«Миллий тикланиш» партияси ҳимоя қилган ватандош Россия қамоқхонасидан чиқди
Ўзбекистонлик 21 ёшли Маъруфжон Шакаров қамоқдан озод бўлди. У ҳибсхонада сақланаётган даврда очлик эълон қилиб, жамоатчилик эътиборини тортганди.
Москванинг «Матросская тишина» қамоқхонасида сақланган Ўзбекистон фуқароси, 1996 йилда туғилган Маъруфжон Шакаров озодликка чиққан. Бу ҳақда «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров партиянинг йиллик ҳисоботида маълумот берди.
2017 йил 13 декабрда Маъруфжон Шакаров Москванинг Преображенский туман суди томонидан сотиш мақсадида йирик миқдордаги гиёҳвандлик моддаларини ўғирлаш ва сақлаш айби бўйича 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди.
14 июн куни жиноят ишлари бўйича Москва шаҳар суди Суд коллегияси апелляцион қарори билан Маъруфжон Шакаровнинг ҳаракатлари йирик миқдордаги гиёҳвандлик моддаларини сотиш мақсадисиз сақлаш этиб қайта малакаланганди. Шунингдек, 10 йил озодликдан маҳрум этиш жазо чораси 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этишга ўзгартирилган. Шакаров суд қароридан норози бўлиб, оқлов талаби билан бир ойга яқин очлик тутган. Шундан сўнг, журналистлар орқали кенг жамоатчилик аралашган. Хусусан, Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходимлари ҳамда партия вакиллари Шакаровнинг ҳолидан хабар олиш учун Москвага ҳам боришган.
«Президентимиз воқеа маълум бўлишидан сал аввал айтгандики, «дунёнинг қайси бурчагида бўлса-да, ўзбекнинг танасига кирган зирапчани ўз фарзандимиз баданига киргандай қабул қилолмасак, демак, миллат ҳақида қайғу йўқ». Мана шундан кейин тўлқинланганман. Учувчилик касбини ўрганиш учун Россияга бориб, гиёҳванд моддалар билан «қўлга тушган» Маъруфжоннинг қамалгани менга ёмон таъсир қилган», — дейди Алишер Қодиров.
Депутатнинг айтишича, кейинги ўтказилган суд жараёнларида Маъруфжонга катта туҳмат бўлгани ўз исботини топди.
«Партия вакиллари Маъруфжон билан қамоқхонада учрашиш учун борганда, кўплаб ўзбекистонликлар туҳмат билан «ўтирганига» гувоҳ бўлишган. Масалан, сурхондарёлик йигит қўшни камерада ўтиргани, қайсидир бир жанжалга томошабин бўлганликда айблаб, судсиз қамаб қўйишганини айтиб берганидан хабарим бор. У бир йилдан бери ётганди. Битта ўша қамоқхонада 34 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган», — дея қўшимча қилди Қодиров.
Дастлаб, 10 йилга қамалган Маъруфжон Шакаров суд қарори билан 3 йилдан сўнг, озодликка чиқарилди. У қамоқхонада бўлган даврида университетда ўқиш имкониятидан фойдаланиб, масофавий таълим олган.
Шакаровнинг онаси ўғлини тез орада Ўзбекистонга қайтишини маълум қилди.
Мавзуга оид
18:21 / 11.11.2024
Алишер Қодиров ЛГБТ тарғиботини тақиқловчи қонун ишлаб чиқилишини маълум қилди
15:34 / 20.10.2024
Россиялик депутат Ўзбекистон фуқароларига виза режимини жорий этишга чақирди. Жамоатчилик бунга жавоб қайтарди
16:23 / 29.08.2024
“Болалар 7-синфдан кейин қобилиятидан келиб чиқиб ўқитилиши керак” – Алишер Қодиров
10:59 / 12.07.2024