Навальний Россияга қайтди. Унинг самолёти йўналишни ўзгартириб, бошқа аэропортга қўнди
Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний узоқ муддатли даволанишдан кейин Россияга қайтди.
Навальнийни Берлиндаги аэропортда тарафдорлари ва журналистлар кутиб турганди, бироқ Берлин полицияси хавфсизлик учун уни аэропортга киритмай, махсус машинада тўғри самолёт олдигача кузатиб қўйди. Самолёт ичида ҳам кўплаб одамлар, хусусан, журналистлар Навальнийни кутиб туришганди. У самолётнинг ўзида интервью беришга улгурди ва жуда кўп савол бериб юборишгани сабаб бир неча марта ўз жойига ўтиришни илтимос қилди.
Сиёсатчи Москвада уни қўлга олишларидан қўрқмаслигини, бунинг учун ҳеч қандай асос йўқлигини айтди. У Берлиндан чартер ёки махсус самолётда эмас, оддий йўловчи рейсда қайтди. Шу сабабли самолётда бўлганлар у ва рафиқаси Юлиянинг суратларини саҳифаларига жойлашди.
Самолётнинг қўниши алоҳида мавзу бўлди. Дастлаб самолёт қўниши режалаштирилган «Внуково» халқаро аэропорти твиттердаги саҳифасида қизиқарли муҳокамаларга қўшилиб қолди. Хусусан, фойдаланувчилардан бирига жавоб берар экан аэропорт расмий аккаунтида шундай пост пайдо бўлди: «Биз Берлиндан самолётларни 1941 йилда ҳам муносиб кутиб олганмиз, бугун ҳам шундай бўлади». Яъни аэропорт Навальнийнинг келишини Иккинчи жаҳон урушидаги фашистлар самолётлари келишига ўхшатди.
Самолёт ҳавода ҳам бир қатор муаммоларга дуч келди. Аввалига у Москвадан бошқа томонга уча бошлади ва бу вақтда «Внуково» аэропорти самолётларни қабул қилиш учун ёпиқлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Кейинчалик самолёт яна Москва томонга бурилди, лекин «Шереметьево» аэропортига қўнгани маълум бўлди.
Бу вақтда ичида Навальний ичида бўлган самолётни қабул қилиши керак бўлган «Внуково» аэропортида Навальнийни қўллаб-қувватлаш учун чиққан тарафдорларини қўлга олиш давом этаётганди. Милиционерлар ва ОМОН зобитлари келганларни қўлга олиб, терминал олдини «тозалаган».
Кейинчалик самолёт «Внуково» аэропорти «техник муаммолар сабаб ёпилгани учун» «Шереметьево»га йўналтирилгани айтилди. Катта эҳтимол билан «Внуково»да одамлар кутилганидан кўпроқ тўплангани учун самолёт бошқа аэропортга йўналтирилган.
Айни дамда ичида Навальний бўлган самолёт «Шереметьево»га қўнган.
- Маълумот учун, 20 август куни Томскдан Москвага учаётганда Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси Алексей Навальний самолётда ўзини ёмон ҳис қилган ва учувчилар самолётни Омск шаҳрига фавқулодда қўндирганди. Аэропортда заҳарланишга қарши укол қилингач, у омон қолганди. 22 августгача Омскда қолган сиёсатчи шу куни махсус самолёт билан Берлинга олиб кетилган ва «Шарите» клиникасида даволанганди. 7 сентябр куни Навальний ўзига келди. Шу вақтдан буён у Германия пойтахтида қолаётганди. Германиялик шифокорлар у Томскдалигида «Новичок»дан заҳарланганини маълум қилишган.
- Евроиттифоқ бир неча марта Россиядан сиёсатчининг заҳарланиши юзасидан жиноий иш қўзғатишни талаб қилди, аммо Россия ҳукумати бу талабни бажармади. Октябр ойида ЕИ Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ/ФСБ) директори ва яна беш амалдорга Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ иш туфайли санкция жорий этди.
- Декабр ойида The Insider, CNN ва Der Spiegel нашрлари сиёсатчини Федерал хавфсизлик хизматининг саккиз нафар ходимидан иборат махсус гуруҳ заҳарлагани таъкидланган текширув натижаларини эълон қилди.
- Шундан кейин Навальний текширувда номи тилга олинган шахслардан бири билан боғланиб, ўзини Хавфсизлик кенгаши раиси ёрдамчиси сифатида таништириб, ундан Навальнийнинг заҳарланиши учун ўтказилган амалиёт бўйича саволлар сўради. У эса агар Навальний самолётда узоқроқ қолганида «барчаси бошқача бўлган бўлиши» ҳақида гапирган. Россия ҳукумати заҳарланишга алоқадорлигини тан олишни истамади.
- Бу материал эълон қилиниши ортидан Тергов қўмитаси Навальнийга қарши фирибгарлик бўйича жиноий иш очди. Уни Коррупцияга қарши фонд учун йиғилган донат пуллари ҳисобига мулк сотиб олишда айблашди. Навальний бу ишни сохталаштирилган деб атамоқда ва буни ўзининг заҳарланиши билан боғлиқлигини айтмоқда.
- Январ ойида Жазоларни ижро этиш федерал хизмати Москва бошқармаси Навальний Россияда 29 декабрдан буён қидирувда эканлигини маълум қилди. Сиёсатчи (ҳукм қилинган шахс сифатида шартли муддатга белгиланган) назоратдан бўйин товлаётгани, шу сабабли 11 январдаёқ ижро этиш федерал хизмати «Ив Роше» иши бўйича Навальнийга шартли муддатни ҳақиқийсига алмаштиришни сўраб судга мурожаат қилгани маълум қилинди.
- 17 январ куни, Навальний Россияга қайтиши белгиланган санада Внуковода полициячилар ва автозаклар тўплана бошлади. Аэропорт администрацияси терминал ҳудудига чиптасиз киришни тақиқлади. Аэропортда йиғилганлар шафқатсизлик билан қўлга олина бошлади.
Мавзуга оид
21:30 / 22.03.2023
Навальний ҳамкасби Мария Певчих халқаро КҚКФ раҳбари бўлади
17:39 / 17.01.2023
«Россия — менинг мамлакатим. Мен зулмат чекинишига ишонаман». Алексей Навальнийнинг қамоқдан мактуби
23:41 / 22.12.2022
Навалний жамоаси даркнетда «махфий штаб-квартира» ишини мувофиқлаштирувчи сайт очди
21:45 / 02.10.2022