Жаҳон | 15:58 / 25.04.2021
6108
3 дақиқада ўқилади

Бағдоддаги ковид госпиталидаги ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони 80дан ошди

Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида жойлашган Ибн ал-Ҳатиб шифохонасининг коронавирусга чалинган беморлар ётқизилган бўлимида рўй берган ёнғин оқибатида камида 82 киши ҳалок бўлган, яна 110 киши жабрланган.

Фото: AP Photo

Associated Press агентлиги маълумотига кўра, ёнғин 25 апрелга ўтар кечаси коронавирус беморлари учун интенсив даволаш бўлимида юзага келган. Унга кислород баллонлари сақланадиган омбордаги носозлик туфайли содир бўлган портлаш сабаб бўлган. Баъзи беморлар ёнғиндан қочиш учун деразалардан сакраган. Икки қаватли бино деярли тўлиқ ёниб кетган.

Манба маълумотига кўра, қурбонларнинг бир қисмининг ўлимига сунъий нафас олдириш аппаратларидан узиб қўйиш сабаб бўлган.

Ироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар сонини расман эълон қилмади, фақат касалхонадан 200га яқин киши қутқарилгани қайд этилган.

«Бу каби масалаларда бепарволик жиноятдир, унга йўл қўйганлар жавобгарликка тортилиши керак», деган Ироқ бош вазири Мустафр ал-Козимий.

Унинг қарорига кўра, ушбу шифохона жойлашган ар-Русафа тумани соғлиқни сақлаш бошқармаси бош директори ҳамда шифохона раҳбарияти ишдан олинган.

Ёнғиндан кейин баъзи сиёсатчилар, жамоат арбоблари ва парламент аъзолари Ироқ соғлиқни сақлаш вазири Ҳасан ал-Тамимийнинг истеъфосини талаб қилди.

Мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Ироқда мураккаб эпидемиологик вазият сақланиб қолмоқда, Covid-19га қарши вакцинация эса эндигина бошланган.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, коронавирус пандемияси даврида 1 миллиондан ортиқ ироқлик касалланган ва 15 мингдан ортиқ киши касаллик қурбони бўлган.

Мавзуга оид