Жамият | 23:53 / 29.03.2021
28004
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда ис газидан заҳарланиб ўлган ўспиринлар қурилишда ётиб ишлаётган бўлган

Самарқанд шаҳридаги Лоҳутий кўчаси 31-уйда нохуш ҳодиса содир бўлди. Тойлоқ туманидан шаҳарга ишлаш учун келган 3 нафар ўспирин ва 1966 йил туғилган яна бир фуқаро 28 март куни ис газидан заҳарланиб, ҳалок бўлди. Ёшларнинг ҳеч бири уйланмаган ва ҳалок бўлганлардан бири 2004 йил туғилган.

Маълум бўлишича, тойлоқлик йигитлар 4 кун аввал шаҳарга ишлагани келиб, юқоридаги манзилда қурилаётган 3 қаватли уйнинг шифтини таъмирлай бошлаган. Уй эгасининг айтишича, аввалига йигитларга қатнаб ишлашни таклиф қилган, лекин улар ётиб ишласа, иш тез битишини айтиб, ётишга шароит қилиб беришни сўраган. Яна такрорлаймиз, бу уй эгасининг талқини.

Фото: Самарқанд вилоят прокуратураси
Фото: Самарқанд вилоят прокуратураси

28 март куни соат 11:00 ларда хабар олишса, 5 нафар қурувчи хонада беҳуш ётибди. Зудлик билан тез ёрдам чақиришган ва йигитлар касалхонага олиб кетилган. Улардан 4 нафари ҳалок бўлиб, бири омон қолган. Бугун, 29 март куни тўрт йигитни қабрга қўйишган.

Содир бўлган воқеа самарақандликлар орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди, забардаст йигитларнинг ўлганини эшитганлар қайғуга тушди. Ҳолат юзасидан Мақсуд Шайхзода маҳалласидаги «Анор» кафесида Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов ва вилоят прокурори Равшан Машарипов иштирокида йиғилиш ўтказилди. Вилоят прокурори эрталаб жанозада қатнашиб қайтганини, марҳумларнинг яқинлари аламзада кайфиятда эканини айтди. Шунингдек, прокурор омон қолган бир йигитнинг аҳволи яхшиланиб бораётгани, унинг кўрсатмаси жараёнда ҳал қилувчи бўлишини айтди. Прокурор йиғилишдан кейин ҳам омон қолган йигитни кўргани касалхонага кетди.

Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов ва вилоят прокурори Равшан Машарипов

Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов ҳам йиғилиш давомида сўз олиб, ҳеч кимни одамлар олдида айбламоқчи эмаслигини, лекин 4 киши ўлиб кетгач, бунга жим қараб ҳам бўлмаслигини айтди. Облоқулов шаҳарда кўплаб қурувчилар ишчиларга яхши шароит яратиб бермаганини таъкидлади.

Йиғилиш якунида Самарқанд вилоят прокурори Равшан Машарипов 4 йигит уйида ишлаб ҳалок бўлган уй эгаси Ф.Х.ни қўлга олишни, унга нисбатан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилишини буюрди. Кейинчалик маълум бўлдики, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ф.Х.га нисбатан эса маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Прокурор уй эгасини қўлга олишга топшириқ бергач, унинг яқинлари қарорга кескин қаршилик кўрсатишди. Уй эгасининг ота-онаси вилоят прокурори ва шаҳар ҳокимига ўғли йигитларнинг ўлимида айбдор эмаслигини айтиб, кескин эътироз билдирди. Равшан Машарипов эса уй эгасига нисбатан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилгани унинг хавфсизлиги учун ҳам яхши бўлганини айтди: «Жанозада кўрдим, марҳумларнинг яқинлари кўзи қонга тўлган, аламзада ҳолатда. Ким билади нима бўлишини. Бу унинг хавфсизлиги учун яхши», деди Самарқанд вилоят прокурори.

Маълумот учун, 2021 йилги давлат дастурига асосан, аҳоли хонадонларини метан, пропан ва ис газини барвақт аниқлайдиган, хабар берадиган ва газни тармоқдан клапан орқали узиб қўядиган газоанализаторлар билан таъминлашга доир президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак эди.

Лойиҳа ўз вақтида ишлаб чиқилганми-йўқми, уни амалга оширишга қачон киришилади? Масъулларимиз одамлар ҳаёти учун масъулиятни сезиб, бу масалани пайсалга солишмаса мақсадга мувофиқ бўларди.

Ўткир Жалолхонов,
Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид