Ўзбекистон | 15:23 / 17.03.2021
6726
5 дақиқада ўқилади

Архитектура-шаҳарсозлик соҳасидаги мавжуд муаммолар ва ечимлар муҳокама қилинди

15 март куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан «Ўзбекистонда архитектура соҳасига оид муаммолар ва ечимлар» мавзусида жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди. Унда соҳа мутахассислари ва мутасаддилари иштирок этиб, мавзу юзасидан фикр алмашди.

«Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда турар жойлар ва ижтимоий-маиший объектлар қурилишини ривожлантириш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг замонавий архитектура қиёфасини шакллантирувчи шаҳарсозлик ҳужжатлари билан таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар тизимли амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида бир неча шаҳарлар ва шаҳар посёлкалари бош режалар билан таъминланди, қишлоқлар (овуллар) фуқаролар йиғинлари ҳудудларни архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш лойиҳаларига эга бўлди.

Шаҳарсозлик соҳасидаги ишларнинг ҳолатини тубдан такомиллаштириш мақсадида «2018-2022 йилларда аҳоли пунктларини бош режалар билан таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Мамлакатимизда архитектура-шаҳарсозлик соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, шу билан бирга йиллар давомида сақланиб қолаётган ёки янгидан юзага келаётган муаммолар йўқ эмас. Соҳа вакиллари ана шу муаммолар – кадрлар масаласи, фаолиятни лицензиялаш, шаҳарсозлик, бош режа, қурилишлар, бузилишлар ва ҳоказо масалалар юзасидан фикр алмашишди, таклифларини билдиришди.

Жумладан, бугун архитектура йўналишида таълим сифати паст экани, Самарқанд, Жиззах, Фарғона, Урганч, Намангандаги ОТМлардаги архитектура таълим йўналишларида мутахассислар етишмаслиги, айримларида умуман йўқлиги айтилди. Ушбу соҳада ўқишни тамомлаб, малакали мутахассис бўлиб етишган кадрлар хорижга чиқиб кетаётгани, мамлакатда қолганларига эса етарлича шароит ва имкониятлар, эътибор берилмаётгани, нафақат архитекторлар, балки муҳандис-конструкторлар, дизайнерлар ҳам унутилиб қўйилаётган соҳаларга айлангани қайд этилди. Умуман, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, эътиборни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Архитекторлар уюшмаси вакили, ҳозирда уюшма фаолияти қийин аҳволга тушиб қолганини, ҳатто тайинли бинога, кўргазма залига, устахонасига эга эмаслигини, архитекторлар эса ўзаро бир-бири билан мулоқотда эмаслигини афсус билан тилга олди.

Сўнгги йилларда республика шаҳарларида миллий архитектура ечимлари, элементлари камайиб бораётгани, янги лойиҳаларни архитектор эмас, дизайнер қураётгани, бу борада танловлар ўтказилмаслиги, малакали, кўп йиллик тажрибага эга мутахассисларга эса имконият берилмаётгани, қурилишларда архитектор фикри инобатга олинмаслиги, маслаҳат сўралмаслиги танқид қилинди», дейилади «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон президенти фармони билан 2025 йилгача Ўзбекистоннинг барча шаҳарлари ва шаҳар посёлкаларининг 25 фоизи бош режалари билан тасдиқланиши керак. Шу жумладан, кўп йиллардан бери муддати узайиб келинаётган Тошкент шаҳрининг бош режасини 2023 йилда қабул қилиш режалаштирилган. Мутасаддилар бу борада ишлар давом этаётганини маълум қилди.

2021 йил 1 мартда Қурилиш вазирлиги томонидан «Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат ҳокимиятининг жавобгарлигини ошириш ҳамда давлат бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, ҳудудларда давлат архитектура-шаҳарсозлик сиёсатини ягона давлат органи орқали юритиш, архитектура йўналишидаги вазифаларни самарали ва оператив ечиш ҳамда қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, соҳага салоҳиятли кадрларни жалб қилиш мақсадида Архитектура-шаҳарсозлик департаментларини, «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси» ДУК филиалларини ташкил этиш назарда тутилган. Ўзбекистон Архитекторлар уюшмаси, Қурилиш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари ушбу қарор лойиҳаси юзасидан таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Мутахассислар фикрича, ҳужжат лойиҳасида соҳадаги мавжуд асосий муаммоларга ечим изланган, жумладан, архитекторлар штатини ошириш, рағбатлантириш механизмлари, ноқонуний қурилишларни тўхтатиш масалалари кўзда тутилган. Аммо архитектура соҳасини қурилиш соҳасидан чиқариб ташлаш, тузилмаларда қурувчи ва архитектор касбларининг даражаларини нотўғри белгилаш тўғри қадам эмас.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон ёш архитекторлар ҳаракатини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. TT Design Lab архитектура бюроси асосчиси, бугунги кунда Италияда Ёш архитекторлар Академиясининг дизайнери бўлиб фаолият юритиб келаётган ватандошимиз мазкур Ҳаракатнинг мақсад ва вазифалари, зарур манбалари хусусида сўз юритди. Келгусида Ўзбекистон ёш архитекторлар ҳаракатини «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати қошида очиш ташаббуси илгари сурилди.

Жамоатчилик муҳокамаси якунида бу каби учрашувларни яна давом эттиришга, билдирилган таклиф ва мулоҳазалар умумийлаштирилиб, юқори органларга еткизилишига келишиб олинди. Йил сўнгида Архитекторлар форумини ўтказиш режалаштирилди.

Мавзуга оид