокимлиги «Энди кимга шикоят қилишим керак?» — ҳазорасплик фермернинг ери қалбаки ҳужжат билан қайтариб олинган бўлиши мумкин» мақоласига муносабат билдирди. Аммо асосий саволни жавобсиз қолдирди.

Хоразм вилояти, Ҳазорасп тумани ҳокимлиги «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги ерларининг суд қарорига кўра, давлат захирасига қайтарилгани, бунда ҳокимлик томонидан судга қалбаки ҳужжат тақдим қилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги мақолага муносабат билдирди.

«Ҳазорасп туманидаги «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалигининг ер майдонлари 2020 йил 7 июль кунги Боғот туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига асосан, туман захира ер фонди ҳисобига қайтарилган.

Фермер хўжалиги томонидан Боғот туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, Хоразм вилояти иқтисодий судига аппелляция шикояти берилган. Бунга асосан Хоразм вилояти иқтисодий суди 2020 йил 25 август куни шикоятни кўриб чиқиб, Боғот туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдирган.

Ундан кейин ҳар иккала суд ҳал қилув қарорларидан норози бўлган «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги Ўзбекистон Олий судига назорат тартибида шикоят қилган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди 2020 йил 13 октябрь куни «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалигининг назорат тартибидаги шикоятини судлов ҳайъатига ўтказишни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарган.

Судга тақдим қилинган барча ҳужжатларга ҳар учала суд босқичи ҳуқуқий баҳо берганлигини маълум қиламиз», - дейилади баёнотда.

Аввало сайтимизда эълон қилинган мақолага тезкор муносабат билдиргани учун Ҳазорасп тумани ҳокимлигига миннатдорчилик изҳор қиламиз. Бу Хоразм вилоятининг бошқа туманлари ҳокимликларига ҳам ўрнак бўлишига умид қиламиз.

Муносабатда «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги иши Боғот туманлараро иқтисодий суди ва Хоразм вилояти иқтисодий судида кўриб чиқилгани, Олий суд эса назорат тартибидаги шикоятни судлов ҳайъатига ўтказишни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқаргани келтирилган. Аммо бу шундоқ ҳам бизга ва ўқувчиларимизга маълум эди. Мақоламизда бу ҳақда маълумот берганмиз.

Биз Ҳазорасп тумани ҳокимлигидан мақоланинг «мағзини» ташкил қилувчи асосий саволларга жавоб кутган эдик.

Биринчидан, биз Ҳазорасп тумани ҳокимлиги томонидан судга бир хил сана ва рақамга эга, аммо 2 хил мазмундаги қарор тақдим қилинганини ёздик. Улардан бирининг қалбаки бўлиши мумкинлиги ҳақида тахмин қилдик. Чунки, бир хил сана ва рақамга эга, аммо ҳар хил мазмунга эга қарор чиқарилиши мумкин эмас.

Иккинчидан, Ҳазорасп тумани ҳокимлиги «Судга тақдим қилинган барча ҳужжатларга ҳар учала суд босқичи ҳуқуқий баҳо берганлигини маълум қиламиз», деб баёнот бермоқда. Аммо бу ҳақда Ҳазорасп тумани ҳокимлиги эмас, балки судлар, шу жумладан, Олий суд маълумот бериши керак. Суд қарорлари ва ажримида Ҳазорасп тумани ҳокимлигининг 2та «шубҳали» қарори ҳақида бирор жумла йўқ. Яъни айнан шу ҳужжатларга бирор судда ҳуқуқий баҳо берилмаган.

«Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги раҳбарининг судларда сарсон бўлиши, нима учун ердан маҳрум қилиниши ҳақидаги масалани бир четга суриб турайлик. Биз Ҳазорасп тумани ҳокимлигига бериладиган саволларимизни конкретлаштиришимиз мумкин, улар атиги 2та.

Биринчи савол: ҳокимлик томонидан бир хил сана ва рақамга эга, аммо мазмунан турлича бўлган қарорлар қабул қилиниши мумкинми?

Иккинчи савол: собиқ ҳоким Равшан Жаббаров томонидан имзоланган, бир хил сана ва рақамга эга, аммо мазмунан турлича бўлган қарорлар қаердан келди?

Умумлаштирадиган бўлсак, сўнгги пайтларда давлат идоралари, ташкилотлари томонидан матбуотда эълон қилинган танқидларга муносабат билдиришда масаланинг асл моҳиятидан четга қочишга бўлган уринишлар кўпайди. Яъни, «мақолага муносабат билдирдикми, билдирдик,  ўз вазифамизни бажардик» қабилида расмиятчилик учун иш тутилмоқда. Умид қиламизки, Ҳазорасп тумани ҳокимлиги қўйилган аниқ саволларимизга аниқ жавоб йўллайди.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид