Ўзбекистон | 13:26 / 12.03.2021
10913
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева: «Сенаторлар қаерга қараяпти? Наҳотки, муаммоларни кўтариб чиқиш қийин?»

Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида парламент юқори палатаси раиси Танзила Норбоева жойлардаги депутат ва сенаторларнинг фаолияти юзасидан муносабат билдирди.

Фото: Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати

Унинг сўзларига кўра, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан бири.

«Бироқ, бу масалага ҳамма ҳам масъулият билан қарамаяпти. Президентимизнинг яқинда Фарғона ва Наманган вилоятларига ташрифлари давомида ҳудудларда тўпланиб қолган муаммоларни, маҳаллалардаги ҳолатни кўрдик. Аҳоли ўз норозилигини яширмаяпти. Албатта, ташрифлар давомида марказий ва ҳудудий ижро органлари фаолиятига тегишли баҳо берилди. Муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Аммо савол туғилади, ҳудудлардаги бундай муаммоларни наҳотки жойлардаги халқ вакиллари – депутатлар ва сенаторлар кўрмаяпти? Ахир, улар ҳам ўша ҳудудда, ўша маҳаллада яшайдилар. Одамлар уларга ишонч билдириб қўйибди. Қонун ваколат, давлат минбар бериб қўйибди. Қани жонкуярлик, қани фаоллик?!

Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар ҳудудларга бириктирилган. Улар қаерга қараяпти? Наҳотки, ҳудуддаги ҳамкасблар, фаоллар билан доимий мулоқот ўрнатиб, муаммоларни кўтариб чиқиш қийин. 

Токи, ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилиш кундалик ишимизга айланмас экан, одамларнинг эътирозлари кўпаяверади. Шу боис, ҳар биримиз ҳудудлардаги муаммоларни мунтазам ўрганиб боришимиз ва уларни ҳал қилиш бўйича аниқ таклиф ва ташаббуслар билдиришимиз шарт. Мазкур йўналишда бир кун ҳам зое кетиши мумкин эмас. Сенат қўмиталари назорат тадбирлари, эшитувлар ва сайёр қабуллар ўтказишни янада фаоллаштириши зарур.

Биз бу борада тегишли ижро ҳокимияти органлари, жумладан, ҳудуд раҳбарларини янада масъулиятли бўлишга, маҳаллий Кенгашлар ва жамоат тузилмаларини янада фаол бўлишга, ОАВ, хусусан, журналист, блогерларни ҳамкорликка чақириб қоламиз», дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Сенат ахборот хизмати.

Мавзуга оид